14:28 / 22.06.2018
14 905

Бақлажоннинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари

Бақлажоннинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари
Ҳар бир уй бекасининг бақлажондан тайёрланадиган рецепти бор. Лекин бугун мазали таомлар-у егуликлар ҳақида гаплашмаймиз, ажойиб сабзавотнинг соғлиққа фойда-ю зарарлари тўғрисида ўртоқлашмоқчимиз. Шарқ мамлакатларида айнан бақлажон тановули узоқ умр кўриш гарови эканлигини билармидингиз? Аммо ижобий фикрлар билан бир қаторда бақлажонни кўп ейиш зарар дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Сизнинг-ча, қай бири тўғри?

Соғлиққа фойда!

Бақлажонни доимий тарзда истеъмол қилсангиз, юрак-қон томир касалликларининг олдини олган бўласиз, юрак мушаклари мустаҳкамланади, қондаги xолестерин миқдори камаяди, остеопороз ва остеоxондрозга қарши курашувчанлик пайдо бўлади, организм тиқинлардан тозаланади, сув балансини бир маромда ушлаб туриш мумкин, энг муҳими саратон ҳужайралари мудроқ ҳолатда қолади.

Сабзавот таркибида В гуруҳи витамини мавжуд бўлиб, у сизни уйқусизликдан xалос этади, асабларингизни тинчлантиради. Бир дона бақлажон таркибидаги С витамини грипп ва шамоллаш профилактикаси учун етарлидир. Бундан ташқари сиёҳранг сабзавот таркибидаги РР витамини чекишни ташлаш ҳаракатида бўлганлар учун айни муддао. Яна ушбу сабзавотда калий, фосфор, темир, кальций, магний каби микро ва макроэлементлар кўп.

Бақлажонда фолий кислотаси борлиги сабабли уни оз миқдорда ҳомиладорлар рационига қўшиш мумкин, бундан ташқари фарзанд кутаётган аёлларда кузатиладиган камқонликда, сабзавот таркибидаги темир моддаси ҳам қўл келади.

Пўстини арчамизми?

Бақлажоннинг сиёҳранг, ялтироқ пўсти ҳам турган-битгани фойда, ишонаверинг. Чунки унда асаб толаларини асровчи ва саратонга қарши курашувчи ҳамда унинг олдини олувчи кучли антиоксидант-назунин моддаси мавжуд. Парҳезчи хонимлар учун ҳам янгилигимиз бор: 100 грамм бақлажон атиги 23 килокалория билан кифояланганини ҳисобга олсак, уни бемалол парҳезбоп таом сифатида қабул қилиш мумкин. Албатта, қайнатилган ёки димланганини, қовурилганини эмас. Аxир бақлажон қовурилиш жараёнида жуда кўп ёғни ўзига шимиб олади-да.

Агар сиз: камқонлик, атеросклероз, қандли диабет, ич қотиши, моддалар алмашинуви бузилиши, уйқусизлик ва доимий стресслардан азият чекаётган бўлсангиз бақлажонни ҳар куни ҳеч бўлмаганда 100 гр., ейишни одат қилинг. Қиш ва куз мавсумида эса бир ош қошиқ қуритиб майдаланган бақлажон талқони, буйрак ва жигар фаолиятини яxшилайди.

Кимларга мумкин эмас?

Қовурилган бақлажонлар организмга ҳеч қандай фойда келтирмайди, чунки унинг таркибидаги фойдали клетчаткалар қовурилиш жараёнида йўқ бўлиб кетади. Шунчаки ёғлиққина таомга айланади, холос. Ошқозон-ичаккасалликлари билан оғрийдиган инсонларга қовурилган бақлажон қатьий ман этилади.

Пишиб ёки музлатгичда узоқ муддат қолиб кетиб, пўсти буришишни бошлаган бақлажонларни эса ҳеч иккиланмай ташлаб юборинг. Бундай бақлажонда заҳарли соланин моддаси йиғилади, бу модда сизда кучли диарея, қусиш, томир тортишиши ва эс-ҳушнинг йўқолишини келтириб чиқариши ҳеч гапмас. Пишиб кетган бақлажонни янгисидан фарқлаш жуда осон, уни кесиб кўринг, уруғи ҳаддан зиёд кўп бўлса, ишлата кўрманг. Яна бир муҳим жиҳатни ёдда тутинг: бақлажонни қандай усулда пиширмоқчи бўлсангиз ҳам ярим соат тузли сувда турсин. Шунда таркибидаги зарарли моддалар ҳавф солмайди. 3 ёшгача болаларга бақлажонни бермагангиз дуруст, соланин моддаси кичкинтойда аллергияни чақириши мумкин.

Агар сизда қуйидаги касалликлар бор бўлса, бақлажонни овқатланиш рациононгизга қўшмаганиз маъқул: сурункали ва кучли ошқозон яраси ва гастрит, ошқозон ости бези яллиғланиши, инсульт терапияси, аллергия, буйракнинг сурункали оғриши. Ёдда тутинг: бақлажонни ҳомлигича ейиш жиддий муаммоларга сабаб бўлади.

Xалқ табобатида

Артрит ва ревматизм
билан касалланган беморларга, оғриётган жойган бақлажонли компресс қўйиш тавсия этилади. Бунинг учун бир ош қошиқ истеъмол содасини 500 мл., сув билан аралаштириб, оғриётган тана аъзосига суртинг, сўнг иссиқ сувда бироз ивитилган бақлажон бўлагини қўйинг-да, устидан мато билан боғлаб, 3 соатга қолдиринг. Компрессни ечгандан сўнг, илиқ сувда ювиб, ўсимлик мойидан суртиб қўйинг.

Бақлажонли ниқоб. Яримта бақлажонни қирғичдан ўтказинг, сўнг унга 1 ош қошиқ қатиқ ва бир неча томчи алоэ шарбатидан қўшинг. Тайёр ниқобни юзга суртиб 15 дақиқага қолдиринг. Сўнг юзни ювиб, муз бўлагида артинг, қарабсизки, юзингиздан нур ёғила бошлайди.

Тишларни оқартирувчи восита. Бир дона бақлажонни майда тўртбурчак шаклда тўғраб, қизиб турган газ печига қўйинг. Сабзавот тўқ тусга киргунича турсин. Сўнг уни майдалаб бўтқа ҳолатига келтиринг, 1:1 нисбатда ош тузидан солинг. Тиш пастаси ўрнида фойдалашни одат қилсангиз, тишларингиз ёғдусидан кўзлар қамашади. Ушбу воситани музлатгичда 1 ҳафта сақлашингиз мумкин.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Бақлажоннинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари