АҚШ ва Эрон янги зарбалар берди, Қувайт аэропорти нишонга олинди

АҚШ ва Эрон янги зарбалар берди, Қувайт аэропорти нишонга олинди
Аудио версияси

АҚШ ҳарбийлари тун давомида Эронга қарши “ўзини ҳимоя қилиш” мақсадида зарбалар берганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ томони Форс кўрфази давлатлари ва кемаларга қарши учирилган баллистик ракеталар ҳамда дронларни йўқ қилганини билдирди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) маълумотига кўра, Ҳурмуз бўғозида жойлашган Қешм оролидаги нишонларга берилган зарбалар Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб амалга оширишга уринган ҳужумларига жавоб сифатида ўтказилган.

Centcom Эрон Қувайтга икки, Баҳрайнга эса учта ракета учирганини, уларнинг барчаси йўқ қилингани ёки ҳавода парчаланиб кетганини маълум қилди. Эрон эса жавоб тариқасида минтақадаги бир давлат ҳудудида жойлашган АҚШ базалари ва вертолётларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилганини билдирди.

Қувайт расмийларининг маълум қилишича, дронлар зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 60 дан ортиқ одам жароҳат олган. Ҳужум натижасида халқаро аэропорт ва бошқа биноларга зарар етган.

Қувайт Мудофаа вазирлиги вакиллари ушбу ҳодисани “Эроннинг жиноий тажовузи” деб баҳолади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги эса дипломатик ваколатхоналар ва инфратузилма объектларига ҳам шикаст етганини маълум қилди.

Шу билан бирга, АҚШ Қешм оролидаги Эрон ҳарбийларига тегишли бошқарув марказини нишонга олганини билдирди. Шунингдек, минтақавий сувларда ҳаракатланаётган фуқаролик кемалари томон учирилган учта ҳужумчи дрон ҳам йўқ қилинган.

Бу воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар тўхтаб қолган бир пайтда содир бўлди. Томонлар ўртасидаги келишув бўйича муҳокамалар ҳозирча натижа бермаяпти.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон келишувга эришишни истаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ядровий қуролга эга бўлмасликка розилик билдирган. Шу билан бирга, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон музокаралар давомида доимий равишда янги ва қарама-қарши талаблар илгари сураётганини таъкидлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар