Доллар нима сабабдан жаҳон бозорларида позициясини бой беради?

  • 5-11-2018, 15:04
  • 1 072
  • Дунё
  • Доллар нима сабабдан жаҳон бозорларида позициясини бой беради?
    Яқин йилларда жаҳон молиявий тизимида АҚШ долларининг улуши босқичма-босқич пасая боради, унга рақобатчи бўлган валюталарнинг улуши эса, аксинча, ўса бошлайди. АҚШ федерал бюджети ва тўлов балансининг сурункали дефицити бунга сабаб сифатида кўрсатилмоқда, деб ёзади Kun.uz.

    Айни вақтда АҚШ доллари жаҳон молиявий тизимида етакчи позицияда бормоқда. Халқаро Ҳисоб-китоблар Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси, шунингдек, SWIFT тўловлар тизими каби нуфузли ташкилотлар маълумотига кўра, 2017 йил сўнгига қадар глобал ҳисоб-китоблар соҳасида АҚШ долларининг улуши 40 фоиз атрофида бўлган, унинг энг яқин таъқибчиси евроники эса 36 фоизни ташкил этган.

    Валюта бозорларида айланмадаги долларнинг улуши 44 фоиз атрофида, бу эса евро (16 фоиз) ва япон иенасининг (11 фоиз) улушидан сезиларли даражада юқори. Халқаро қарзларнинг 60 фоиздан кўпроғи долларда берилади (евронинг бу борадаги кўрсаткичи 20 фоиздан ортиқроқ). Ниҳоят, АҚШ доллари расмий халқаро захиралар тузилмасида етакчилик қилмоқда ва умумий сумманинг 60 фоизини эгаллаган (еврода 20 фоиз).

    Жаҳон молиявий тизимида долларнинг етакчи позицияларни эгаллаши сўнгги бир неча ўн йил давомида АҚШ иқтисодиётининг жаҳонда тутган ўрнини акс эттиради — турли мамлакатларнинг ЯИМи долларнинг жорий курсида ҳисобланишда давом этар экан, ушбу валюта етакчиликни бермайди, албатта. Аммо турли давлатлар иқтисодиётларининг янада адекват таққоси учун харид кучи паритети (ХКП) курсидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Агар турли давлатлар ЯИМи ХКП курслари бўйича ҳисобланса ва 2011 йилги доимий долларларда ифодаланса (Бутунжаҳон Банки шундай қилади), 2017 йил якунларига кўра АҚШ жаҳоннинг энг йирик иқтисодиёти бўлмай қолади. Бу мамлакатга жаҳон ЯИМининг 15 фоизи тўғри келади, Хитойнинг бу борадаги улуши 18 фоизни ташкил этса, юқори учликни 11 фоиз ҳиссага эга евро зонаси якунлаб беради.

    Нохуш статистика

    Жаҳон ЯИМида АҚШ доллари улушининг нисбатан камайиши сўнгги йилларда ушбу валютанинг жаҳон молиявий тизимидаги роли тобора пасайиб, бош захира валютаси сифатидаги ўрнини бой бераётгани тўғрисидаги гап-сўзларни урчитмоқда. Бундай прогноз ва хавотирлар АҚШ тўлов баланси ва давлат бюджетига оид статистика маълумотлари билан мустаҳкамланмоқда.

    АҚШ 1980 йилларнинг бошидан буён тўлов балансининг жорий ҳисоблари бўйича сурункали танқислик ҳолатига тушиб қолмоқда. Бир неча ўн йиллардан буён давом этаётган ушбу тенденция натижасида мамлакат ташқи иқтисодий соғломлигининг муҳим кўрсаткичи – соф халқаро инвестицион позиция манфийга айланди ва 2018 йилнинг ярмига келиб АҚШ ЯИМининг 44,5 фоизига тенг бўлди. Ўз навбатида, ҳам федерал, ҳам маҳаллий бюджетлардаги сурункали танқисликлар 2017 йилда АҚШ давлат қарзи йиғиндисини ЯИМнинг 105 фоизигача ошириб юборди.

    Тўлов балансининг жорий ҳисоби ва давлат бюджети дефицитининг келгусида ҳам кенгайиши истиқболлари асосли хавотирларни келтириб чиқармоқда. Яқинда АҚШда ўтказилган, иқтисодий ўсиш суръатларини жонлантириш ҳамда илгари хорижга олиб чиқиб кетилган ишлаб чиқаришларни қайтаришга қаратилган солиқ ислоҳоти натижасида давлат бюджетига тушум қисқара бошлайди ва бу ҳам қарз олиш миқдорини кўпайтиради. Citi таҳлилчиларининг прогнозига кўра, АҚШ давлат бюджетининг танқислиги 2017 йилдаги ЯИМнинг 3,8 фоизидан 2018 йилда ЯИМнинг 5,2 фоизигача, 2019 йилда 6,2 фоизигача ошади. 2019 йилда АҚШ давлат қарзи ЯИМнинг 108 фоизига етади.

    Хусусий омонатлар ҳажмининг хусусий инвестициялардан ортиб кетиш ҳолати барқарор сақланиб турса, давлат бюджети дефицитининг ортиши жорий ҳисоблар бўйича баланснинг ёмонлашувига олиб келади. Citi таҳлилчиларига кўра, АҚШ тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицити 2017 йилдаги ЯИМнинг 2,3 фоизи даражасидан 2018 йилда ЯИМнинг 2,4 фоизигача, 2019 йилда 3 фоизигача ошиб боради. 2022 йилга бориб бу кўрсаткич АҚШ ЯИМининг 3,7 фоизига етиши мумкин.

    Кўриб турибмизки, АҚШ тўлов баланси ва давлат секторининг бўлажак статистикаси Америка долларининг етакчи валюта статусига рахна солиши мумкин. Шу сабабли, Citi таҳлилчилари доллар курсининг узоқ муддатли пасайишини прогноз қилишмоқда. Долларнинг DXY индекси ҳозирги 96 пункт кўрсаткичлардан 2018 йилнинг сўнгига бориб 93, 9 пунктгача пасайиши, 2023 йилнинг охирига бориб эса 76 пунктгача қуйига шўнғиши мумкин (бу эса ҳозирги даражадан 20 фоизга пасайишни билдиради).

    Янги етакчи

    Доллар курсининг пасайиши АҚШ тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицитини камайтириб, соф халқаро инвестицион позициянинг қисқариш тенденциясини тескари қила оладими? Бу мунозарали савол ҳисобланади. Доллар девальвацияси натижасида АҚШ экспорти ва импорти нечоғлик ўзгаришини ҳисоблаб чиқиш, бу вазиятда ички истеъмол бозор ўзини қандай тутишини ўрганиш керак.

    Ҳар қандай ҳолатда ҳам реал ҳисоб-китобда долларнинг сезиларли девальвацияси АҚШ иқтисодиётининг янги ташқи шароитларга етарли даражада мослашишини талаб этади. Ўз навбатида, ҳам хусусий, ҳам давлат сектори (марказий банклар ва ҳокимиятнинг молия органлари)дан иборат халқаро инвесторлардан олтин-валюта захираларини шакллантиришга ўз ёндашувини ўзгартиришлари талаб этилади. Бутун жаҳон молия тизимида ва хусусан халқаро захираларда долларнинг улуши босқичма-босқич камая боради, рақобатчи валюталарнинг улуши эса орта боради.

    Еврозонага назар ташланса, бу минтақанинг молиявий кўрсаткичлари тўла оптимистик кўриниш олган, бу эса еврога захира валюталаридан бири сифатида қарашни янада кучайтириши мумкин. 2017 йил якунларига кўра, тўлов балансининг жорий ҳисоби ижобий бўлган ва ЯИМнинг 3,2 фоизини ташкил этган. Еврозона давлат бюджети дефицити 2017 йилда бор-йўғи ЯИМнинг 1 фоизини ташкил этган, боз устига бюджетнинг бирламчи баланси (қарзлар бўйича фоизлар тўлангунга қадар) ижобий бўлган — ЯИМнинг 1 фоизи.

    Бу вазиятда Citi таҳлилчилари еврозона давлат қарзи йиғиндисининг ҳозирги, ЯИМнинг 87 фоизи даражасидан 2019 йил сўнгига қадар босқичма-босқич 83 фоизгача тушишини прогноз қилишмоқда. Фақатгина Италиянинг сиёсати бозор иштирокчиларининг маълум бир хавотирларига сабаб бўлмоқда. Лекин айни пайтда Рим ўзининг еврозонага аъзолиги борасида референум ўтказишини тасаввур этиш қийин. Шундай қилиб, жаҳоннинг захира валюталаридан бири сифатида еврога бўлган қизиқишнинг ортиши етарлича юқори эҳтимолга эга.

    » » Доллар нима сабабдан жаҳон бозорларида позициясини бой беради?