00:11 / 05.10.2022
2 163

Путин Украинада ядро қуролидан фойдаланишга журъат этадими?

Путин Украинада ядро қуролидан фойдаланишга журъат этадими?
Фото: Артем Коротаев / AP / Scanpix / LETA
Бунинг эҳтимоли кичик, аммо истисно қилиб бўлмайди. Энг даҳшатли уруш сценарийсининг батафсил таҳлили.

Россиянинг ҳарбий доктринаси асосан ядро қуролидан фойдаланишга таянади. Лекин, биринчи навбатда гап унинг жанг майдонида тўғридан тўғри қўлланиши ҳақида эмас, балки эскалацияга тайёр эканини намойиш қилиш орқали рақибга босим ўтказиш ҳақида кетади.

Владимир Путин Украинага ядровий зарба бериш эҳтимоли ҳақида гапирганда, шу стратегияга мувофиқ иш тутяптими ёки йўқми, баҳолаш қийин. Россия Федерацияси қандай объектларга ҳужум қилиши мумкинлигини тахмин қилиш ҳам осон эмас. Экспертлар ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли бугунги кунда нолга тенг бўлмаса-да, паст экани ва Москванинг зарба беришга тайёргарлиги ҳали бошланмагани ҳақида якдил фикрга эга. Акс ҳолда Ғарб разведкаси юқори эҳтимол билан буни пайқаган бўларди.

Россия ядро стратегияси ҳақида деярли ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. «Медуза» унинг амалда қўлланиш истиқболларини таҳлил қилди.

Мақоланинг нисбатан қисқача мазмуни

Ядро қуроли россиялик ҳарбий назариётчилар томонидан мамлакат ҳарбий доктринасининг жуда муҳим қисми сифатида қаралади. Шу нуқтайи назардан, Россия ва АҚШ ўртасида чуқур фарқ бор. Бу 1980-йилларда «аниқлик инқилоби» деб номланган жараён натижасида юзага келди. У Америка учун ядро қуролини душманни «тийиб турувчи» энг муҳим восита мақомидан туширди ёки деярли маъносиз қилди.

Россия армияси, аксинча, ядро арсеналини (биринчи навбатда, ностратегик қуролларни) Ғарбнинг юқори технологияли қуролларига қарши туриши мумкин бўлган асосий кузир сифатида кўради. Уни қўллашнинг энг муҳим омили душманга психологик таъсир кўрсатиш, яъни эҳтимолий тажовуз тўхтатилгунга ва «Россияни қониқтирадиган шартларда» тинчлик сулҳи тузилгунга қадар эскалация даражасини оширишга тайёрлигини намойиш этиш ҳисобланади.

Бу вазифа билан солиштирганда, ҳарбий мақсадларга эришиш учун қуролдан тўғридан тўғри фойдаланиш иккинчи даражага тушади. Россиянинг тийиб туриш тизимига кўра, можаро бундай даражага етишидан олдин, у «тийиб туриш» зинапоясидан тўлиқ ўтиб олиши керак. Унинг ҳар бир зинасида ядро қуроли ёки ундан фойдаланиш таҳдиди ўз ролини бажаради. Бунда алоҳида эмас, балки бошқа таъсир турлари билан биргаликда: ядровий бўлмаган юқори аниқликдаги қуроллар, киберҳужумлар, иқтисодий чоралар ва бошқалар.

Шу билан бирга, ҳарбий стратеглар томонидан пухта ишлаб чиқилган бу тизим мудофаа уруши сценарийсидан келиб чиқади – бунда ҳимоя қилиниши керак бўлган нишонлар ҳақида аниқ тасаввур бўлади.

Аммо, янги ҳудудларни эгаллаб олиш билан боғлиқ тажовузкор уруш шароитида мудофаа стратегиясини қандай «шакллантириш» кераклиги тушунарсиз.

Россиянинг олий раҳбарияти назарияни амалда қандай талқин қилиши ҳам номаълум – чунки, ҳатто бунга нисбатан кам аҳамиятли ҳарбий қарорлар ҳам «қоида»ларга зид ҳолда қабул қилинган.

Ядро қуролидан фойдаланиш билан боғлиқ ноаниқликлар жуда кўп: экспертлар кўпинча оддий нарсалар бўйича ҳам якдил эмас. Бироқ, шу билан бирга, ноаниқлик тийиб турувчи тизимнинг асосий хусусиятидир («хато эмас, балки хусусият»). Чунки кўп ҳолларда томонлар ўз сўзи ва ҳаракатини тушунтириш учун мақсадли равишда кенгроқ майдон қолдиради ва душманни эҳтимолий жавоб қандай бўлишини тахмин қилишга мажбурлайди.

