19:38 / 06.09.2020
6 926

Дилбар Икромованинг келини қайнонаси кўчада қолиб, хор-у зор бўлгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди (видео)

Дилбар Икромованинг келини қайнонаси кўчада қолиб, хор-у зор бўлгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди (видео)
Фото: YouTube
Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 25 август куни коронавирус оқибатида вафот этди.
Дилбар Икромованинг ҳамкасблари «Миллий» телеканалининг «М-коктейл» лойиҳасида актриса қариган чоғида ижарама-ижара, сарсон бўлиб яшагани ҳақида гапириб берди.

Ушбу гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад Дилбар Икромованинг келини Зоҳира Икромова билан суҳбатлашди. Зоҳира Икромова қайнонаси ҳақидаги барча гап-сўзларга ойдинлик киритди.

- "Бу кўрсатувга чиқсаммикан, йўқмикан, тўғри қиляпманми, йўқми, деб ўйладим. Олдимда учта қизим бор, 5-6 йилдан сўнг уйимизга совчилар кела бошлайди. Келган совчилар ‘бу қизларнинг онаси қайнонасини кўчада қолдирган’, деган маломатлар бўлмаслиги учун гапиришга қарор қилдим.

Қайнонам билан муносабатимиз жуда яхши эди. Улар ҳақида фақат яхши гапларни гапиришим мумкин. Ҳар бир оилада икир-чикир гап-сўзлар бўлиши аниқ. Мени эркалаб Зоҳи дердилар, ҳаттоки туғган онамдан ҳам рашк қилардилар. ‘Уйга бориб келсам майлими?’, десам, сал хафа бўлардилар-да, ‘майли, фақат вақтли қайтасиз, сизсиз ўтира олмайман, сизлар кетсангиз уйим ҳувуллаб қолади’, дердилар.

Ота-онамникидан қайтганимдан кейин бир хил пайт йиғлаб юборар эдилар. ‘Болам, сиз мени ёшингиз катта бўлгандан кейин тушунасиз, ёлғизлик қурсин, сиз кетасиз юрагим ҳувуллаб кетади, келсангиз уйимга онам келгандек бўлади’, дердилар. Биз қайнона-келин бўлмаганмиз, яқин дугона бўлганмиз. Кўнгиллари синиқ инсон бўлгани учун бирорта режиссёр ва актёрларнинг сал гапи ҳам уларни хафа қилиб қўярди. Ҳаммага мени администраторим дердилар. Бир-иккита режиссёрлар пулларини бермаган вақтларида ‘мана администраторим, яқинда кўзи ёрийди, пулимни беринглар’, дердилар.

Ҳақиқатан, жуда хокисор аёл эдилар. Бировни юзига тик қарамас, бировни дилини оғритмас эдилар. Ҳамма дардлари шу ўзларининг хоналарида қолиб кетарди.

Улар янги рол олсалар байрам бўлиб кетарди. Бир куни ‘Зоҳи, келинг олдимга’, дедилар. Зоҳи дедиларми, демак, бир яхши гап бўлар эди. ‘Бугундан бошлаб эрингиздан ҳам, болаларингиздан ҳам дам олиб, менга хизмат қиласиз’, дедилар. ‘Мана Турғун Азизов менга ‘Ўзбекча рақс’ спектаклини бердилар, сиз ўтириб менга образ топасиз’, дедилар. Мен уларга доим партнёр бўлардим. Дам раис бува, дам Мариям келин бўлиб ролларини ижро этардик. Хуллас, қайнонам билан муносабатимиз жуда яхши эди.

Хўжайиним билан ўртамизда сал бир машмашалар чиқиб қолди, энди бу оилавий гап-сўзлар. 24- январь куни тунда қайнонам эшикни тақиллатдилар. Улар эшикни тақиллацалар қўрқиб кетаман, чунки қон босимлари бор. Чиқсам, йиғлаганлар, қўрқиб кетиб ‘ойижон тинчликми нима бўлди?’, дедим. Қўлларида Қуръон китоби, ‘Болам, бир неча кундан буён кўнглим жуда ғаш, Қуръон китобини олинг-да қасам ичинг, мен бу ҳаётда борманми, йўқманми ҳеч қачон ўғлимни ташлаб кетмайсиз, шундай деб қасам ичинғ, дедилар. Орангиздан оламушук ўтганини сезиб юрибман дедилар. ‘Эркак кишининг битта айниб оладиган вақти бўлади, айниган вақтида ҳам ташлаб кетманг, сизни Аллоҳга, ўғлимни сизга омонат қилиб ташлайман’, дедилар. Кейин ‘нима бўлган тақдирда ҳам, оиламни ташламайман деб қасам ичдим, бағриларига босиб йиғладилар. Хуллас, эрим билан маълум бир сабабларга кўра ажрашдик
", - дейди Зоҳира Икромова, Дилбар Икромованинг келини.

Зоҳира Икромова суҳбат давомида ҳозир яшаётган 3 хонали уйини Дилбар Икромова уч набираси кўчада қолмаслиги учун келини ва набираларига бериб, уч йил олдин чиқиб кетганлиги, бу уйдан ташқари Дилбар Икромованинг Дўрмонда ҳовлиси ҳамда 2 хонали бошқа бир уйи борлигини маълум қилди.

- "Одамлар ‘Дилбар Икромова давлатдан уй сўраб юрибди’, дейишмоқда. Бунга ҳам ойдинлик киритмоқчиман. Улар мен учун Сергели туманидан бир хонали уй сўраганлар. Шу ерда ҳам қайнонам мени ўйлаганлар.

Уч йилдан буён алоҳида яшардик. ‘Дилбар Икромова умрининг охирида хор-у зорликда яшади, уйсиз яшади’, деган гаплар асоссиз. Шу хонадонга тушганимдан буён етар-етошмовчилик кўрмаганман. Қайнонам ҳамиша музлаткични тўлдириб қўярдилар. Эрим ҳам жуда нуфузли жойда ишларди.

Қайнонам ҳақиқатдан ҳам жаннати аёл эдилар. Ҳаётларини санъатга, фарзандларига бахшида қилган, исмларига монанд дилбар аёл эдилар. Мухлисларидан илтимос қилиб сўрардим, бу гапларга чек қўйишса, руҳларини чирқиратишмаса, дейман. Аллоҳга шукр, жуда яхши яшадилар, ҳеч муҳтожлик кўрмадилар, қандайдир икир-чикирлар бўлгандир, аммо кўчада қолган, деган гаплар нотўғри.

Мухлислардан уларни ташвишга солганим учун минг бор узр сўрайман, шунча гап-сўзлар бўлиб кетгани учун кечирим ҳам сўрайман. Фақат улардан вазиятни тўғри талқин қилишларини сўраб қоламан
", - дейди Зоҳира Икромова, Дилбар Икромованинг келини.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дилбар Икромованинг келини қайнонаси кўчада қолиб, хор-у зор бўлгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди (видео)