Бизнинг даврларда 9-10-синф болалари чуқурлаштирилган таълим асосида ўқитиларди.
Яхши ўқимаганларга ё ўқишга киришни истамаганларга “марҳамат, элнинг буюк болаларига халақит бермай, ўша томонларнинг чангига қоришиб юринг”, дегандек, “спту”ларнинг эшикларини ланг очиб қўйишарди. Ёдимда, саккизинчи синфни битириб, сарагимиз саракка ажралаётган пайтимиз, бир аълочи дўстимиз оилавий шароити яхши бўлмаганидан, кўча ҳаётига равона бўлди. Ваҳоланки, у мактабимизнинг энг илғорларидан бири, ҳаммадан кўп китоб ўқиган, турли фан бўйича олимпиадаларда ғолиб бўлган ўспирин эди.
Унинг бу қароридан ҳамма ачинса-да,ҳеч ким ёрдам бера олмаган. Мен ҳам шулар қаторида беимкон қулдек боқиб турардим. Мен ақли ҳаммадан кўп бўлганўша боладанўта қарздор эдим. У менга китобга бўлган муҳаббатни уйғотиб кетганди. “Сариқ девни миниб”ни зўрға ўқиётган пайтимиз, у Ўткир Ҳошимовнинг асарларини мутолаа қилиб юрарди. Ундан “Икки эшик ораси”ни сўраб ўқиганим ёдимда.
Менинг, ўша даврлардаги катта китобга муккасидан кетишимбалким унга нисбатан ҳавас ва ҳасадга ўхшаган бир туйғу билан бошланган бўлса ҳам бордир– зеро, кўп ҳолларда ўзим учун эмас, унга етиб олиш учун ўқиётганимни сезардим. У эса ҳеч кимдан ўзиш учун эмас, ўзи учун, фақатгина китобни яхши кўргани учун ўқирди, холос. Ана шундоқ нодир тенгдошим оилавий шароитининг оғирлиги сабаб мактабни ташлаб кетганди.
Кейинроқ, “миллий”да ўқиб юрган пайтларим ўша дўстимнинг онасини кўриб қолдим. Онаизор зорланиб йиғлади. Ўғил ўқишга кирмагани аниқ. Бу ҳам етмаганидек, кўча ҳаётига қаттиқ киришиб кетганидан, безори болалар билан кичикроқ жиноий ишга аралашиб қолган экан…
Яна йиллар ўтди, “Чорсу” бозорининг тўполонларидан гангиб кетаётган пайтим, тўғримдан келаётган истараси иссиқ йигитга кўзим тушиб қолди. Ҳа, у эди. Сўрашдик. Ишлари сал бўлса ҳам олдинга силжибди. Бозордаги савдо расталаридан бирида ишлаётган экан. Хурсанд бўлдим. Хайрлашар эканман, менга кулиб қўйди: “Ҳа-я, роса машҳур бўлиб кетдинг-а, ТВда кўрсам, ўртоғим эди, деб қўяман”.
Мен унинг нигоҳидаги самимиятни пайқадим. Ҳеч қандай ҳасад йўқ эди. “Китоб ўқиб турибсанми?” дедим гап тополмаганимдан. “Албатта, — деди у, -китобсиз яшаб бўларканми?” Айтяпману, у китобни фақат севганидангина ўқирди. Қандайдир мақсадлар унга бегонадек эди.
Хайрлашиб кетдим. Иккимиз яна ўзимиз танлаган томонга қараб йўл олдик. У билан бошқа кўришмадим.
Яна бир воқеани келтираман. Ғарбдан. Криштиану Роналду деган юлдуз ҳикоя қилади бу ҳодисани:
«Футболда бугун эришаётган ютуқларимга энг яқин дўстим Алберту Фантрау улкан ҳисса қўшган. Ёш бола пайтларимда бир кичик футбол мактабида у билан биргаликда тўп сурганман. Биз иккимизни «Спортинг» футбол клуби мутасаддиларига тавсия этишибди. Бир куни ушбу клуб мутахассислари ўйинимизни томоша қилиш учун академиямизга ташриф буюришди. Улар биздан бор куч билан ҳаракат қилишимизни талаб қилишар экан, «Спортинг» клубида бор-йўғи битта жой борлигини ва ким бугун кўпроқ гол уришга эришса, ўша футболчини ўзлари билан бирга олиб кетишларини таъкидлашди.
