Поездларда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги интернет жорий этилади

Россиянинг «Бюро 1440» аэрокосмик компанияси ва Федерал йўловчи ташиш компанияси (ФПК) узоқ масофага қатновчи поездларда сунъий йўлдош алоқасини жорий этиш режасини тасдиқлади. Лойиҳа доирасида тахминан 400 та поезд таркибини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Дастлабки босқичда «Бюро 1440» томонидан махсус темир йўл транспорти учун ишлаб чиқилган абонент терминаллари синовдан ўтказилади. Шундан сўнг сервисдан тажриба тариқасида фойдаланиш бошланади. Лойиҳанинг асосий мақсади — йўловчиларни бутун маршрут давомида, ҳатто мобил алоқа операторлари қамрови бўлмаган ҳудудларда ҳам барқарор алоқа билан таъминлашдир.
«Бюро 1440» бош директори Алексей Шелобковнинг таъкидлашича, ушбу технология ўн миллионлаб йўловчиларга илгари интернет умуман бўлмаган жойларда ҳам узлуксиз тармоққа уланиш имконини беради. ФПК раҳбари Дмитрий Пегов эса алоқа нафақат йўловчилар, балки ходимларнинг операцион ва техник вазифаларини бажариши учун ҳам зарурлигини қўшимча қилди.
Аввалроқ «Бюро 1440» ва РЖД ҳамкорликда «Сапсан» ҳамда «Ласточка» тезюрар поездларида сунъий йўлдош алоқасини жорий этиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаган эди. Ушбу янгилик транспорт соҳасида рақамли трансформацияни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…