Россияда электр тармоқларидаги яширин нуқсонларни аниқловчи дронлар яратилди

Россиянинг «Аэромакс» компаниялар гуруҳи муҳандислари электр узатиш линияларини (ЭУЛ) дронлар ёрдамида диагностика қилиш технологиясини ишлаб чиқди ва патентлади. Янги тизим инсон кўзига кўринмайдиган ультрабинафша нурланишни таҳлил қилиш орқали хавфли нуқсонларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу усулнинг асосини «тож разряди» деб аталадиган ҳодисани қайд этиш ташкил этади. Бу сим ёки изолятор шикастланган жойда пайдо бўладиган микроскопик чақмоқ бўлиб, у ультрабинафша нурлар тарқатади. Дрон бортидаги юқори тезликда ишловчи камера ушбу чақнашларни муҳрлайди, сўнгра маълумотлар махсус математик алгоритмлар ёрдамида қайта ишланади.
Ишланманинг ўзига хослиги шундаки, тизим шунчаки ёруғлик манбаларини белгилаб қолмай, разряднинг пульсациясини таҳлил қилади. Агар чақнашлар электр тармоғининг частотасига мос равишда (50 Hz) ритмик содир бўлса, бу жиддий нуқсон борлигидан далолат беради. Тартибсиз чақнашлар эса фон шовқини сифатида қабул қилинади ва эътиборга олинмайди.
Мавжуд аналоглардан фарқли ўлароқ, «Аэромакс» тизими махсус фильтрлар ёрдамида кундуз куни ҳам самарали ишлай олади ва нуқсоннинг хавфлилик даражасини аниқ белгилайди. Келажакда ушбу технологияга сунъий интеллектни интеграция қилиш режалаштирилган бўлиб, у носозликлар ривожланишини прогноз қилиш ва таъмирлаш ишларини режалаштиришга ёрдам беради.





























Изоҳлар 0
…