Барселона аёллар жамоасидаги катта ўзгаришлар ва Испания терма жамоаси келажаги

Англияга қарши кечадиган муҳим жаҳон чемпионати саралаш ўйини учун Испания терма жамоаси қайдномасига назар ташласангиз, бир клуб устунлигини кўрасиз: Барселона. Сония Бермудес танлаган 25 нафар футболчининг 11 нафари айнан Каталония клуби шарафини ҳимоя қилади. Бироқ, бу ёзда Барселона таркибида улкан ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўтган ойда Пере Ромеу шогирдлари Чемпионлар лигаси финалида Лион устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мавсумни тўртта соврин билан якунлаганидан сўнг, учта асосий кетиш эълон қилинди. Икки карра "Олтин тўп" соҳибаси Алексиа Путельяс 14 йиллик фаолиятидан сўнг жамоани тарк этмоқда. Шунингдек, ҳимоя қўрғонлари Она Батлле ва Мапи Леон ҳам янги чорловлар сари йўл олмоқда. Финалда дубл қайд этган Салма Параллуело ҳам уларнинг ортидан кетиши мумкин.
Барселона илгари ҳам бундай вазиятларга тушган. Ўтган ёзда молиявий чекловлар туфайли суст трансфер ойнасидан сўнг жамоанинг Европадаги имкониятлари шубҳа остига олинган эди. Аммо улар барчага муносиб жавоб қайтариб, тўртинчи бор Чемпионлар лигаси ғолибига айланишди. Бу сафарги ҳолат эса бироз бошқача, чунки кетаётган футболчилар — Путельяс, Леон ва Батлле жаҳон даражасидаги юлдузлардир.
Каталонияликлар учун бу катта бўшлиқни тўлдириш вақти келди. Клуб йиллар давомида Ла Масиа академияси ёки ақлли трансферлар орқали таркибни янгилаб келган. Эркаклар жамоасининг Антонй Гордон учун 69 миллион фунт сарфлагани молиявий аҳвол яхшиланганидан далолат бериши мумкин. Бу эса аёллар жамоасига ҳам янги юлдузларни жалб қилиш имконини беради.
Ушбу трансферлар нафақат клуб, балки Испания терма жамоасининг 2027-йилги жаҳон чемпионлигини ҳимоя қилиш миссиясига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Барселона ўзининг етакчи фигураларини йўқотаётган бир пайтда, янги авлод вакиллари бу масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлишлари шарт.





























Изоҳлар 0
…