Elon Musk: Starlink В3 тезлиги 10 баравар, сиғими эса 100 баравар ошади

Elon Musk яқин орада учирилиши режалаштирилаётган Starlink сунъий йўлдошларининг янги авлоди ҳақида инқилобий тафсилотларни маълум қилди. Янги Starlink В3 қурилмалари В2 моделига нисбатан 10 баравар кўпроқ ўтказувчанлик қобилиятига эга бўлиб, ҳар бир сунъий йўлдош 1 Тбит/с дан юқори тезликни таъминлай олади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Миллиардернинг сўзларига кўра, коинотга ҳозиргидан 10 баравар кўпроқ аппарат учириш режалаштирилган. Натижада, бутун тизимнинг умумий сиғими 100 баравардан зиёдроққа ортади. Шунингдек, сунъий йўлдошларнинг орбита баландлиги 550 километрдан 350 километргача туширилади, бу эса сигнал кечикишини (пинг) сезиларли даражада камайтиради.
Физика қонунларига кўра, сигналнинг бориб-келиш вақти 5 миллисекунддан камроқни ташкил этади. Бундай кўрсаткич Starlink хизматини ҳатто сайёрамизнинг энг чекка нуқталарида ҳам оптик толали интернет тармоқлари билан бир қаторга қўяди. Бу геймерлар учун онлайн ўйинлар, 8К форматдаги стримлар ва масофавий иш учун идеал шароит яратади.
Starlink В3 қурилмаларининг илк партияси 2026-йилда Starship ракета-ташувчиси ёрдамида коинотга чиқарилиши кутилмоқда. Маълумот ўрнида, бугунги кунда ушбу сервисдан дунёнинг 160 та мамлакатида 12 миллиондан ортиқ абонент фойдаланиб келмоқда.





























Изоҳлар 0
…