Туркияда 22 каратли олтин билан қопланган ширинлик харидорларнинг қизиқишини уйғотмоқда

Туркиянинг Амася шаҳридаги озиқ-овқат маҳсулотлари дўконида ноодатий ширинлик харидорлар эътиборини тортмоқда. Гап 22 каратли ейиладиган олтин кукуни билан безатилган турк локуми ҳақида бормоқда. Унинг бир килограмми 10 минг турк лирасидан сотилмоқда.
Бодом, писта ва қизил қорақат қўшиб тайёрланган ушбу ширинлик ташқи кўриниши билан ҳам бошқалардан ажралиб туради. Локумнинг усти озиқ-овқат маҳсулотларида фойдаланишга мўлжалланган олтин кукуни билан қопланган.
Дўкон эгаси Селим Каянинг маълум қилишича, 50 килограмм локум тайёрлаш жараёнида жами 5 грамм 22 каратли олтиндан фойдаланилади. Ширинликнинг нархи бир килограмм учун 10 минг лира этиб белгиланган. Энг қизиғи, дўконга ташриф буюрган ҳар бир киши уни харид қиладими ёки йўқми, бепул татиб кўриши мумкин.
Бироқ ноодатий ширинликнинг нархи маҳаллий аҳолининг барчасига ҳам маъқул келмаган. Айрим харидорлар уни жуда қиммат деб ҳисоблаб, бундай локумни сотиб олиш осон эмаслигини таъкидлашган.
Маълумот учун, мазкур дўконда локумнинг яна 66 хил тури сотилади. Уларнинг нархи маҳсулот таркибига қараб бир килограмми учун 500 лирадан 3 минг лирагача баҳоланган.































Изоҳлар 0
…