Деярли барча мутахассислар ҳамфикр бўлган нарсаларни иккига ажратиш мумкин:

● Биринчидан, ядро қуролидан фойдаланиш хавфи бор ва унинг эҳтимоли нолга тенг эмас. Украинада уруш бошланганидан бери у сезиларли даражада ошди, аммо ҳали ҳам унчалик юқори эмас. Масалан, уни Кариб инқирози давридаги хавф билан таққослаб бўлмайди;

● Иккинчидан, агар Россия раҳбарияти ностратегик ядро қуролидан фойдаланишга қарор қилса, биз бу ҳақда олдиндан билиб оламиз. Ҳозир эса буни билмаймиз, демак, тайёргарлик ҳали бошланмаган.

Мутахассислар Россиянинг ядро стратегияси ҳақида нимани билишади ва нимани билишмайди?

Қисқача. Ҳатто кўп йиллар давомида ядро стратегиясини ўрганаётган одамлар ҳам бу соҳада аниқ бир нарса айтиш мумкин эмаслигини тан олишади. Муаммо шундаки, томонлар атайлаб бир-бирини ҳақиқий режалардан чалғитишга уринишади. Ядро қуролидан амалда фойдаланиш тажрибаси эса АҚШнинг Ҳиросима ва Нагасакига берган зарбалари билан чекланади.

Батафсил. Россиянинг қуроллари ва стратегик режалари, шу жумладан ядровий қуролдан фойдаланиш тамойиллари ҳақидаги маълумотларнинг аксарияти табиийки махфийлаштирилган. Бу ядровий қурол ҳақида маълумот олиш учун ҳар қандай эксперт ёки илмий адабиётларга мурожаат қилишдан олдин тушуниш керак бўлган асосий нарса. Ушбу мавзуда таяниш мумкин бўлган ва махфийлаштирилмаган маълумотлар чекланган:

● расмий ҳужжатлар – «Россия Федерациясининг ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсатининг асослари»; Россия Федерациясининг 2020 йилгача бўлган миллий хавфсизлик стратегияси; Россия Федерациясининг ҳарбий доктринаси;

● Россия ҳарбий олимлар томонидан ядро қуролидан фойдаланишнинг назарий имкониятлари ва усуллари муҳокама қилинган жуда кўп очиқ илмий адабиётлар;

● Баъзида оммавий ахборот воситалари саҳифаларида пайдо бўладиган Ғарб разведкаларининг махфий маълумотлари;

● У ёки бу эскалация вариантида ҳарбийларнинг ҳаракатлари моделлаштириладиган «стратегик ўйинлар»га асосланган экспериментал тадқиқотлар.

«Россия Федерациясининг ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асослари» – мавзу бўйича энг муҳим очиқ ҳужжат. У атиги олти саҳифадан иборат ва ниҳоятда ихчам. «Асослар» Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш имкониятини очадиган шартларни белгилайди:

● Ядровий жавоб зарбаси (Россия Федерацияси ва/ёки иттифоқдош давлатлар ҳудуди томон баллистик ракеталар учирилишига, ушбу ҳудудларда ядро қуролидан фойдаланишга ва Россия ядро кучларининг жавоб зарбасини олдини олишга қаратилган ҳар қандай, шу жумладан ядровий бўлмаган зарбаларга жавобан);

● Ядровий бўлмаган урушга ядро зарбаси (Россия Федерациясига анъанавий қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовуз қилиш ва давлат мавжудлигига таҳдид этишга жавобан). Ҳужжатда бундай таҳдид қачон пайдо бўлиши қандай аниқланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тушунтириш берилмаган, шу туфайли талқин қилиш учун кенг майдон қолади.

Ҳар қандай ҳолда, ядро зарбаси бериш ҳақидаги қарор Россия президенти томонидан қабул қилинади.

Россиянинг ядро стратегияси ҳақидаги маълумот манбалари албатта «Асослар» ва бошқа расмий ҳужжатлар билан чекланмайди. Россия ҳарбий назариётчиларининг кўплаб адабиётлари бор. Уларнинг меҳнати ёпиқ, махфий ҳужжатлар асосидаги ядро стратегияси тушунчасини маълум даражада акс эттириши мумкин.

Бундай адабиётлар фаол ўрганилмоқда. Масалан, 2020 йилда америкалик ҳарбий тадқиқотчилар Михаил (Майкл) Кофман, Аня Лукянова Финк ва Жеффри Эдмондс «тийиб туриш» стратегиясига бағишланган 700 дан ортиқ мақолаларни тизимли таҳлил қилишди ва россиялик ҳарбий назариётчилар ядро қуролидан фойдаланиш сценарийларини қандай тасаввур этиши ҳақида кенг қамровли ҳисобот тақдим этишди.

Шу билан бирга, муаллифлар тан олишади: расмий ҳужжатларда («Асослар» ва бошқаларда) очиқ тасвирланган нарсаларни ўта эҳтиёткорлик билан талқин қилиш керак. Чунки бундай ҳужжатлар биринчи навбатда эҳтимолий рақиб учун ёзилади ва унда кўп нарсалар яширилади.

Хўш, Россия қандай ҳолатларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкин?

Қисқача
. Бу номаълум.

Батафсил. Кофман ва ҳаммуаллифлар ўз шарҳида замонавий рус ядро доктринаси қандай пайдо бўлгани ва қандай ишлаб чиқилганини батафсил тасвирлаб беришди. Ўтган асрнинг 80-йилларида советларнинг ҳарбий стратеглари ва олий раҳбарияти ўзига хос қийинчиликка дуч келди: Ғарбда сунъий йўлдош навигацияси ихтиро қилиниши ва рақамли технологиялар ривожланиши натижасида қуролсозликда «аниқлик инқилоби» юз берди.

Россия ҳарбийлари оммавий аэрокосмик ҳужумдан хавфсирай бошлади, бунда Қўшма Штатлар юқори аниқликдаги қуроллар, радиоэлектрон уруш воситалари, тактик ва узоқ масофага парвоз қилувчи авиациядан фойдаланган ҳолда ўз ҳудудидан туриб узоқ масофадаги нишонларга зарба бериши мумкин эди.

2000-йиллар ўрталарига келиб, Россиянинг асосий хавотири қуролли кучларини фалаж ҳолатга тушириши ва муҳим инфратузилмаларга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган, душманнинг узоқ давом этадиган ҳарбий ҳаво кампаниясига қаратилди. Ушбу таҳдидга жавобан замонавий «тийиб туриш» стратегияси ишлаб чиқилди, бунда ядро қуроли асосий рол ўйнайди, деб ёзади ҳарбий таҳлилчилар:

Россия стратегияси ядровий ва ядровий бўлмаган «тийиб туриш» воситаларини ўзида мужассамлаштирган. У 1990-йилларда кучларнинг мослашувчанлиги ва имкониятлари пастлиги натижасида юзага келган тўғридан тўғри эскалация дилеммасини ҳал қилишга қаратилган: АҚШ урушнинг дастлабки даврида Россия кучлари билан минимал даражада тўқнаш келган ҳолда, анъанавий воситалар орқали зарар етказиши ва юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида ғалаба қозониши мумкин эди.

Москванинг жавоби ҳарбий жанглар майдонида ностратегик ядро қуролларидан кенг миқёсда фойдаланишни назарда тутган. Бу номақбул ҳолат сифатида қаралган, у россиялик ҳарбийларнинг «тийиб туриш зинапояси»ни қуриш учун йўл ва восита излашга мажбурлаган, эскалацияни анъанавий ва ядровий бошқариш вариантларида мослашувчанликни талаб қилган.

Анъанавий кучларни модернизация қилиш Россиянинг ядровий можаро юқори поғоналарида ядро қуролидан фойдаланиш муҳимлиги ҳақидаги тасаввурларини ўзгартирмаган.

Шу сабабли, америкалик стратеглардан фарқли ўлароқ, россияликлар йирик ядровий кучлар ўртасидаги уруш охир-оқибат ядро қуролидан фойдаланишга олиб келишини кутишади. Совет стратегларининг аксарияти ҳам худди шундай фикрда эди. Бироқ, эски ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, бугунги рус ҳарбийлари ядро қуролидан чекланган ҳолда фойдаланиш, албатта, эскалациянинг назоратсиз кескинлашувига олиб келади деб ҳисобламайди. Уларнинг фикрича, оддий ва ядровий қуроллардан меъёрида фойдаланиш нафақат реал, балки асосий тийиб турувчи омил бўлиши ҳам мумкин. Кофманнинг фикрича, бундай ёндашув ҳарбий назариётчиларни қувонтирмайди, балки Россия ўз заифлигини англаб турган шароитда зарур чора сифатида кўрилади.

Россия ядро қуролини муҳим деб билади, чунки унинг психологик таъсири ва «тийиб турувчи» самарасини оддий қуроллар билан алмаштириб бўлмайди. Оддий сўзлар билан айтганда, анъанавий қуролларга сарфланган бир рублни ядровий қуролга сарфланган рублнинг «тийиб турувчи» таъсири билан таққослаб бўлмайди.

Мутахассисларнинг кўпчилиги ядровий зарба эҳтимоли борлиги ва бу шунчаки қуруқ гап эмаслигига ишонади. Мисол учун, Скоукрофт стратегия ва хавфсизлик маркази директори вазифасини бажарувчи ва аввалроқ Жорж Буш, Барак Обама ва Доналд Трамп маъмуриятида ишлаган таҳлилчи Мэттью Кронинг Россиядаги сафарбарликдан олдин чиқарилган мақоласида тан олишича, «Ядро таҳдиди Россия ҳарбий стратегиясининг асоси ҳисобланади ва Владимир Путиннинг Украинага ядровий зарба бериш ҳақидаги буйруғи эҳтимоли нолга тенг бўлолмайди».

Экспертлардан ҳеч ким уни «нолга тенг» деб ҳисобламаяпти. Гарчи баъзилар сафарбарликнинг бошланиши ядровий кучлардан фойдаланиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтириши керак деб ҳисобласа ҳам. Масалан, Жоржтаун университетининг Уолш дипломатия хизмати мактабида хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқотлар профессори Кэтлин Тамажнинг фикрига кўра, сафарбарлик ядро қуролига нисбатан хавфсизроқ муқобил:

Ҳақиқий умидсизликка тушган Путин Украинадаги армиясининг қулашини тўхтатиш учун бошқа имкониятлар қолмаган шароитда ядро қуролидан фойдаланиши мумкин эди. «Анъанавий» кучлар қудратини оширишга уриниш эса Украинадаги мақсадига эришиш воситаси сифатида ядровий ҳужум қилмоқчи эмаслигини кўрсатади.

Путин, албатта, биладики, Россия томонидан ҳар қандай ядро қуролидан фойдаланиш даҳшатли ва тасаввур қилиб бўлмас оқибатларга олиб келади, бунга Байден маъмурияти қайта-қайта ишора қилган. Албатта, бундай сафарбарлик билан ҳам Россиянинг жанг майдонидаги муваффақияти кафолатланмаган. Аммо бу қадам вақтдан ютишга имкон беради ва эскалация зинапоясида ядровий бўлмаган қадамни ташлашга тайёр эканини кўрсатади. Ички чекловларни ҳис қилмайдиган шахсиятчи-диктатор томонидан бошланган можарода ядро урушининг олди олиниши – бу яхши янгилик.

Тийиб туриш босқичлари

Қуролли тўқнашув кўлами

Тийиб турувчи чоралар

Жавоб зарбаси

Ядро уруши

• Стратегик ва ностратегик ядро қуролидан душманнинг ҳарбий-иқтисодий нишонларига зарба бериш

Адекват зарар етказиш

Кенг кўламли уруш
• Ностратегик ядро қуролидан душман кучларига қарши оммавий фойдаланиш
• Стратегик ва ностратегик ядро қуролидан душманнинг ҳарбий-иқтисодий нишонларига бир марта ёки бир неча марта зарба бериш

Адекват зарар етказиш

Ҳудудий уруш
• Юқори аниқликда оммавий зарба бериш
• Ностратегик ядро қуролидан душман кучларига қарши бир марта ёки бир неча марта зарба бериш
• Стратегик ва ностратегик ядро қуролидан намойишкорона фойдаланиш

Адекват зарар етказиш

Маҳаллий уруш
• Душман ҳудудидаги нишонларга зарар етказиш мақсадида юқори аниқликда кўплаб зарбаларини бериш
• Умумий қўшинларнинг ҳаракатлари

Намойиш

Таҳдидлар даври
• Маълум бир турдаги нишонларга юқори аниқликда бир марталик зарбаларни бериш
• Жуда муҳим объектларга оддий қуроллар ёки ядро қуроли орқали зарар етказиш билан таҳдид қилиш
• Қуролли кучларнинг намойишкорона ҳаракатлари

Намойиш

Ҳарбий таҳдид
• Қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлиги даражасини ошириш
• Жуда муҳим объектларга оддий қуроллар орқали зарар етказиш билан таҳдид қилиш
• Энг янги турдаги қуроллар тизимини намойишкорона синовдан ўтказиш
• Сиёсий, иқтисодий ва ахборот босими кўринишидаги юмшоқ чораларни кучайтириш
• Глобал ҳарбий-сиёсий вазиятни мониторинг қилиш

«Тийиб туриш зинапояси» модели (А.В.Мунтян, Ю.А.Печатнов. «Проблемные методологические вопросы разработки механизма силового стратегического сдерживания» // Стратегическая стабильность. — 2010. — №3). Кофман ва Финк томонидан адаптация қилинган.

«Зинапоя» (жадвалга қаранг) бир эскалация босқичидан иккинчисига ўтиш учун турли вариантларни таклиф қилади. Аммо ҳеч бир мутахассис қайси босқичда ядровий чегара бузилиши мумкинлигини ва бунинг учун нима содир бўлиши кераклигини олдиндан айтиш имкони бор деб ҳисобламайди.

«Ҳарбий доктринада Россиянинг ядровий чегараси сифат жиҳатидан умумий тарзда таърифланган – уни миқдорий баҳолаш учун ҳеч қандай восита йўқ», дейди Кофман ва Финк.

Уларнинг фикрига кўра, сиёсий раҳбарият мавжуд бўлган эскалация турларидан қайси бирини танлаши ҳам номаълум:

Ҳарбий стратегия эҳтимолий ҳаракат йўналишларини аниқлашга ёрдам беради ва сиёсий раҳбарият нимани танлаши мумкинлиги ҳақида тасаввур уйғотади. Лекин у сиёсий раҳбарият нима қилиши ёки ишлаб чиқилган ҳарбий режаларга қанчалик ишониши ҳақида гапирмайди.

Россия президенти сафарбарлик эълон қилиб, янги таҳдидлар ҳақида гапирганидан сўнг, ушбу иқтибос муаллифи Михаил Кофман фикрини янада соддароқ ифодалади:

«Агар иш шу даражага бориб етса, Путин ядро қуролидан фойдаланиш масаласини ўзининг мужмал сўзларига мос келишини аниқлаш мақсадида, ҳарбий доктринани очиб ўқишига ишончим комил эмас».

Агар Россия ядро қуролидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилса, нималар унинг нишони бўлиши мумкин?

Қисқача
. Бу ҳам номаълум. Баъзи экспертлар чўл ҳудудида намойишкорона зарба бериш вариантига мойил бўлса, бошқалари ҳарбий майдондаги йирик нишонларга зарба бериш эҳтимоли юқорироқ, деб ҳисоблайди. Бу ҳолатда маъқул нишонларни топиш қийин бўлади.

Батафсил. Барча экспертлар фикрига кўра, биринчи эҳтимолий ядро зарбасининг асосий мақсади бундай қуроллардан фойдаланиш қатъияти борлигини намойиш этиш бўлиши керак. Бу Россия ядро доктринасига тўлиқ мос келади.

Назарий жиҳатдан, қатъиятни ҳеч қандай қурбонларсиз, кимсасиз ҳудудларга зарба бериш орқали намойиш этиш мумкин, худди аввалги ядро синовлари (ҳозирда тақиқланган) каби. Кофман, Кронинг ва бошқа кўплаб экспертлар бундай имконият ҳақида гапирмоқда.

АҚШ ядро сиёсати бўйича собиқ бош мутахассис ва 2019 йилгача НАТО бош котиби ўринбосари бўлган Роуз Гетемюллер «намойишкорона» зарба эҳтимолини юқори деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, «Қора денгиз узра битта зарба ёки, эҳтимол, Украина ҳарбий объектига берилган зарба нафақат украиналиклар, балки уларнинг иттифоқчилари қалбида ҳам даҳшат уйғотиш»га қодир.

Британиялик олим, тарихчи-сиёсатчи Лоуренс Дэвид Фридман янги ядровий таҳдидлар масаласига бағишланган мақоласида Гетемюллер ва бошқа экспертлар билан сиртдан баҳслашади. Унинг фикрига кўра, «кимсасиз ҳудудга берилган зарба» аҳамиятсиз экани туфайли эҳтимоли паст.

Ягона намойишкорона зарба муаммоси шундаки, ишора ноаниқ қолиши мумкин. Бундай зарба Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишни қатъий тақиқловчи қоидаларга қарши чиқишга тайёрлиги, аммо қуролнинг максимал кучидан фойдаланишга келганда ҳамон эҳтиёткор эканини кўрсатади. 1945 йилда Ҳиросимага ядро зарбаси бериш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин бундай вариант муҳокама қилинган, аммо унга қарши чиқилган. Бундай зарба Қўшма Штатларнинг мисли кўрилмаган қудратли янги қуролга эга эканини кўрсатиши ва буни кўп сонли қурбонларсиз амалга ошириш мумкин эди. Бироқ, қўмондонлик фикрига кўра, агар японияликлар унинг ҳалокатли таъсирини тўғридан тўғри кўрмаса, уларнинг раҳбарияти ҳайратда қолмаган бўларди.

Агар чўл ҳудудидаги портлашнинг ишончлигиги қарор қабул қилувчи одамлар учун кам туюлса, унинг муқобил вариантлари, ҳам ҳарбий, ҳам тинч нишонлар кўлами жуда кенг. Улар Кофман ва Финк тадқиқотида батафсил муҳокама қилинади:

Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий нишонларга кўпинча ноатом электр станциялари, маъмурий (сиёсий) марказлар, фуқаролик аэропортлари, автомобил ва темир йўл кўприклари, портлар, асосий иқтисодий объектлар, ҳарбий-саноат комплексининг муҳим таркибий қисмлари, ОАВ ва ахборот объектлари киради.

Ҳарбий нишонларга одатда қўмондонлик ва бошқарув марказлари, космик воситалар, муҳим алоқа марказлари, разведка, нишонни белгилаш, навигация ва ахборотни қайта ишлаш тизимлари, баллистик ва қанотли ракета базалари киради.

Умуман олганда, рус ҳарбийлари нишонларни танлашда ўта муҳим инфратузилмалардан қочишга интилмоқда. Чунки уларнинг, масалан, тўғон ёки атом электр станцияларининг йўқ қилиниши жуда катта фалокатларга сабаб бўлиши, бу эса рақиб томонидан беихтиёр контрэскалацияга олиб келиши мумкин.

Ҳарбий объектларга ностратегик ядро қуроллардан эҳтимолий зарба бериш қанчалик самарали бўлиши ҳақида қарама-қарши фикрлар бор. Масалан, Кронинг фикрига кўра, бундай ҳаракат Россияга ўз мақсадига тезда эришиш имконини беради:

Россия ўзида мавжуд бўлган минглаб камқувватли ядро қуролларининг бир ёки бир нечтасидан фойдаланган ҳолда, кенг кўламли ностратегик ядро ҳужумини амалга ошириш имкониятига эга. Россия бундай қуролларни Украина қўшинлари, базалари, логистика марказлари ва ҳатто шаҳарларга қарши чекланган миқёсда қўллаши мумкин. Бундай ҳужум Украина қуролли кучларига фалокатли зарба беришга қодир.

Тамаж ҳам худди шундай фикрда, у Россиядаги ностратегик қуролларнинг катта захираси (уларнинг муқобилига АҚШ ҳам эга, аммо захира сезиларли даражада кичик) «Украинанинг катта миқдордаги, масалан, яқинда Харкив атрофи ёки Херсон яқинида тўпланган қуролли кучларига ҳалокатли зарба беришга қодир».

Фридман бу фикрга қўшилмайди. Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирги урушда қўшинларнинг XX асрга хос бўлган катта миқдорда бир жойга тўпланиши кузатилмаяпти, шу сабабли, ядро қуролидан бу мақсадда фойдаланишдан маъно йўқ:

Украинадаги жанглар табиати ҳисобга олинса, мос нишонларни топиш унчалик осон эмас. Бу ерда ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда ҳаракат қиладиган йирик тузилмалар камдан кам учрайди. Қисмлар одатда тарқоқ ҳолда. Херсон яқинидаги ҳужум ҳақидаги хабарни (рус манбасидан) кўриб чиқинг. Унда таъкидланишича, украиналиклар (Харкив яқинидаги жанглардан фарқли ўлароқ) зирҳли танклар билан эмас, балки суғориш каналлари аро тезкор ҳаракатланадиган пиёдалар билан ҳужумга ўтиб, Россия таъминот чизиқларини бузиш орқали муваффақиятга эришган. Бундай шароитда ядро қуролидан фойдаланиш учун мақбул нишонни топиш қийин бўлади. Бунинг қанчалик кичик фойда келтириши инобатга олинса, ядро урушини бошлаш учун ғалати сабаб бўлади.

АҚШ ва бошқа давлатлар Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишига қандай муносабатда бўлишади?

Қисқача. Бу ҳам номаълум. Катта эҳтимол билан, жавоб симметрик бўлмайди, яъни НАТО ядро кучлари жалб қилинмайди.

Батафсил. Тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери АҚШ расмийлари Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиши оқибатлари ҳақида бир неча бор очиқ гапирди. Масалан, 17 сентябр куни Байден CBS телеканалига берган интервьюсида Путинга ҳар қандай вазиятда бундай қилмасликни маслаҳат берди. «Керак эмас, керак эмас, керак эмас. [Акс ҳолда] урушнинг қиёфасини ўзгартирасиз», деди у агар шундай сценарийни ростдан ҳам кўриб чиқаётган Путинга нима дейиши мумкинлиги ҳақидаги саволга.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари томонидан берилаётган огоҳлантиришлар ҳозирча умумий хусусиятга эга, яъни улар ядро қуролидан фойдаланишнинг у ёки бу варианти пайдо бўлган тақдирда қандай аниқ қадам ташланишини очиб бермаган. Ядро хавфсизлиги бўйича мутахассислар фикридан шуни хулоса қилиш мумкинки, бу Ғарбга воқеалар ривожи салбий тус олганида ўзини «дастурлаштирилган» тарзда тутмасдан, манёвр қилиш имкониятини берадиган мутлақо онгли стратегиядир.

Бундай таҳдидларнинг камчилиги афзаллиги билан бир хил: улар қатъий жавоб чоралари қўллашдан бош тортилган ҳолатда Қўшма Штатлар ва иттифоқчилар зиммасига жавобгарликни юкламайди (сиёсатшуносликда бундай таҳдидлар одатда «арзон» деб аталади – cheap talk). Шунга қарамай, ҳатто ҳозирги риторика ҳам рақибни таҳдидларнинг амалга ошиш эҳтимолини, шу жумладан энг салбий сценарийни ҳисобга олишга мажбур қилади.

Ядро қуролидан фойдаланмасликка қаратилган оммавий огоҳлантиришлар ва чақириқлар билан бир қаторда, томонлар ёпиқ каналлар орқали янада аниқроқ мурожаат етказиш имкониятига эга. Financial Times нашрининг Оқ уйдаги манбаларига кўра, уруш бошланганидан бери бу қайта-қайта содир бўлган. Аммо бундай сигналлар ошкора эмаслиги сабабли, «тийиб туриш» таъсири ҳам нисбатан камроқ.

Эксперт Мэттью Кронинг президент Байденга очиқ хат йўллаб, Путиннинг ядровий таҳдидлари рўёбга чиққан тақдирда АҚШ реакцияси қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини баён қилди.

АҚШ ва иттифоқчилар:
● Жорий сиёсатни кескинлаштириш (санкциялар, Украинага қурол етказиб бериш ва ҳоказо);
● Ҳарбий зарба бериш.

Иккинчиси учун оддий ёки ядровий қуроллардан фойдаланиш мумкин. Кронинг хулосасига кўра, ҳар бир вариантнинг афзалликлари ва камчиликлари бўлса-да, симметрик жавоб, яъни ядро зарбаси жуда кўп хатарни ўз ичига олади ва эскалациянинг назоратсиз кучайишига олиб келиши мумкин.

Шу туфайли, таҳлилчининг фикрича, энг мақбул жавоб – «Россиянинг Украинадаги агрессиясига қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва ядровий ҳужум уюштирган Россия кучлари ёки базаларига оддий қуроллар билан чекланган зарба бериш».

Деярли барча экспертлар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россиянинг ядровий зарбасига жавобан ядро зарбаси бермаслик керак деган фикрга қўшилади. Мисол учун, америкалик сенатор ва Nuclear Threat Initiative нотижорат ташкилоти асосчиси Сэм Нанн фикрига кўра, ядро қуролига энг сўнгги чора сифатида қаралиши керак. У горизонтал эскалация тарафдори ва «Россия билан АҚШ ўртасида ядро зарбаси алмашинувига йўл қўймаслик учун ҳамма чораларни кўриш керак» деб ҳисоблайди. Масалан, агар Россия Украинага кемадан учирилган ядровий қанотли ракета билан зарба берса, Нанн бу кема зудлик билан чўктирилиши тарафдори.

Унинг бошқа суҳбатдоши, Байденнинг собиқ маслаҳатчиси Колин Каҳл ҳам ядровий жавоб зарбаси «Қўшма Штатларни маънавий устунликдан маҳрум қиладиган катта хато бўлади», деб ҳисоблайди. Мутахассиснинг фикрича, анъанавий зарба билан жавоб қайтариб, дунё фикрини ядровий тақиқни бузган учун Россияга қарши қаратиш анча самаралироқ бўлади.

Энг юқори мартабали шахслардан бири, АҚШ собиқ мудофаа вазири Уильям Перри Американинг эҳтимолий стратегияси қандай бўлиши ҳақидаги ўз фикрларини қуйидагича баён қилди.

Қўшма Штатлар агар Россия ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақида разведка маълумотларини қўлга киритса, бу дарҳол оммага эълон қилиниши керак. Агар Россия ундан фойдаланса, АҚШ уни халқаро миқёсда қораланишига эришиши, «ядро» сўзини алоҳида таъкидлаб, иложи борича кўпроқ шовқин кўтариши ва НАТО иттифоқчилари билан ёки уларсиз ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишга уриниши керак. Жавоб кучли, мақсадли ва анъанавий бўлиши керак, ядровий эмас.

