Россияда 5G ишга тушиши оддий фойдаланувчилар учун сезиларсиз бўлади

«MegaFon» бош директори Хачатур Помбухчан 5G технологиясининг жорий этилиши борасидаги кутилмаларни баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мавжуд частоталарда янги стандартни ишга тушириш маълумот узатиш тезлигини атиги 18–20 фоизга оширади. Бу эса оддий фойдаланувчилар учун деярли сезиларсиз ўзгаришдир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирда Россиядаги абонентларнинг фақат 10 фоизга яқин қурилмалари 5G стандартини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Apple ва Samsung компаниялари ушбу минтақа учун 5G функциясини ҳали блокдан чиқармаган. Хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг кўплаб смартфонлари эса ажратилган 4,63–4,99 ГГс диапазонида ишлаш имкониятига эга эмас.
Помбухчан операторларнинг 5G тез орада ҳамма учун очиқ бўлиши ҳақидаги рекламаларини шунчаки «хайп» деб атади. Унинг таъкидлашича, янги стандартнинг асосий афзалликлари — паст кечикиш ва катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор узатиш — кўпроқ корпоратив мижозлар, ақлли шаҳарлар, телемедицина ва ҳайдовчисиз транспорт воситалари учун фойдали бўлади.
Россияда 5G тармоғининг оммавий ривожланиши бир ярим йилдан кейин, маҳаллий телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгач бошланиши кутилмоқда. Дастлабки босқичда тармоқ йирик шаҳарлар, стадионлар ва боғлар каби одамлар гавжум жойларда жорий этилади.
Маълумотларга кўра, Россия операторларининг 2036-йилгача 5G инфратузилмасини яратиш учун сарфлайдиган умумий капитал харажатлари 335 миллиард рублдан ошиши мумкин. Шундан 286 миллиард рубли бевосита истеъмолчи сегментига (Б2К) йўналтирилади.





























Изоҳлар 0
…