Илон Маск дунёдаги илк триллионер бўлиши мумкин

Илон Маскга тегишли SpaceX компанияси акциялари оммавий савдога чиқариш арафасида 1,75 триллион доллар деб баҳоланди. Агар акциялар шу нархда сотилса, Маск дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин. Бу ҳақда компания АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этган ҳужжатларда маълум қилинди.
Қайд этилишича, SpaceX акцияларининг бошланғич баҳоси 135 доллар этиб белгиланган. Шу нархда сотилса, компаниянинг умумий қиймати 1,75 триллион долларга етиши мумкин, бу эса аввалги 1,25 триллион долларлик баҳолашдан юқори.
Маълумотга кўра, SpaceX’нинг IPO жараёни 12 июнь куни Nasdaq биржасида бошланиши кутилмоқда. Компания 75 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирган бўлиб, бу АҚШ тарихидаги энг йирик IPOлардан бири бўлиши мумкин.
Мутахассислар бундай акция нархининг олдиндан эълон қилиниши кам учрайдиган ҳолат эканини айтади. Агар 135 доллар ёки ундан юқори нарх тасдиқланса, SpaceX дунёдаги энг қиммат компаниялар қаторига кириши мумкин.
Шу ҳолатда компания акцияларининг катта қисмига эгалик қилувчи Илон Маскнинг бойлиги ҳам кескин ошиб, назарий жиҳатдан уни дунёдаги биринчи триллионерга айлантириши мумкин.
Бироқ таҳлилчилар бундай натижа кафолатланмаганини таъкидламоқда. SpaceX ҳозир 18,6 миллиард доллар даромад олган бўлса-да, 4,9 миллиард доллар зарар билан йилни якунлаган. 2026 йил биринчи чорагида ҳам зарар 4,3 миллиард доллар бўлган.
Ҳозирда SpaceX активлари 102 миллиард доллар, қарзи эса 60,5 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Шу билан бирга компания космик лойиҳалардан ташқари сунъий интеллект, интернет сунъий йўлдошлари ва дата-марказлар соҳасига ҳам катта сармоя киритмоқда.





























Изоҳлар 0
…