00:15 / 26 февраля 2020
1 489

«Бу ерда бойларни тўлаётган солиғидангина ажратиш мумкин» - Канададаги ҳуқуқшунос ватандошимиз

«Бу ерда бойларни тўлаётган солиғидангина ажратиш мумкин» - Канададаги ҳуқуқшунос ватандошимиз
Раҳмаджон Собиров.
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интерьвюлар давом этади. Навбатдаги суҳбатдошимиз Канаданинг йирик шаҳарларидан бири — Торонто шаҳрида истиқомат қилиб келаётган ҳамюртимиз Раҳмаджон Собиров бўлди. Қаҳрамонимиз «заранг барги юрти»да ўн беш йилдан буён ҳуқуқшунос сифатида фаолият кўрсатиб келади.

— Раҳмаджон ака, суҳбатимиз аввалида сиз билан яқинроқ танишиб олсак?
—2003 йили бакалавр босқичини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро ҳуқуқ» йўналиши бўйича тамомлаганман. 2003-2004 йилларда Венгриянинг Будапешт шаҳридаги Марказий Европа университетида ҳуқуқ соҳасида магистрлик, кейин ЕХҲТнинг Қирғистондаги Академиясида ва Австрияда сиёсатшунослик йўналишида иккинчи магистрлик даражасини олганман. Бу магистрлик дастурини ўқиш жараёнида ЕХҲТнинг Венадаги штаб-квартирасида Бош Секретар офисида тажриба орттирдим.

Ўқишни ниҳоялаб, Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноий ишлар бўйича судида илк ўзбекистонлик ҳуқуқшунос сифатида ишладим.

Ушбу суд халқаро геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий ва тажавузкорлик жиноятларини содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш ваколатига эга. Эътиборлиси, у ердаги меҳнат фаолиятим давомида уруш даврида давлатни бошқарган асли конголик Томас Лубанга жинояти устида ишлашга муваффақ бўлганман. Бу Халқаро жиноий суднинг илк суд иши бўлган эди.

Ундан кейин, доимий яшаш учун Канадага кўчиб ўтдим. Мамлакатдаги ҳуқуқий тизим фарқли бўлганлиги боис, Европа ва Ўзбекистонда олган дипломларим бу ерда амал қилмаган. Шу сабабли Оттава университетида JD дастури бўйича 3 йиллик ҳуқуқ йўналишида қайтадан таҳсил олиб, адвокатлик унвонига сазовор бўлганман. Шундай кейин Канададаги бир қатор юридик фирмалар ва корхоналарда ҳамда бир муддат Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги йирик халқаро юридик фирмасида ҳам хизмат қилдим.

Ҳозирда Канаданинг йирик молиявий марказларидан бири — Торонто шаҳрида 2012 йилда турмуш ўртоғим билан бирга ташкил этган «Sobirovs Law Firm» адвокатлик фирмасини бошқариб келяпман.

— Сўзларингиздан Канадага кўчиб ўтиш сизга бир қадар йўқотишларни ҳам келтириб чиқарганига амин бўляпман. Айтингчи, йўқотишлар эвазига бўлса-да, нима учун айнан Канадага кетишга қарор қилдингиз?
— Қарийб 15 йилдан буён Канадада истиқомат қилиб келяпман. Очиғи, азалдан Шимолий Америка қитъасида яшаш иштиёқим бўлган. Лекин, АҚШда эмас. Табиийки, Шимолий Америка минтақасида яшаш учун Мексика, АҚШ ёки Канада давлатини танлашим керак эди. Мен Канадани танладим. Бунга сабаблардан бири Тошкентда бакалаврдаги давримда француз тилини ҳам ўрганганман. Бу ерда эса, аҳоли асосан инглиз ва француз тилларида мулоқот қилганлиги менга қулайлик туғдирган.

Канада иммигрантлар мамлакати сифатида салоҳиятли кадрларни ҳамиша қучоқ очиб кутиб олиши, хорижликларга ҳар доим яхши муносабатда бўлиши ҳам яна бир сабаблардан бири.

Қолаверса, мамлакатнинг табиати чиройли, об-ҳавоси тоза. Албатта, қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Айниқса мусофирчилик, Ўзбекистон билан масофанинг узоқлиги, яқинларингизни соғиниш ҳисси қийнамай қолмайди. Умуман, бу ерга янги келган одамнинг мослашиб кетиши бироз қийин. Бу табиий жараён. Ўйлашимча, энг катта қийинчиликлардан бири – ҳамма жойда бўлгани каби ҳаётингизни қайтадан бошлаш бўлса керак.

—Ўзбекистон ва Канада ўртасида тўғридан-тўғри дипломатик муносабатлар йўқ. Яъни, у ерда ва бизда ҳам элчихона ёки консуллик хизматлари фаолияти йўлга қўйилмаган. Шу нуқтаи назардан агар иккала давлатда элчихоналар очилса, бундан томонлар қай даражада манфаатдор бўлади?
— Ҳақиқатда, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри дипломатик алоқалар йўқ. Расмий алоқалар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Канаданинг Россиядаги элчихонаси орқали амалга ошириб келинмоқда. Очиғи, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари анчайин суст.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, ўйлашимча, элчихоналар ҳали бери очилмайди. Боиси бунинг учун савдо алоқалари ҳар томонлама ривожланиши зарур. Марказий Осиё минтақасида Канада Қозоғистон билан анчайин фаол иқтисодий ҳамкорликни олиб борса ҳам кичик бир элчихона хизмати фаолияти яқин ўтмишда йўлга қўйилган, холос.

Шуни ҳисобга олсак, биринчи галда Ўзбекистонда элчихонадан олдин Канаданинг Консуллик хизмати очилиши мумкин. Бунинг учун эса, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Назаримда, ҳозирча, Канаданинг Ўзбекистондаги манфаатлари кучли эмас. Тўғри, йилдан йилга қизиқишлар ортмоқда. Лекин жозибадорлик касб этмаяпти. Бу нормал ҳолат. Чунки, масофалар анчайин олис. Канада ҳам асосан ўз маҳсулотларини АҚШга сотади.

АҚШ билан боғлиқлик кучли. Агарда келгусида ушбу боғлиқликни камайтириш учун Марказий Осиё минтақаси, хусусан мамлакатимиз бозорларига эътибор қаратилса, ҳамкорликдан Ўзбекистон кўпроқ манфаатдор бўлади деб, ҳисоблайман. Сабаби Канада дунёнинг энг йирик иқтисодий G7 мамлакатлари қаторига киради. Бугунги кунда ҳар томонлама тараққий этиб келмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон томонининг Канада билан ҳамкорликни яхшилаш бўйича ҳаракатларига гувоҳ бўлдим. Канадаликларга визасиз режим йўлга қўйилди. Бу албатта туризм ривожига катта ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман.

— Канаданинг тараққиёт омилларини нималарда кўрасиз ва сизнингча уларнинг қандай тажрибаларини Ўзбекистонда жорий этиш мумкин?
— Мамлакатнинг асосий тараққиёт омилларидан бири – бу турли давлатлардан энг кучли, иқтидорли ва билимли инсонларни йиғиб олганлиги ва ҳали ҳануз ҳам ҳар томонлама салоҳиятли кадрларни қучоқ очиб кутиб олаётганлигида. Ундан ташқари, ҳукуматнинг таълимга эътибори, илмли инсонларни қадрлаши ва рағбатлантириб боришини айтишим жоиз. Буни олий таълимдаги шароитларда ҳам кўрса бўлади. Мисол учун, бу ерда маҳаллий аҳолига олийгоҳларга кириш, стипендия олиш муаммо эмас. Албатта ҳаракатга боғлиқ. Кейин, назаримда Канаданинг қулай географик жойлашуви ва АҚШдек йирик иқтисодий давлат билан қўшни бўлиши ҳам ривожланишида муҳим рол ўйнаган.

Уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги тажрибаларини ўрганиш мумкин, деб ўйлайман. Яъни мамлакатда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг бир биридан мустақил эканлигидир. Шу орқалигина коррупцияга қарши муросасиз курашиш мумкин, назаримда.

Мамлакатда спорт билан шуғулланишга катта аҳамият қаратилади. Масалан, канадаликлар спорт машғулотлари учун сарфлаган харажатлари учун даромадларидан, дейлик фарзандингизнинг хоккей спорт клубига берсангиз, клубга берган тўловингиздан солиқ олинмайди. Ҳукумат наздида, аҳолининг жисмонан соғлом бўлиши тиббиётга сарфланадиган харажатларни камайтиради. Чунки, мамлакатда тиббиёт бепул.

