08:28 / 29.01.2020
5 626

Ўзбекистонга Евросиё Иқтисодий Иттифоқи керакми?

Ўзбекистонга Евросиё Иқтисодий Иттифоқи керакми?
Ўзбекистон президенти Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиш режасини инкор этмаяпти, аммо унинг фикрича, ҳали барчаси кўриб чиқиш босқичида ва вазият ўзгариши мумкин.

Келаётган феврал ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Москвага сафар қилади. Ундан мамлакатнинг ЕОИИга қўшилиши масаласида ижобий жавоб кутишяпти. Умуман олганда, Кремлдагилар жавобни аллақачон олиб бўлган, аммо бу жавоб ўта баҳсли. Мамлакат Сенати йиғилишида чиқиш қилган Мирзиёев “Биз иттифоққа аъзо сифатида кирмаймиз. Аввало, ҳозирги вазиятда бу бизга қулай бўладими, йўқми, шуни аниқлаштириб олишимиз керак. Бундан ташқари, кузатувчи дегани, аъзо дегани ҳам эмас. Биз кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз”, деди.

Аммо бундан кўп ўтмай президент сайтида пайдо бўлган мурожаатда “иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш” лозимлиги ҳақида айтилди. Унда қайд қилинишича, Ўзбекистон ташқи савдо юкларининг 80%гача бўлган қисми ташиш жараёнида Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Шунинг учун “Ушбу вазиятни ҳисобга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонда ишлаётган фуқароларимиз учун қулай шароитларни вужудга келтириш учун Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиши ўрганиб чиқилаётгани” маълум қилинди.

Шундай қилиб, жорий ҳолат ҳалигача тушунарсиз – Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомида иштирок этиш фикрида тўхтадими, ёки (белгиланган шартларга кўра) бу иттифоққа кириш варианти ҳам борми?

Шу ерда иккита савол пайдо бўлади:
1. Нима учун ЕОИИ (буни Россия деб ўқийверинг) Тошкентни ҳамкорлик бирлашмасига аъзо қилишга уриняпти?
2. Унга аъзоликда Ўзбекистон учун қандай ижобий ва салбий жиҳатлар бор?

Биринчисидан бошлаймиз. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакат бўлиб, у ЕОИИни сезиларли даражада кучайтиради. Мамлакат аҳолиси 30 миллион кишидан ортиқ, бунинг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда йирик бозор, иқтисодий тараққиёт ва транзит имконияти бор. Шунингдек, муҳим геосиёсий жойлашув ўрнига эга – Афғонистон ва Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари билан қўшни.

Бу минтақани (Марказий Осиёни) ҳамкорликка тортиш Ўзбекистонсиз тўлиқ амалга ошмайди ва агар уни бошқа бир йирик сиёсий ўйинчи ўзига оғдириб олса, Россия учун стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган ЕОИИ лойиҳаси охир-оқибатда музлаб қолади. Демак, Москва Тошкентда ўзининг геосиёсий таъсирини ёйиш ва келажакда уни ҳатто Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) ҳам тортиш учун имкони бор барча ишни қилиши керак.

Аммо бу (Ўзбекистонни КХШТга аъзо қилиш) анча қийинроқ бўлади. Чунки Марказий Осиё ҳудудида айни пайтда бирон қўрқинчли террор гуруҳи йўқ. Гарчи ўзбек армияси анча қудратли бўлсада, жангариларнинг оммавий ҳужумига бир ўзи дош беролмаслиги мумкин. (Шундай ҳолатдагина Ўзбекистон ҳарбий иттифоқларга киришга эҳтиёж сезади). Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон бетараф давлат саналади (ҳарбий иттифоқларга қўшилмайди).

Давом этамиз. Агар Ўзбекистон ЕОИИга кирса, бу Россия иқтисоди учун фойдали бўлади – у қонуний арзон ишчи кучига эга бўлади. Россия аҳолисининг кексайиб, қисқариб бориши манзарасида бу омил муҳим ўринга эга. Бироқ айни вазиятда ЕОИИга кириш учун Ўзбекистонда ўзининг сиёсий ва иқтисодий мустақиллигидан ҳам муҳим бўлган кучли эҳтиёж борми? Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа аъзо бўлишининг ижобий томонларидан бири – йирик молия ва хизматлар бозорига кириш, товарларни олиб ўтишда имтиёзли шартлардан фойдаланиш, меҳнат муҳожирлари учун тенг ҳуқуқларга эга бўлиш саналади. Шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра сармоя ва технологиялар, электроэнергия, нефт ва газнинг умумий бозорига ҳам кириш мумкин.

Аммо Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишида салбий жиҳатлар кўпроқ. Сир эмаски, иттифоқ “байроқдори” ва ундаги энг катта бозор эгаси Россия – шундан келиб чиқиб у бошқаларга гапини ўтказади. Шу билан бирга Россия Федерацияси (АҚШ, Хитой каби) жаҳоннинг бирон йирик ўйинчиси билан санкциялар урушини олиб бораётган бўлса, бу унинг ўзидан ҳам кўра иқтисоди кичикроқ ҳамкор давлатларга кўпроқ зарар етказади. Ўзбекистон ҳозирча ўзининг ички бозорини ёмон ҳимоя қилмаяпти, бироқ ЕОИИнинг аъзоси бўлгач ҳам шу ҳолат сақланиб қоладими?

Чунки иттифоқ аъзолари ўртасида манфаатлар мувозанатини ушлаб туриш талаб қилинади. Иқтисоднинг алоҳида соҳалари Россиянинг йирикроқ компаниялари билан рақобатда туриб бера оладими? Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилиги Қирғизистонникини бозордан сиқиб чиқарадими, ёки Россия тўқимачилиги Ўзбекистон йўлига ғов бўладими? Яна бир муҳим ҳолат: ЕОИИ аъзоси бўлгач, Ўзбекистон ўзининг савдо сиёсати, хусусан, ҳозирги тартибни эркинлаштириш устидан назоратни қисман йўқотиши мумкин.

