11 ёшли Фотима ва отасининг ҳаёти ўзгарди: уларга уй совға қилинди (видео)

Отаси ободонлаштириш хизматида ишлаб, 11 ёшли қизини ёлғиз вояга етказаётган отанинг ҳикояси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Балерина бўлишни орзу қиладиган қизалоқ Фотима ва унинг отаси Рашид акага халқ томонидан уй совға қилинди.
Ҳаммаси 25 октябрь, якшанба куни ўтказилган ҳашардан бошланди. Сардор исмли блогер ободонлаштириш хизмати ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглайди. «Яна кимнинг муаммоси бор? Кимга уй керак?» деб сўраганида, ишчилар орасидаги ёши катта аёллардан бири ўзларига эмас, Рашид акага ёрдам беришни сўрайди. Бошқа ходимлар ҳам унинг уй-жойга муҳтожлигини айтиб, блогернинг эътиборини унга қаратади.
Рашид ака билан суҳбатда унинг қизини ёлғиз тарбиялаётгани маълум бўлади. Аёли Фотима ҳали 40 кунлик чақалоқ бўлганида уларни ташлаб, Россияга кетган. Шундан буён ота қизини ҳалол меҳнати билан катта қилиб келмоқда. Фотиманинг эса бир орзуси бор — келажакда балерина бўлиш.
Бу воқеа кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Сардор исмли блогер ташаббуси билан халқ бирлашиб, ота ва қизга уй олиб берди. Кейинчалик блогер уларни янги хонадонига олиб бориб, уй таъмирлангани, жиҳозлар, кийим-кечак ва бошқа зарур буюмлар билан таъминланганини кўрсатди. Ҳатто пардалар ҳам Фотиманинг балерина бўлиш орзусидан илҳомланиб тайёрлангани кўринади.
Янги уйини кўрган ота ва қиз қувончини яшира олмади. Фотима эса уларга кўрсатилган меҳр ва эътибор учун миннатдорчилик билдириб, олдиндан тайёрлаб келган рақсини ижро этди. Суҳбат давомида қизалоқнинг майда қилиб ўрилган сочларини ҳам отаси ўзи ўриб қўйиши маълум бўлди.
Ота ва қиз ўртасидаги самимий меҳр-муҳаббат, шунингдек, беғараз ёрдамга қўл узатган инсонларнинг эзгу иши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг илиқ муносабатига сабаб бўлди.






























Изоҳлар 0
…