АҚШда катер ва экраноплан гибриди синовдан ўтказилди: тезлик 130 км/соат

АҚШнинг Регент компанияси ўзининг Сқуире деб номланган денгиз учиш аппарати намойишчисини синовдан ўтказишни давом эттирмоқда. Компания вакилларининг маълум қилишича, қурилма лойиҳадаги максимал тезлик — 70 узелга (тахминан 130 км/соат) эришган. Эндиликда ишлаб чиқувчиларнинг асосий вазифаси парвоз масофаси ва давомийлигини оширишдан иборат бўлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Сқуире аппаратини одатий экранопланлар сирасига киритиб бўлмайди. Қурилма ҳаракатланишда бир вақтнинг ўзида уч хил режимдан фойдаланади: дастлаб у сув устида оддий кема каби сузади, сўнгра гидрофоиллар (сув ости қанотлари) ёрдамида ҳаракатга ўтади ва якунда аэродинамик экран эффектидан фойдаланиб, сув юзасига яқин баландликда парвоз режимига кўтарилади.
Компания маълумотларига кўра, аппарат саккизта электр двигатели билан жиҳозланган ва қанотлари кенглиги тахминан 5,5 метрни ташкил этади. У 185 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишга қодир. Лойиҳа АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва унинг ишланмалари учун қарийб 15 миллион доллар ажратилган.
Шу билан бирга, Регент компанияси қурилманинг фуқаролик авиацияси учун мўлжалланган Висерой версияси устида ҳам иш олиб бормоқда. 12 кишилик ушбу аппарат 300 км масофага учиши кўзда тутилган. Компания хабарига кўра, ушбу модел учун олинган дастлабки буюртмалар портфели ҳозирнинг ўзида 10 миллиард доллардан ошиб кетган.





























Изоҳлар 0
…