Ватару Эндо жароҳат сабаб Япония терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

Ватару Эндо жароҳат сабаб Япония терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

Япония терма жамоаси сардори Ватару Эндо кутилмаган қарор қабул қилди. Ливерпул ярим ҳимоячиси сурункали жароҳати сабабли 2026-йилги Жаҳон чемпионати қайдномасидан ўрин олмаслигини ва халқаро фаолиятини бутунлай якунлашини эълон қилди. Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган турниргача тикланишга улгурмаган футболчи ўз ўрнини ёшларга бўшатиб беришга қарор қилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

33 ёшли футболчи феврал ойида Англия Премер-лигаси доирасидаги "Сандерленд"га қарши ўйинда оёғидан жиддий жароҳат олган эди. Шундан сўнг у узоқ вақт реабилитация жараёнини ўтади. Гарчи Ливерпул таркибида мавсумнинг сўнгги ўйинида захира ўриндиғига қайтган бўлса-да, терма жамоа йиғинига қўшилгач, юқори даражада ўйнашга тайёр эмаслиги маълум бўлди.

Эндо ўз баёнотида терма жамоадан кетиши оғир бўлганини, бироқ жамоанинг келажагига ишонишини таъкидлади. "Жароҳатдан сўнг сафга қайтиш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим, шунинг учун афсусда эмасман. Жаҳон чемпионатида қатнашолмаслигим аламли, лекин Қатардаги мундиалдан кейин жамоамиз қанчалик ўсганидан фахрланаман", — деди ярим ҳимоячи.

Собиқ "Штутгарт" аъзоси эндиликда Япония терма жамоасининг оддий мухлисига айланишини билдирди. У жамоадошларини қўллаб-қувватлашга ва япон халқини жамоа атрофида бирлашишга чақирди. Эндо Япония барибир кун келиб Жаҳон чемпиони бўлишига ишонишини қўшимча қилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар