Сиеменс дунёдаги илк тижорий термоядровий кемани яратишда иштирок этади

Посидониа 2026 халқаро кўргазмасида Фусион Повер Барге (ФусПоБ) лойиҳаси эълон қилинди. Мазкур лойиҳа доирасида халқаро консорциум дунёдаги илк термоядровий синтезга асосланган сузувчи энергетика платформасини яратишни режалаштирмоқда. Лойиҳа иштирокчилари технологиянинг тижорий намунасини 2032-йилга қадар тақдим этишни мақсад қилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Консорциум таркибига Американинг кемачилик бюроси (АБС), Исроилнинг термоядровий технологияларга ихтисослашган нТ-Тао компанияси, шунингдек, Сиеменс Энергй, П&П Марине Консультантс ва Франциянинг ТEМИСТ компаниялари кирди. Дастлабки босқичда ҳамкорлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва келажакдаги платформага қўйиладиган талабларни белгилаш билан шуғулланадилар.
Кемачилик соҳасида термоядровий энергетикага бўлган қизиқиш зарарли ташламаларни камайтириш борасидаги талаблар кучайиши билан боғлиқ. Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, денгиз транспорти дунёдаги иссиқхона газлари эмиссиясининг қарийб 3 фоизини ташкил этади. Водород ва аммиак каби муқобил ёқилғилар эса ҳали кенг кўламли инфратузилмани талаб қилади ва уларни жорий этиш мураккаб бўлиб қолмоқда.
ФусПоБ лойиҳасига кўра, баржанинг узунлиги тахминан 71 метрни ташкил этади. Унинг асосида нТ-Тао компаниясининг ихчам термоядровий реактори жойлашади. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бундай қурилма стандарт контейнер модулига сиғади ва кема корпусига интеграция қилиниши мумкин. Тизим 20 МВ гача электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Лойиҳа муаллифлари ушбу баржани нафақат транспорт воситаси, балки портлар ва чекка денгиз инфратузилмалари учун мобил электр станцияси, шунингдек, сувни чучуклаштириш қурилмаси сифатида ҳам кўрмоқда. Ҳозирда термоядровий реакторли тижорий кемалар учун халқаро қоидалар мавжуд эмас, шу сабабли АБС соҳага оид илк хавфсизлик стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади.





























Изоҳлар 0
…