Хитойнинг Тианвен-2 зонди Ой бўлаги бўлиши мумкин бўлган астероидга яқинлашмоқда

Хитойнинг Тианвен-2 космик аппарати яқин ҳафталарда Камўоалева деб номланувчи кичик астероидга яқинлашиши кутилмоқда. Ушбу объект 2016-йилда Гавайи университети Астрономия институти томонидан Пан-СТАРRS телескопи ёрдамида кашф этилган эди. Мазкур миссия коинот тадқиқотлари тарихида ўзига хос ўринга эга, чунки у астероиднинг келиб чиқиши ҳақидаги муҳим саволларга жавоб бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Камўоалева — А Ҳуа Ҳе Иноа дастури доирасида гавайи тилида номланган биринчи осмон жисмидир. Олимларнинг тахминига кўра, бу астероид қадимги тўқнашув натижасида Ойдан ажралиб чиққан парча бўлиши мумкин. Тианвен-2 миссиясининг асосий вазифаси нафақат объект сиртини ўрганиш, балки ундан намуналар йиғиб, Ерга қайтариб олиб келишдан иборат. Бу эса 2021-йилда илгари сурилган "ой гипотезаси"ни текшириш имконини беради.
Гавайи университети Астрономия институти раҳбари Дуг Симонснинг таъкидлашича, ушбу миссия сайёраларни ўрганиш фанида янги босқични бошлаб беради. Ер усти телескоплари орқали топилган объект эндиликда бевосита космик аппарат ёрдамида тадқиқ этилади. Гавайи тилидан таржима қилинганда "тебранувчи осмон жисми" маъносини англатувчи Камўоалева ўзининг Ерга нисбатан ғайритабиий орбитаси билан ажралиб туради.
Агар Тианвен-2 астероиднинг Ойдан келиб чиққанини тасдиқласа, бу Ер ва Ой ўтмишда ўзаро модда алмашгани ҳақидаги назарияларни мустаҳкамлайди. Бундай тадқиқотлар Қуёш тизимининг эрта динамикасини тушунишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда Хитой муҳандислари ва халқаро олимлар гуруҳи аппаратдан келадиган илк яқин масофадаги маълумотларни кутишмоқда.





























Изоҳлар 0
…