08:20 / 13.01.2021
922

Бўйсунмас туркманларнинг бўйсундирилиши. Рус империяси Кўктепа қалъасини эгаллаши тарихи

Бўйсунмас туркманларнинг бўйсундирилиши. Рус империяси Кўктепа қалъасини эгаллаши тарихи
Фото: Google Photos
Россия империясининг Марказий Осиёни босиб олишдаги муҳим жанглардан бири, шубҳасиз, Кўктепа қалъаси учун бўлган. 1881 йилнинг 12 январь куни узоқ давом этган жанглардан сўнг генерал Скобелев Кўктепа қалъасини ишғол қилишга эришди ва шаҳарни талон-тарож қилдирди. Бу воқеа тарихга Кўктепа қирғини номи билан кирди. «Дарё» сана муносабати билан мазкур воқеа ҳақида ҳикоя қилади.

Тарихий шароит
XIX аср охирларига келиб, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари Россия империяси вассалига айланиб қолди. Руслар туркманлар яшайдиган ҳудудларни эгаллаш мақсадида туркман қабилалари яшайдиган ҳудудларга тинимсиз зарбалар бериб турди. Агар туркманлар ҳудуди эгалланмаса, инглизларнинг бу ҳудуд орқали Каспий денгизи соҳилларига етиб келиши русларни хавотирга солиб турган ҳолатлардан бири эди. Агар руслар туркманларни бўйсундирса, бутун Каспий ҳавзаси уларнинг ихтиёрига ўтар ҳамда Туркистон ва Кавказ ўртасида бўш ҳудуд қолмас эди.

XIX асрда Ахалтака воҳасида 80-90 мингга яқин туркманларнинг така уруғи истиқомат қилар эди. Улар табиатан жангчи бўлиб етишган қабилалардан бири эди. Русларнинг уларни бўйсундириш учун 1879 йилгача амалга оширган барча юришлари муваффақиятсиз якунланган эди. Жумладан, 1978 йилги Лазерев ва Ломакин экспедициялари муваффақиятсиз тугади.

Шундан сўнг, такаларни бўйсундириш учун Фарғонани эгаллашда ўзини кўрсатган генерал Скобелев тайинланди. Унинг асосий мақсади якуний зарбани бериб Кўктепани ишғол қилиш ва такаларни бўйсундиришдан иборат эди.

Операцияга тайёргарлик
Михаил Скобелев, биринчи навбатда, юкларни муваффақиятли ташиб келишга алоҳида эътибор қаратди. Саҳронинг асосий транспорти бўлган туяларнинг тайёргарлигига энг кўп аҳамият берди. Шунингдек, аскарларнинг ҳам ҳарбий, ҳам озиқ-овқатдан таъминлашга ҳаракат қилди. Шунингдек, госпитал ҳам қурилди. 1880 йилнинг ноябрь ойига қадар туялар ва барча керакли озиқ-овқатлар етиб келди.

Шундай қилиб, Скобелевнинг тўплаган захира маҳсулотлари 1881 йилнинг март ойигача саккиз минг кишигача етадиган қилиб қўйилди. Унинг ихтиёрида эса етти мингдан ортиқ аскар бор эди. Шунингдек, у Форс ҳудудида 146 минг пуд зарур захира тўплаб қўйиш учун полковник Гродековга одам юборди. Бу захира қалъа эгалланганидан кейин ишлатилиши керак эди.

Фото: Google Photos
Қалъадаги аҳоли эса 45 минг кишини ташкил этар, уларнинг 20 мингдан ортиғи аскарлар эди. Уларнинг ихтиёрида эса беш мингдан ортиқ қурол бўлиб, асосан тўппончадан иборат эди.

15 декабрь куни Скобелев ихтиёрига Туркистондан Куропаткин бошчилигида 900 та туя ҳамда 1000 га яқин аскар келиб қўшилди ва Скобелев операцияга тайёргарликни бошлаб юборди. 6 январь куни қалъа бурчагидан 500 метр узоқликда 12 та тўп жойлаштирилди. Скобелев штурмни 10 январга белгилаган эди. Аммо, баъзи бир сабабларга кўра уни 12 январга ўтказишга мажбур бўлди. 10-11 январь туни руслар қалъа деворлари остига миналар жойлаштирдилар. 12 январь куни 7 мингга яқин аскар ҳужумга тайёр бўлиб турди. Ҳужум бошланишидан аввал миналар портлаши ва оқибатда деворлар бузилиши лозим эди.

Қалъага ҳужум
Ҳужум, режа қилинганидек, 12 январь куни бошланди. Соат 11 дан 20 дақиқа ўтганда миналар портлатилди. Қалъанинг шарқий девори қулаб тушди ва аскарларнинг қалъага киришига имкон берадиган ёриқ пайдо бўлди. Куропаткин отряди ҳужумга ўтганда ҳали чанг тарқалиб улгурмаган эди. Ғарбий девордан подполковник Гайдаров бўлинмаси ёриб киришга муваффақ бўлди. Туркманлар қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Узоқ давом этган жангдан сўнг, туркманлар қалъанинг шимолий қисми орқали қочишга тушдилар. Қалъада қолиб, қочишга улгурмаган қисми эса жанг қилиб ҳалок бўлди. Скобелев қочиб кетганлар ортидан 16 км узоқликкача таъқиб қилиб борди. Руслардан эса жами қамал даврини ҳисобга олсак, мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. Жумладан, 34 рус офицери ҳам ҳалок бўлди. Руслар қалъада беш минг аёллар ва болаларни асир олдилар. Олти миллион рубль қийматга тенг ўлжа ҳам қўлга киритилди.

Фото: Google Photos
Кўктепа қирғини
Ўша пайтда инглиз матбуотида даҳшатли воқеа ҳақида шов-шув кўтарилди. Қалъада ҳимоячилар билан бирга бўлган инглиз мухбир-офицерларнинг хабар беришича, рус аскарлари Скобелевнинг топшириғига асосан у ерда қолган тинч аҳолига нисбатан жуда қаттиқ муносабатда бўлган ва оммавий қирғинлар уюштирган. Айнан, инглиз матбуоти ушбу воқеага аҳамият қаратганидан кейингина, маҳаллий аҳолига нисбатан зулм камайган.

Рус аскарларнинг Кўктепадаги қилмишлари ҳақида Лев Николаевич Толстойнинг қизи Татяна Скобелевнинг аскарларига аҳолини ўлдиришлари учун вино ичириб маст қилишига тўғри келгани ҳақидаги воқеани ўз хроникаларида ёзиб қолдирган.

1991 йилдан бошлаб, 12 январь Туркманистонда хотира куни сифатида Кўктепа қурбонлари хотирланади. 1995 йилда Кўктепа шаҳрида рус босқини қурбонлари хотирасига масжид барпо этилди. 2009 йилда эса Кўктепа жанги тарихига бағишланган «Кўктепа» музейи иш бошлади.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)