Бу масалада ЕОИИнинг ичида ўсиб келаётган муаммоларни ҳам ҳисобга олиш керак – иттифоқ дарзлардан холи эмас. Охирги шов-шувли можаро Россия ва Беларус ўртасидаги нефт жанжали бўлди. Буларнинг барчаси ҳақиқий иқтисодий манфаатлар эмас, сиёсий хоҳиш-истаклар сабабли келиб чиқади. Шундай вазиятда бу иттифоқ ичидаги ўзаро муносабатлар аниқланиб олгунича Ўзбекистон ЕОИИга киришдан ўзини тийиб туриши тўғри эмасми?

Ўзбекистон мана шу иттифоқсиз ҳам яхши яшаяпти. Унга аъзолик эса фақат меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ҳал қилади:
- уларга ишга жойлашишда устунлик беради, банклардан қарз ва кредит олиш, пенсияни жамғариб бориш мумкин бўлади;
- мажбурий тиббий суғуртага эга бўлади;
- иттифоққа аъзо мамлакатларда вақтинчалик ва доимий яшаш рухсати берилади.

Албатта, буларнинг барчаси меҳнат муҳожирлари учун етарлича жозибадор бўлиши мумкин, аммо Ўзбекистондек муваффақиятли давлат учун бундай солиштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Қисқа қилиб айтганда, бу иттифоқ Арманистон ва Қирғизистон каби кичик ва камбағал давлатлар учун ютуқ бўлиши мумкин, бироқ бемалол ўз оёғида тура оладиган мамлакатларга нисбатан бундай баҳо бериб бўлмайди. Икки томонлама шартномалар амалиёти ҳар доим бўлган – масалан, мамлакат иқтисодиётига Россиядан сармоя жалб қилиш учун иттифоқ аъзоси бўлиш шарт эмас; янги ҳукумат даврида Ўзбекистонга шундайига ҳам сармоя кириб келяпти.

Хуллас, расмий Тошкент ЕОИИ бўйинтуруғини кийишга шошилиши аниқ ўзини оқламайди. Ундан кўра, иттифоқ ичида бўлаётган жараёнларни кузатиб, улардан “ибрат олиш” тўғри эмасми? Агар Москва Ўзбекистонни иттифоққа киришга қайта-қайта ундаб, бунинг эвазига қандайдир ўта улкан нарсани таклиф қилса, бу энди бошқа гап. Бироқ бу қопқонга қўйилган текин пишлоқ бўлади. Буни эса Россиядан ташқари Хитой ва АҚШ ҳам бериши мумкин. Шунда улардан қайси бири Ўзбекистон учун “ҳаётий муҳим”, бошқаси эса “шунчаки ҳаракат имкониятини чеклаш учун” алоқага чиқаётганини аниқлаб олиш керак.

Ҳозир Ўзбекистондаги вазият кўп нарсаларни ваъда қиляпти: Мирзиёев ўтмишдошидан (Ислом Каримовдан) қолган қатъий авторитар ва ташқи дунёдан ажратиб қўйилган режимни “қайтадан юклади”. Биргина мисол келтириш етарли – у ўттиз йилдан бери меҳнат бандлиги муаммосини қийинлаштириб келган прописка тизимини ислоҳ қилишга буйруқ берди. Бундан ташқари,
- ўн иккита шаҳар атрофидаги ҳудудларни шаҳарлаштириш орқали йўлдош агломерацияларни ташкил этиш бўйича ўта йирик лойиҳалар ишлаб чиқиляпти;
- турар-жойлар қуришни тезлаштириш мақсадида янгича ипотека тизимини киритиш режалаштириляпти;
- кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаёт шароитларини яхшилаш учун давлат 105 миллион доллар ажратяпти.

Тўғри, бу унчалик кўп эмас, аммо, барибир, одамларга ёрдам бўлади. Камбағалликни қисқартириш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинадиган бўляпти. Мирзиёевнинг ваъда беришича, бундан буён ойлик, пенсия, стипендия ва нафақалар инфляциядан кўпроқ қилиб оширилади. Ҳукуматга 2020 йилнинг ўзида камида 500 минг иш ўрни ташкил этиш вазифаси берилган.

Шунингдек, бу йил мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасига ажратган харажатлари 23%га кўпайди ва ҳозирда 2 миллиард долларни ташкил этяпти. Мирзиёев давлат тепасига келиши билан дори-дармон ва тиббий ускуналарни сотиб олиш учун ажратиладиган пул 6,5 марта, онкологик касалларга ажратиладиган маблағ эса 20 мартага ошди. Умуман олганда, Ўзбекистон турли хил соҳаларда етарлича улкан лойиҳаларни амалга оширяпти. Алоҳида таъкидлаш керак – ЕОИИга аъзо бўлмаган ҳолда!

Охирги саволга қайтамиз. Расмий Тошкент ҳамкорлик тузилмаларида иштирок этиш масаласида ҳар доим эҳтиёткор, ҳатто ўта эҳтиёткор бўлиб келган. Бироқ бундай шароитда у дунёдаги куч марказларининг (Россия, АҚШ, Хитой) барчасидан бир хил узоқда бўлиши туфайли фақат ютган. Шундай экан, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласига Шавкат Мирзиёев ўта жиддий ёндашиши, бунда юзаки эмас, барча томонларни ҳисобга олиб қарор қабул қилиши керак бўлади.

Ирина Жорбенадзе
Грузиялик сиёсий таҳлилчи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонга Евросиё Иқтисодий Иттифоқи керакми?