Зарба Украина билан чекланиши керак, идеал ҳолда – ядровий ҳужум билан боғлиқ конкрет нишонларга қаратилиши лозим. «Эскалация зинапояси»дан кўтарилиш имкон қадар кичик қадамлар билан амалга оширилиши лозим, лекин бир вақтнинг ўзида чуқур ва самарали таъсир кўрсатиши керак. Агар Путин бунга жавобан яна ядро қуролидан фойдаланса, у ҳолда сиз ҳам «қўлқопларни ечиб ташланг» ва масалан, Украинадаги Россия қуролли кучларини йўқ қилинг – Қўшма Штатлар буни оддий қуроллар ёрдамида осонликча амалга ошириши мумкин.

Дунё Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш ҳақидаги қарорини олдиндан билиб оладими?

Қисқача. Биз ниҳоят ноаниқлик ҳудудидан чиқмоқдамиз. Жавоб: катта эҳтимол билан ҳа. АҚШ ва НАТО ностратегик қуролларни жанговар ҳолатга келтиришга тайёргарликни аниқлашнинг техник имкониятига эга ва Россияда бу тайёргарликни яширишга рағбат йўқ.

Батафсил. Ностратегик ядро каллаклари жанговар навбатчиликда турмайди, балки махсус омборларда сақлангани сабабли уларни ишга тушириш учун тайёргарлик талаб қилинади. Деярли барча мутахассислар бу тайёргарликни яширишнинг иложи йўқлиги бўйича якдил. Мустақил таҳлилчи ва БМТнинг Қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар институти катта илмий ходими Павел Подвиг буни энг қисқа шаклда тушунтиради:

Қитъалараро баллистик ракеталар ва сув ости кемаларидаги баллистик ракеталардан ташқари, ядровий қуролларнинг ҳеч бир тури жанговар ҳолатда эмас – бомбалар самолётларга юкланмаган, каллаклар ракеталарга уланмаган. Ядро каллаклари билан навбатчилик қилиб, ҳудуд бўйлаб айланиб юрадиган ҳеч қандай «Искандер» йўқ. Бундай қуроллар сақлаб қўйилади. Улар ҳаво базаларидан бир неча километр узоқликда ёки ракета базаларидан бир неча соатлик йўлда сақланиши мумкин, аммо фақат бункерларда. Ҳа, уларни жанговар ҳолатга келтириш тартиби бор, лекин бу осон жараён эмас. Қуролни бункердан чиқариб олиш, юк машиналарига юклаш, белгиланган жойга олиб бориш, жанговар каллакларни юклаш / ўрнатиш керак.

Ҳар қандай жараён каби, уларни пайқаш мумкин. АҚШ ва НАТО уларни кўплаб машғулотлар давомида кузатган. Бир нечта жанговар каллакларни яширин тарзда олиб ўтиш мумкин, ахир, ҳеч ким ҳамма нарсани доимо кузатиб туролмайди. Лекин Россия бундай ҳаракатлар ҳеч қачон сезилмасдан қолишига ишонч ҳосил қила олмайди. Ким уларни кузатаётганини ҳеч қачон билмайди: бу SIGINT [Ғарбий электрон разведка тизими] ёки яқин атрофдаги тепаликда дурбин билан қараб турган йигит бўлиши мумкин.

Ва, албатта, Россия бундай ҳаракатларни яшириши учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Агар эскалацияга тайёр экани ҳақида сигнал юбориш мақсад қилинган бўлса (бир неча каллакни жанговар ҳолатга келтириш ҳаракатлари шуни англатган бўлади), у ҳолда онгли равишда сигнал юборилади. Ушбу сигнал сезиларли бўлишини хоҳлайди. Ностратегик қуролларни бункердан олиб чиқиш (фойдаланиш учун жанговар ҳолатга келтириш жараёни) Россия ядровий доктринасига кўра «мудофаа» мақсадларида бўлиши мумкин эмас. Бу ҳолат мақсадни ўзгартириш мумкин эмаслигини англатмайди. Аммо олдин уни ўзгартириш керак ва биз ҳали бундай уринишни кўрмадик.

Ҳозирда Россия ядро қуролидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилгани белгилари борми?

Биз бу саволга фақат қисқа жавоб берамиз. Нуфузли оммавий ахборот воситаларидаги Ғарб разведкасига таянган маълумотлардан (аниқроғи, уларнинг йўқлигидан) хулоса қилиш мумкинки – йўқ.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг