Нью-Деҳлидаги меҳмонхона ёнғини 21 кишининг ҳаётига зомин бўлди

3 июнь куни Нью-Деҳли шаҳрининг жанубида жойлашган Малвия Нагар туманидаги меҳмонхоналардан бирида йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса қисқа вақт ичида кенг тарқалиб, оғир оқибатларга олиб келди.
Расмий маълумотларга кўра, фожиа натижасида 21 нафар инсон ҳалок бўлган, яна 47 киши турли даражада жароҳат олган. Қурбонлар орасида 15 нафардан ортиқ чет эл фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин меҳмонхонанинг ресторанида электр плитасини ёқиш жараёнида келиб чиққан. Олов қисқа фурсатда бутун бинога тарқалган ва айниқса, меҳмонлар ухлаб ётган вақтда юз бергани вазиятни янада оғирлаштирган.
Ҳодиса жойига зудлик билан ўт ўчириш хизматлари етиб келган. Ёнғинни бартараф этишга 8 та ўт ўчириш техникаси жалб қилинган ва узоқ вақтлик ҳаракатлардан сўнг олов тўлиқ ўчирилган.
Мазкур воқеа юзасидан тегишли органлар томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Нарендра Моди ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга моддий ёрдам ва товон пули ажратилишини маълум қилди.





























Изоҳлар 0
…