Россия чиплар ишлаб чиқариш учун 2 миллиард рубл ажратди

Россия Саноат ва савдо вазирлиги микроэлектроника ҳамда СВЧ-компонентлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган электрон-нурли ва портловчи литография материалларини ишлаб чиқиш учун қарийб 2 миллиард рубл маблағ ажратди. Лойиҳа доирасида ўтказилган икки танловнинг умумий қиймати ушбу соҳадаги импорт ўрнини босиш дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Биринчи танлов доирасида 1,017 миллиард рубл электрон-нурли литография материалларини яратишга йўналтирилса, иккинчи танлов бўйича 889,5 миллион рубл портловчи литография учун ашёлар тайёрлашга сарфланади. Барча ишлар 2029-йилнинг ноябрь ойига қадар якунланиши белгиланган.
“СВЧ Резист-1” лойиҳаси доирасида Германиянинг Аллресист ва Микроресист, Япониянинг ЗEОН ҳамда АҚШнинг МикроЧем компаниялари маҳсулотларига аналог бўладиган 12 турдаги электрон-нурли резистлар яратилади. “СВЧ Резист-2” лойиҳаси эса Американинг ЛОР ва ПМГИ серияли резистларини алмаштирувчи етти турдаги материални ишлаб чиқишни кўзда тутади.
Ҳужжатларга кўра, ҳозирда Россияда бундай материалларнинг шахсий ишлаб чиқариш базаси мавжуд эмас ва илгари саноат эҳтиёжлари тўлиқ хорижий етказиб берувчилар ҳисобидан қопланган. Электрон-нурли литография бир неча нанометргача бўлган ўта аниқ тузилмаларни яратишда, портловчи литография эса металл конструкцияларни шакллантиришда қўлланилади.
Ушбу янги тендерлар микроэлектроника учун кимёвий материаллар, махсус газлар ва фоторезистлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган кенг кўламли дастурнинг давомидир. Бу қадам интеграл схемалар ва яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда хорижий технологияларга қарамликни камайтиришга хизмат қилади.





























Изоҳлар 0
…