Джибрил Сиссенинг ўғли Ливерпул билан илк профессионал шартномасини имзолади

Ливерпул жамоасининг собиқ ҳужумчиси ва Чемпионлар лигаси ғолиби Джибрил Сиссенинг ўғли Принс Сиссе клуб билан ўзининг илк профессионал шартномасини расмийлаштирди. 17 ёшли ҳимоячи 2025-26 йилги мавсумда кўрсатган ёрқин ўйинлари ва академиядаги муваффақиятли иштироки учун ушбу мукофотга лойиқ кўрилди. Ливерпул раҳбарияти АХА ўқув-машғулот марказида ўзини кўрсатган саккиз нафар иқтидорли ёш билан янги битим имзоланганини тасдиқлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ёш ҳимоячи ўтган мавсум давомида 18 ёшгача бўлган жамоа (У18) сафида асосий таркиб ўйинчисига айланди. У чемпионатда 19 та учрашувда майдонга тушиб, тўрт бор жамоани сардор сифатида бошлаб тушди. Шунингдек, Сиссе UEFA Ёшлар лигасида ҳам дебют қилиб, 21 ёшгача бўлган жамоа (У21) сафидаги илк ўйинидаёқ гол уришга муваффақ бўлди. Янги шартнома 2029-йилгача, яни унинг ёшидаги футболчи учун рухсат этилган максимал муддатга мўлжалланган.
Қизиғи шундаки, отаси Джибрил Сиссе Ливерпул сафида 79 та ўйинда 24 та гол урган тезкор ҳужумчи бўлган бўлса, Принс майдоннинг бошқа қисмида ўз номини қозонмоқда. Ўтган мавсумдаги тактик ўзгаришлар туфайли у ҳужумдан марказий ҳимоя чизиғига ўтказилди ва бу қарор ўзини тўла оқлади. Принснинг сўзларига кўра, у отасининг ўйинларини видеолавҳалар орқали кузатиб боради ва унинг тезкорлиги ҳамда ғайриоддий соч турмакларидан ҳайратда қолади.
“Отам мен қарши ўйнашни истамайдиган даражадаги хавфли ҳужумчи бўлган. Менинг гол уриш қобилиятим у қадар юқори бўлмагани учун ҳимояга ўтдим, лекин тезлик борасида ундан ҳам ўзиб кетганман деб ўйлайман”, — дейди ёш футболчи. Принс Сиссе келажакда Ливерпул асосий жамоасига киришни ва отаси каби Чемпионлар лигаси ҳамда Англия кубоги каби нуфузли совринларни қўлга киритишни мақсад қилган.






























Изоҳлар 0
…