“Ўзга сайёраликлар борми?” NASA раҳбари очиқ жавоб берди

“Ўзга сайёраликлар борми?” NASA раҳбари очиқ жавоб берди

NASA раҳбари Жаред Айзекман ҳалокатга учраган ўзга сайёраликлар кемалари ёки келгиндилар жасадлари ҳақида ҳужжатлар билан тасдиқланган бирор маълумотга эга эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у Вашингтонда ўтган CNBC CEO Council Summit форумида инсониятнинг эҳтимолий ўзга сайёраликлар цивилизацияси билан алоқалари ҳақидаги саволларга жавоб бериш чоғида гапирди.

Айзекманнинг таъкидлашича, NASA АҚШ ҳукумати томонидан яшириб келинаётгани ҳақида турли тахминлар билдирилаётган номаълум учар жисмлар ҳалокатига оид машҳур назарияларни тасдиқлайдиган далилларга эга эмас. Шу билан бирга, у келиб чиқиши ва табиати ҳозирча аниқланмаган космик объектлар ҳақида маълумотлар мавжудлигини қайд этди.

“АҚШ президенти Дональд Трамп бу ташаббусни бутун ҳукумат миқёсида илгари сурмоқда. У барча ҳужжатларни тўплаб, мазкур мавзуга алоқадор маълумотларни жамоатчиликка тақдим этиш тарафдори. Менимча, бу жуда яхши ташаббус. Аммо менда ҳалокатга учраган кемалар ёки ўзга сайёраликлар жасадлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бироқ номаълум космик ҳодисалар бўйича файллар мавжуд ва биз уларни очиқ ҳолда тақдим этмоқдамиз”, деди Айзекман.

Қайд этилишича, ўзга сайёраликлар мавжудлиги мавзуси Дональд Трампнинг февраль ойидаги баёнотидан кейин яна кенг муҳокамалар марказига қайтган. Ўшанда у ўзга сайёраликлар, номаълум аномал ҳодисалар ва ушбу мавзудаги бошқа материалларга оид ҳукумат ҳужжатларини эълон қилишни бошлашга ваъда берган эди.

Трампнинг айтишича, бу вазифа бўйича АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳамда тегишли идораларга махсус топшириқлар берилган.

Мутахассислар фикрича, архив материалларининг очилиши жамоатчиликка ўнлаб йиллар давомида баҳс ва турли назарияларга сабаб бўлиб келган номаълум учар жисмлар ҳақидаги аввал махфий сақланган маълумотлар билан танишиш имконини бериши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар