date
views 4 748

АҚШ қамоқхоналарида маҳбуслар Ислом динини қабул қилмоқда

АҚШ қамоқхоналарида маҳбуслар Ислом динини қабул қилмоқда
Ҳозирги кунда Ислом дини Америка қамоқхоналарида маҳбуслар орасида энг кўп тарқалаётган диндир. Бунга бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Маҳбусларнинг 18 фоизи мусулмонлар ва қамоқдаги диний мурожаатларнинг 80 фоизи ислом динига тўғри келмоқда.

Иммиграция таъсиридан ташқари, федерал ва маҳаллий қамоқхоналар ҳам Қўшма Штатлардаги Исломнинг ўсишига ҳисса қўшиши мумкинлиги ойдинлашди. "Хавфсизлик сиёсати маркази" жамоат ташкилотининг ҳукумат ишлари бўйича вице-президенти Майкл Воллер 2003 йилда Нью-Йоркдаги маҳбусларнинг 17–20 фоизини мусулмон маҳбуслар ташкил этгани, бу тахминан 350 минг кишини ташкил этганини тасдиқлайди. Шунингдек, у қамоқхоналарда маҳбуслар дин қабул қилаётганларидан 80 фоизи Исломга тўғри келишини айтди. Мусулмон бўлганларнинг аксарияти афроамерикаликлар ва бир пайтда, испан тилли қатлам орасида ҳам мусулмон бўлаётганлар ортмоқда.

Алоҳида масала бор – яъни қамоқхоналарда Ислом динини радикаллаштириб тушуниш тарқалган. Бунинг сабаби эса кўпинча экстремистик оқимларнинг вакиллари қамоқхонага тушишидан деб айтилмоқда. Ўз эътиқодларида мутаассиб бўлганликлари ва кўпинча террор ҳаракатларида иштирок этиш ва махфий гуруҳлар тузиш тажрибасига эга бўлган ҳолда, улар ўз нуқтаи назарларини маҳбуслар орасида муваффақиятли тарғиб қилмоқдалар. Майкл Воллернинг таъкидлашича, кўплаб мусулмонликни янги қабул қилаётганлар ташқи ноқонуний исломий гуруҳлар томонидан терроризм билан боғлиқ тарзда радикализация қилинмоқда, аммо бошқа экспертларнинг фикрига кўра радикаллашув рўй бераётган бўлса ҳам, ҳибсдагиларга ташқи таъсирнинг умуман алоқаси йўқ.

ФҚБ Терроризмга қарши кураш бўлими директорининг ўринбосари Доналд Ван Дуйннинг ҳисоботида шундай дейилади: "ФҚБ қамоқхоналар ва Интернет каби радикал исломнинг тарқалиши учун кенг имкониятлар яратадиган жойларни аниқлади... Қамоқхоналарда радикаллаштиришларнинг аксарият ҳолатлари ички экстремистик гуруҳлар томонидан амалга оширилмоқда. Тўғридан-тўғри ташқи алоқа эса кам ёки умуман йўқ"

2003 йилда қилинган ФҚБнинг ҳисоб-китобларига кўра, федерал, штат ва маҳаллий қамоқхоналар бўйича 350 минг мусулмон у ерларда сақланмоқда ва ҳар йили қўшимча равишда 30.000-40.000 маҳбус Ислом динига киради.

Қамоқхоналарда Исломни қабул қилиш билан боғлиқ “хавотирлар” биринчи марта 2001 йилда, Нью-Йорк штати қамоқхоналарида хизмат қилган имом ВаритДин Умар 11 сентябр ҳужумларининг ролини мақтаганида айтилган эди. Бунга жавобан Конгресс аъзолари текширув ўтказишга чақиришади. 2004 йил ҳисоботида Адлия вазирлиги қамоқхона тизимини "диний экстремистлар кириб келишидан" ҳимояланмаганликда айблайди. Бироқ, ҳисобот муаммонинг қамоқхоналарда хизмат қилувчи имомларида эмаслиги, балки бу борада маҳбусларни кузатишда қатъийлик бўлмаганлигини аниқ кўрсатди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ қамоқхоналарида маҳбуслар Ислом динини қабул қилмоқда