Мадуро ҳибсдан мурожаат қилди: аҳволи ва позицияси очиқланди

АҚШда ҳибсда сақланаётган Венесуэла президенти Николас Мадуро узоқ танаффусдан сўнг илк бор ижтимоий тармоқлар орқали ўз тарафдорларига мурожаат қилди. У ўзининг жисмоний ва руҳий ҳолати барқарор эканини таъкидлаб, қўллаб-қувватлаётганларга миннатдорчилик билдирди.
Сиёсатчи ва унинг рафиқаси Силия Флорес номидан жойлаштирилган баёнотда, уларга келаётган мактублар, дуолар ва илиқ сўзлар руҳий жиҳатдан куч бағишлаётгани алоҳида қайд этилди. “Биз барча хабарларингизни қабул қилдик. Ҳар бир илиқ сўз бизга янги куч беради. Биз барқарормиз, иродамиз мустаҳкам, хотиржаммиз ва доимий ибодатдамиз”, — дея таъкидланди мурожаатда.
Мадуро ўз чиқишида тинчлик, миллий бирлик ва конструктив мулоқот муҳимлигини урғулаб, Венесуэла жамияти ярашув ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиши лозимлигини айтди. Шунингдек, у нафақат ватандошларига, балки дунё бўйлаб қўллаб-қувватлаётган инсонларга ҳам самимий миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу қўллаб-қувватлаш унга руҳий куч ва ички барқарорлик бахш этмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, АҚШ ҳарбийлари 3 январь куни Каракасда махсус амалиёт ўтказиб, Мадуро ва унинг рафиқасини қўлга олган ва уларни Нью-Йоркка олиб кетган эди. Оқ уй раҳбари Доналд Трамп улар “наркотерроризм” билан боғлиқ айбловлар асосида судга тортилиши ҳақида маълум қилган. Бироқ Мадуро ва унинг турмуш ўртоғи ушбу айбловларни мутлақо рад этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу иш бўйича иккинчи суд йиғилиши ҳам бўлиб ўтган. Кузатувчилар таъкидлашича, Мадуро ташқи кўринишида сезиларли ўзгаришлар кузатилган — у анча озган ҳолда суд залига олиб кирилган. У қамоқхона кийимида, қўлкишансиз, аммо кишанланган ҳолда бўлгани қайд этилди.
Президент ҳимояси эса АҚШ томонидан жорий этилган санкциялар Венесуэла давлат маблағларидан адвокатлар хизмати учун ҳақ тўлашга тўсқинлик қилаётганини асос қилиб, ишни тугатишни талаб қилди. Бироқ суд ушбу даъвони қўллаб-қувватламади ва илтимосномани рад этди.
Мазкур воқеалар нафақат Венесуэла, балки бутун дунё жамоатчилиги диққат марказида бўлиб қолмоқда. Кейинги ривожлар халқаро сиёсий муносабатлар ва геосиёсий мувозанатга қандай таъсир кўрсатиши эса ҳозирча очиқ қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!