Қашқадарёда эшак гўшти савдоси: суд айбдорларга жазо тайинлади

Қашқадарёда эшак гўшти савдоси: суд айбдорларга жазо тайинлади
Аудио версияси

Қашқадарё вилоятида эшак гўштини ноқонуний сақлаш ва сотиш билан шуғулланган шахсларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди 13 май куни икки нафар айбланувчини истеъмолчилар ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни муомалага чиқаришда айбдор деб топди.

Суд материалларига кўра, муқаддам бир неча бор судланган Қарши тумани фуқароси И.Х. ўз уйида санитария талабларига зид равишда яширин кушхона ташкил этган. У турли бозорлардан эшаклар сотиб олиб, уларни сўйиш ва гўштини сақлаш билан шуғулланган.

2025 йил 28 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбирда унинг хонадонидан 247,2 килограмм эшак гўшти, 99 дона эшак териси ва суяклари ашёвий далил сифатида олинган. Экспертиза ушбу маҳсулотлар истеъмол учун мутлақо яроқсиз ва инсон саломатлиги учун хавфли эканини тасдиқлаган.

Судланувчи кўрсатмасида гўштни Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига олиб бориб, ит боқувчи шахсларга сотганини айтган. Шунингдек, бу ишга турмуш ўртоғининг оғир хасталиги — бош мия саратони сабаб бўлганини билдирган.

Иккинчи судланувчи Й.А. эса Қарши туманидаги “Карвон” мол бозорида рухсатномасиз гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган. Тезкор тадбир давомида сотувчилардан, жумладан ундан ҳам, жами 127,2 килограмм эшак гўшти олиб қўйилиб, йўқ қилинган.

Дастлабки терговда айбланувчиларга “бир гуруҳ бўлиб жиноий тил бириктирган” деган айблов қўйилган бўлса-да, судда уларнинг ўзаро жиноий алоқаси исботланмади. Шу сабабли ҳар бирининг қилмишига алоҳида ҳуқуқий баҳо берилди.

Суд қарорига кўра, И.Х. 3 йил 25 кунга, Й.А. эса 1 йил 6 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, уларга тунги вақтда уйдан чиқмаслик ва Қашқадарё вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби қўшимча чекловлар юклатилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар