Токенизация: ЭТФ услубидаги бозор структураси инқилоби

1990-йилларда биржа савдо фондлари (ЭТФ) янги ғоя сифатида пайдо бўлганида, кўпчилик уларни шунчаки анъанавий активларнинг янгича кўриниши деб ҳисоблаган. Бироқ, амалда ЭТФлар бозор структурасида инқилоб ясади. Активларни яратиш ва қайтариб сотиб олиш механизмлари ҳамда арбитражга асосланган ликвидлик орқали улар инвесторларнинг активларга кириш усулларини тубдан ўзгартирди. Бугунги кунда токенизация жараёни айнан шу йўлни такрорламоқда. Бу ҳақда Coindesk.com хабар беради.
Токенлаштирилган актив шунчаки бир марта чиқариладиган акция ёки облигация эмас. У худди ЭТФ каби талабга қараб “минт” қилиниши (зарб этилиши) ёки “бурн” қилиниши (йўқ қилиниши) мумкин. Агар токен нархи асосий актив қийматидан ошиб кетса, арбитражчилар янги токенларни зарб қилиб, таклифни оширади ва нархни мувозанатга келтиради. Агар нарх тушиб кетса, улар токенларни қайтариб сотиб олиб, таклифни камайтиради. Бу иқтисодий тамойил ЭТФлар билан бир хил бўлиб, токен шунчаки активларнинг ликвидли қобиғи вазифасини ўтайди.
Блокчейн технологияси шаффофликни янги босқичга олиб чиқади. Токенизация ёрдамида эмиссия, ўтказмалар ва умумий таклифни реал вақт режимида кузатиш имконияти пайдо бўлади. Энг муҳим хусусиятлардан бири — асосий бозорлар ёпиқ бўлган вақтда ҳам узлуксиз савдо қилиш имкониятидир. Масалан, Apple акциясининг токенлаштирилган варианти шанба куни ҳам савдо қилиниши мумкин. Бунда нарх душанба кунги кутилмалар, фючерслар ва макроиқтисодий янгиликлар асосида шаклланади.
АҚШ биржаларида рўйхатга олинган, Европа ёки Осиё акцияларини ўз ичига олган ЭТФлар аллақачон ушбу моделнинг самарадорлигини исботлаган. Маҳаллий бозорлар ёпиқ бўлса-да, ЭТФ нархи янги маълумотларни ўзида акс эттиради. Токенизация ушбу имкониятни янада кенгайтириб, глобал инвесторларга вақт минтақасидан қатъи назар, рискларни бошқариш ва активларни самарали айирбошлаш имконини беради.


























Изоҳлар 0
…