Ундан ташқари, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида ҳам турли имтиёзлар мавжуд. Масалан, тадбиркорнинг йиллик даромади ўртача юз минг доллар бўлса, ундан бизнес харажатлари учун саксон минг доллари сарфланса, тадбиркор қолган 20 минг долларидан солиқ тўлайди, холос.

Шунингдек, Канада таълим тизимида ўқувчи-талабаларнинг танқидий, таҳлилий фикрлашига алоҳида эътибор қаратилади. Менимча, Ўзбекистон таълимида ҳам турли назарияларни ёдлатишдан кўра ўқувчиларга мавжуд муаммоли масалаларни чуқур таҳлил қилдириш, унга муносабат билдириш сабаб-оқибатларини ўргатиш самаралироқ бўлади.

— Канадиликлар характери ҳақида нималар дея оласиз ва улар Ўзбекистон ҳақида билишадими?
— Канадаликлар тўғри сўзликни қадрлашади. Табассум қилиш уларнинг доимий ҳамроҳи. Энг асосийси, улар ҳашамга берилмаган халқ. Яъники, бу ердаги энг бой одамлар ҳам оддий кийинади, оддий автомобилда юради. Қизиғи, бойларни уларнинг тўлаётган солиғи орқали билиб олишингиз мумкин. Мамлакатда қолганларга нисбатан кўп солиқ тўлаяпсизми, демакки сиз бойсиз.

Канадаликларг Ўзбекистон тўғрисида кам билишади. Билганларини ҳам қизиқ тарихи бор. Билсангиз керак, собиқ СССР ва АҚШ ўртасидаги «совуқ уруш» даврида Канада иккала тараф учун дипломат воситачи вазифасини бажарган. Ундан ташқари Канада хоккей бўйича машҳур мамлакат. Ўша даврда, собиқ СССР билан хоккей мусобақалари кўп ўтказилган. Тахминан 70 – 80 йилларда канадаликлар Ўзбекистонга ҳам келишган. Буни асосан канадаликларнинг кекса авлод вакиллари билишади.

— Хориждаги ҳуқуқшунос сифатида Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларга муносабатингиз ва яна бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлишини хоҳлайсиз?
— Канада ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизими бир биридан тубдан фарқ қилади. Шундай бўлсада, Ўзбекистондаги ҳар қандай, у ҳуқуқий бўладими ёки бошқами, деярли барча янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Сўнги уч йилда сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, ҳуқуқий соҳада ҳам жуда кўп ўзгаришлар, янгидан янги қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти. Бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари бор.

Ижобий жиҳатларидан — чорак аср давомида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизими ислоҳ қилинишга эҳтиёж пайдо бўлган эди ва бу бажариляпти. Аммо, салбий жиҳатларидан бири — шунчалик кўп норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқяптики, уларнинг ижроси, мазмун-моҳиятини англаб етишга вақт етмаяпти, назаримда.

Мен хоҳлардимки, Ўзбекистондаги ҳар қандай ислоҳотлар пухта ўйланган ва якунига етказиладиган тарзда амалга оширилишини.
Яна шуни айтишни истардимки, ҳуқуқий ислоҳотларда Адлия вазирлигининг роли янада ошиши керак. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб ҳам ҳар қандай ҳуқуқий ислоҳотларда адлия органлари ташаббускор ва фаол ҳаракатда бўлиши лозим.

— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?
— Шукр, шу кунгача ният қилган мақсадларимга эришиб келяпман. Кейинги беш йил учун бир қанча режаларим бор. Улардан бири, ҳозирги кунда Канадада иммигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи «ImmigrationShop» онлайн платформаси устида иш олиб боряпмиз. Биласиз, хорижда адвокатлик хизматидан фойдаланиш қиммат. Бизнинг платформамиз адвокат ёллай олмайдиган, лекин Канадага иммиграция қилмоқчи бўлганларга батафсил онлайн курслар тақдим қилади ва иммиграция қандай қилинишини ўргатади.

Шу билан бирга, қаерда бўлсак ҳам, Ўзбекистондаги ўзгаришларга бефарқ яшамаймиз. Очиғи шу кунларга етишимга ва муваффақиятларимда ота-онам, яқинларим, устозларимнинг ҳиссаси катта. Шу жиҳатдан, энг катта мақсадларимдан бири Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшиш, ватандошларимга катта-кичик бўлсин, кўмаклашишни хоҳлайман. Бу борада ҳам бир неча янги лойиҳаларим бор.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)