Елена Костюченко Украинага Россиянинг «Новая газета» мухбири сифатида борган эди. Унинг Одесса, Херсон ва Николаев шаҳарларида тайёрланган репортажлари ушбу газетада цензура чекловлари билан эълон қилинган. Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилинганига қарамай, Бош прокуратура ва «Роскомнадзор» талаби билан матнлар ўчириб ташланган, «Новая газета» эса ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган.
«Новая газета. Европа» нашри учун махсус равишда Елена Костюченко Украинадаги урушда ўзи кўрган нарсалар ҳақида гапириб берди.
— Херсон истило бошланганидан буён қамал ичида қолган: шаҳарга кириш ва чиқиш йўлларининг барчаси Россия армияси томонидан назорат қилинади, логистика жуда бузилиб кетган. Бу озиқ-овқат ташиш ва дори етказиб беришни нормал ташкил этишга халал беради. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ вазият яхшиланди, чунки улгуржи база яна ишлашни бошлади ва шаҳарга сабзавотлар олиб кирилди, аммо дорилар билан боғлиқ ҳолат жуда ёмон.
Херсон касалхоналарида энг муҳим дориларнинг бир-икки ойга етадиган захираси бор. Булар касалхонага келиб тушган жуда кескин ҳолатдаги одамлар учун керак бўладиган дорилардир. Бироқ сурункали касалликларда зарур бўладиган, яшашга кўмаклашиб туриши учун қабул қилиш керак бўлган дорилар гуруҳларининг ҳеч бири шаҳарда йўқ. Юрак дорилари, қон босимини пасайтирувчи ёки нормаллаштирувчи дорилар, психотроп дорилар, Л-тироксин (бу дорини қалқонсимон бези олиб ташланган ёки ишламайдиган одамлар бутун умр қабул қилиб юриши керак), гормонал дориларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Бу гуманитар ҳалокат. Ўз яқинларининг аҳволи кундан кунга ёмонлашаётганини кўриб туриб, уларга ёрдам бера олмаётган херсонликлар учун эса жуда оғир вазият.
Шаҳардан чиқиб кетишнинг деярли иложи йўқ. Мен эса бир мўъжиза сабаб бунга муваффақ бўлдим.
Шаҳардан чиқиб кетишга уринган оддий фуқаролар машиналари, шу жумладан, ичида болалар бўлган автомобиллар ҳам ўққа тутилгани қайд этилган ҳолатлар бор. Шундай ўққа тутилган битта машина ҳақида аниқ биламан, лекин, тушунишимча, бундай ҳолатлар бир неча марта юз берган.
У ерда Херсондан Николаевга олиб борувчи иккита асосий йўл бор. Шаҳардан чиқиб кетаётганимда дастлаб Чернобаевкага олиб борадиган йўл бўйлаб юрдим. Россиянинг учта блокпостидан муваффақиятли ўтиб олдим, учинчи блокпостда менга: «Сизни ўтказиб юборамиз, лекин кейинги блокпостда сизни ўққа тутишади», — дейишди. Менинг «Нима учун?» деган саволимга жавобан уларда шаҳардан чиқиб келаётган барча машиналарга ўқ узиш ҳақида буйруқ борлигини айтишди. Мен: «Оддий фуқаролар машиналариними?» — деб сўрадим. У тасдиқ жавобини берди, шу жумладан оддий фуқаролар машиналари ҳам, деди. Мана шуни ўз қулоқларим билан эшитдим.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳозир икки баравар қимматлашган, тухум эса, масалан, уч баравар қимматлашган. Асосий катта супермаркетлардан ун, макарон, ёрмалар, шакар ғойиб бўлган. Лекин уларни бозордан уч баравар қимматга топиш мумкин. Шаҳарга фақат Россия гуманитар ёрдами етказилмоқда, Украина гуманитар ёрдами қўйилмаяпти. Мен ўша ерда пайтимда юк машиналаридан гуманитар ёрдамни туширишганини кўргандим.
Шу ерда херсонликлар учун мураккаб маънавий танлов юзага келади: истило маъмурларидан ёрдам олиш керакми, йўқми? Бу ёрдамни қабул қилган одамларни кўрганман. Улар билан суҳбатлашганман. Умуман олганда, бу одамлар — улар қанчалик самимий, билмайман — Россия пропагандаси ҳикоясини такрорлайди: «Руслар тартибга келтириш учун бу ерга келди; бизнинг ҳукумат ёмон, рус ҳукумати эса яхши; улар бу ерда бизнинг ҳаётимизни яхшилаб беради». Бу гуманитар ёрдамни олган одамлар, кўрдимки, бунга жуда-жуда эҳтиёжманд, улар жуда ночор одамлар.
Умуман олганда, уларнинг бошқа йўли йўқ, буни ўзлари ҳам айтиб туради. Улар қимматлашиб кетган маҳсулотларни сотиб ололмайди — улар бепул маҳсулотлар тўплами учун навбатда туришга мажбур. Бу навбатларда, сиёсат ҳақида гап кетганда, улар Россия ҳукуматидан қанчалар миннатдор эканини айтади. Россия ҳукумати бу одамларни шундай вазиятга қўйгани менга қабиҳ бўлиб туюлади. Бу миннатдорликни самимий деб қабул қилиш керак, деб ўйламайман: бу одамлар жуда қийин шароитда қолдирилган.
Қрим — Херсондан чиқиб кетишнинг ягона усули. Истило маъмурлари томонидан ишлаб чиқилган эвакуация йўналишлари фақат Қрим, босиб олинган ҳудуд томонга бор. Биламан, одамлар шунга ҳам рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтиш вилоят кенгаши биносида бўлади, автобуслар ташкил қилинади ва 2—3 кунда бир марта улар карвон бўлиб Қримга йўл олади. Аммо билишимча, директорлар Херсондан урушнинг энг биринчи кунларида, ҳали бунинг имкони бўлган пайтда чиқиб кетган. Ва улар Украина назорати остидаги ҳудудга қараб кетган. Херсон маъмурияти ҳисоб-китобларига кўра, шаҳарнинг тахминан учдан бир қисми кетиб қолган. Қримга автобуслар оқими қанчалик серқатновлигидан хабарим йўқ, мен у ердалигимда кўрмаганман.
Давоми бор...
Новая газета, Елена Костюченко, Роскомнадзор, Цензура чекловлари, Украинадаги уруш Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин