Исроил ҳарбийлари билан боғлиқ ҳодисада 7 ойлик чақалоқ ҳалок бўлди

Исроил ҳарбийлари босиб олинган Ғарбий соҳилда оилавий автомобилга қарата ўқ узиши оқибатида етти ойлик фаластинлик чақалоқ ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар қилди.
Маълум бўлишича, 5 июнь куни Ҳеброн шаҳрида содир бўлган воқеада Сам Фаҳд Абу Ҳайкал исмли чақалоқ оғир яраланган ва шифохонада вафот этган. Ҳодиса вақтида унинг отаси, Байтлаҳм университети маърузачиси Фаҳд Абу Ҳайкал ҳам жароҳат олган.
Отанинг айтишича, ҳарбийлар тўхташ ишорасини берганидан сўнг у автомобилни тўлиқ тўхтатган. Шунга қарамай, машинага қарата ўқ узилган. Унинг таъкидлашича, кун ёруғ бўлган ва ҳарбийлар автомобиль ичида оила аъзолари борлигини аниқ кўриши мумкин эди.
Исроил мудофаа кучлари эса автомобил ҳарбийлар томон тезлашаётгани учун ўқ узилганини маълум қилди. Бироқ дастлабки текширувда жабрланганлар тинч аҳоли экани аниқланган. Воқеа бўйича суриштирув давом этмоқда.
Фаҳд Абу Ҳайкал ҳодисани холисона текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.
БМТ маълумотларига кўра, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда уруш бошланганидан бери 1000 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган бўлиб, уларнинг камида 240 нафари болалардир.





























Изоҳлар 0
…