Ўйин 3-0 ҳисобида бизнинг фойдамизга ҳал бўлган. Ҳамон ёдимда, биринчи голни рақиб ҳимоячиларини бирма-бир чиройли тарзда алдаб ўтиб, мен урганман. Иккинчи тўпни эса дўстим Алберту киритган эди. Учинчи гол барчани таажублантирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари ўз поёнига етиб бораётган бир пайтда, дўстим дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чикиб келди. Уни алдаб ўтдию, ёнига югуриб келганимни кўриб, тўпни менга узатди ва мен учинчи голга муаллифлик қилдим. Ваҳоланки, ўшанда дўстимнинг ўзи ҳам бўш қолган дарвозани бемалол ишғол қилиши мумкин эди. Ўйин тугагач, унинг ёнига югуриб келдим ва ҳайрат билан: «Нима учун бундай қилдинг?» деб сўрадим. У эса бошини эгиб олиб: «Криш, сен бу жойга лойиқсан, чунки сен мендан зўрсан!» — деди-да, орқасига қараб кетиб қолди. Якунда айнан мен «Спортинг» клуби аъзосига айландим”.
Криштианунинг ушбу гапларидан сўнг журналистлар футболчининг дўсти Алберту Фантрауни излаб топишди. У ҳам ўз навбатида Роналдунинг гапларини сўзма-сўз тасдиқлади ва ўша воқеадан сўнг футболдан умрбодга кетганлигини айтди. Журналистлар: «Ўзингиз ишсиз экансиз… Шундай катта данғилама уй билан қимматбаҳо автомобил қаердан?»деб сўрашганида, Алберту: «Буларнинг барчаси Криштианунинг пулларига сотиб олинган”, дея жавоб қайтарди.
Тўғри, бу икки воқеа ўртасини тўсиб турган молиявий муносабат ҳам бор. Аммо, тан олиш керакки, Роналду ҳар қанча бой бўлса ҳам, бу ҳолатда инсонийликдан узоқлашиб кетмаганини кўрамиз.
Мен ўша дўстимга ҳозир ҳам жиддий ёрдам бера олмасам керак. Қандайдир дард тиқилиб қолгандек юрагимга. Сезганмисиз, шунақа пайтларда кимгадир яхшилик қилиш кайфияти кучаяди одамда?! Мени ҳам шу туйғу четлаб ўтмаган, шекилли, ҳозир шу икки воқеага озгина даҳлдор бошқа бир ҳодисани айтиб ўтаман.
Ўтган йили “Локомотив” клуби қошидаги футбол мактабига бориб, бир танишимнинг 2007 йилда туғилган ўғли кўрикдан ўтганига гувоҳ бўлганим ҳам ёдимда. Бу – учинчи воқеа. Ёмонмас, ҳимояга тортадиган ўйин кўрсатди. Лекин шу болакайлар ичида Янгийўлдан келган Шоҳрух деган бола ярқ этиб ажралиб қолди. Машғулотга илк келган куниёқ эски ўйнаб юрган тенгдошларини хотиржам алдаб, голлар уриб ташлади ва томоша қилаётган ота-оналарни ўзига ром этиб қўйди. Мураббий ҳам: “Шоҳ, Шоҳ”, деб фақат унга кўрсатмалар беришга тушди.
Майдон четида унинг онаси турган экан. Янгийўлдан келган. Сўраб билишимча, Шохрух ўз маҳалласида анча яхши ўйинлар кўрсатган, интернетни кузатган танишлари онасига “Болангизни Тошкентга олиб бормасангиз бўлмайди…” деб қўярда қўймай, шу жойга юборишган экан. Сездим, кўрдим, онаизорнинг шароити у қадар яхши эмас. Ҳафтада бир марта кела оламиз, деганидан билдим бу ҳолатни. Болага қараб туриб, узоқ Португалияю Аргентинага кетибди хаёлим. Селекционерларнинг изғиб юриши натижасида иқтидорлар четда қолиб кетмаслигини эсладим. Бизда эса…
Хуллас, бу оддий мақолам орқали балким ўша янгийўллик иқтидорли болакайга озгина бўлса ҳам фойдам тегиб қолар, деб яхши ният қилдим. Йўқ, йўқ, асло. Мен бу мақолани кейинчалик Шохрух Худойберганов деган юлдуз пайдо бўлиб қолса, тарғибига ҳисса қўшгандим, деган даъвода юриш учун эмас, балким ўтмишдаги дўстимнинг тақдири бошқа бир болакайда такрорланмасин, дедим, холос.
Ҳатто бу хабарни бир йил олдин ижтимоий тармоқларда ҳам бергандим. Мана шу хабар эълон қилингач, бу болакайга ёрдам берганлар талайгина бўлди. Ҳатто чет элдаги кўрикларда ҳам қатнашиб қайтди. Лекин яқинда Шоҳруҳ яна ёрдамга эҳтиёж сезаётганини эшитиб, ранжидим ва шуни газетага илинишга қарор қилдим.
Чунки бу болага ўхшаган иқтидорлар юртимизнинг исталган худудидан топилади ва йўқолиб кетишади. Уларнинг футболчи бўла олмаётганларига эса, қисман ҳар биримиз айбдормиз. Ҳар биримиз.
Хайрулла ҲАМИДОВ
Манба: www.erudit-sport.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Шойгу Россиянинг “ядро соябони” кимни ҳимоя қилишини айтди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди