
Жорий мавсумнинг биринчи ярмида майдонга тушган учрашувларда фаол, ишончли ва барқарор ўйин намойиш этган Абдуқодир Ҳусанов кетма-кет икки жароҳатдан сўнг асосий таркибдан четлаб қолди. Бу ҳолат ўзбек футболчисининг ўйин амалиётига салбий таъсир қилди ва у сўнгги пайтларда мунтазам равишда захира ўриндиғида қолмоқда.
Хосеп Гвардиола раҳбарлигидаги «Манчестер Сити»да Ҳусанов Европа Чемпионлар лигаси ва Англия Премьер-лигасида ҳам асосий таркибдан жой ололмаяпти. Бироқ яқин кунларда вазият ўзгариши мумкин.
17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:30 да «Манчестер Сити» Англия Лигаси кубоги доирасида «Брентфорд»га қарши майдонга тушади. «Этихад» стадионида бўлиб ўтадиган ушбу баҳс ярим финал йўлланмаси учун ўтади ва мухлислар учун катта қизиқиш уйғотмоқда.
Британиянинг нуфузли sportsmole.co.uk нашри экспертларининг фикрича, ушбу учрашувда Хосеп Гвардиола таркибни жиддий равишда янгилаши кутилмоқда. Журналистлар «шаҳарликлар» устози сўнгги пайтларда кам ўйнаётган футболчиларни майдонга тушириб, уларнинг имкониятларини синаб кўриши мумкинлигини таъкидламоқда.
Маълум қилинишича, охирги ҳафталарда «Сити» асосан бир хил барқарор таркиб билан ҳаракат қилди ва бу тактика барча мусобақалар доирасида кетма-кет бешта ғалабага олиб келди. Энг сўнгги муваффақият Премьер-лига доирасида «Кристал Пэлас» устидан сафарда 3:0 ҳисобида қўлга киритилди ва жамоа турнир жадвалида иккинчи ўринни сақлаб қолди.
Бироқ «Селхерст Парк»да ўтган ўша учрашувда майдонга тушган футболчилардан фақат беш нафари «Брентфорд»га қарши баҳсда ҳам ўйнаши мумкин. Сабаби, жамоада кадрлар билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Родри (сон орқа мушаги жароҳати) ва Матео Ковачич (тўпиқдан олган шикасти) сафдан чиққан. Шу боис, ярим ҳимояда маълум танқислик сезилмоқда ва мавсум давомида асосий юк Нико Гонсалес зиммасига тушиб келмоқда. Мутахассислар фикрича, испаниялик футболчига дам бериш вақти келган.
Кутилмоқдаки, таянч ярим ҳимояда Тижани Рейндерс ва Бернарду Силва жой олади, улар ортидан эса ҳужумкор футболчи Райан Шерки ҳаракат қилади. Ҳужум қанотларида Жереми Доку жароҳати сабаб қатнашмаслиги мумкин, аммо унинг ўрнини Оскар Бобб ёки Савиньо тўлдириши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳимоя чизиғида ҳам катта ротация кутилмоқда. Натан Аке, Абдуқодир Ҳусанов, Рико Льюис ҳамда иккинчи рақамли дарвозабон Жеймс Траффордга ўзини кўрсатиш имконияти берилиши мумкин. Бу эса Ҳусанов учун ўз ўрнини қайтадан мустаҳкамлаб олишда муҳим имконият бўлиши мумкин.
SPORTSMOLE.CO.UK талқинига кўра, «Манчестер Сити»нинг «Брентфорд»га қарши эҳтимолий таркиби қуйидагича:
Дарвозабон: Жеймс Траффорд
Ҳимоячилар: Рико Льюис, Абдуқодир Ҳусанов, Натан Аке, Нико О’Рейли
Ярим ҳимоячилар: Тижани Рейндерс, Бернарду Силва, Оскар Бобб, Райан Шерки, Савиньо
Ҳужумчи: Эрлинг Холанд
Мазкур баҳс ўзбек футбол мухлислари учун ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Чунки Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибга қайтиши нафақат унинг шахсий фаолияти, балки Ўзбекистон футболи нуфузи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.