
Роҳма Бурномо Индонезиянинг шарқий оролларидаги Амбун шаҳридан. Отаси голландиялик, онаси индонезиялик, дини насронийлик (эди). Бобоси насронийликнинг протестант, отаси панти куста мазҳабидаги роҳиблардан, онаси аёлларга инжил ўргатувчи муаллима бўлган. Роҳманинг ўзи ҳам роҳиб ва “Петил Инжил Сабено” номли канисада табшир бўлимининг раиси бўлган. У Исломга киришини қуйидагича ҳикоя қилади:
«Мусулмон бўламан деб ҳеч ўйламагандим. Чунки ёшлигимданоқ отам: “Муҳаммад бадавий, саҳрода ўсган, илми йўқ, ўқиш-ёзишни билмайдиган авом бўлган”, деб таълим берганди. Бундан ташқари, франциялик насроний профессор Реколдонинг китобида: “Муҳаммад дажжолдир, дўзахнинг тўққизинчи табақа чуқурида яшайди”, деган сўзини ўқиганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятини ёмон кўрсатиш учун бундай ёлғонлар кўп тўқилган; ўша вақтлардан бошлаб менда Исломни ҳеч қачон қабул қилмасликка ундайдиган хато фикрлар пайдо бўлганди.
Ҳеч бир ҳолатда Ислом дини ҳақида изланишни ўйламаганман, лекин ичимда бир туйғу ҳақни топишга ундаб турарди. Мен нега номаълум ҳақни изладим?
Нега ўз динимни тарк қилдим? Ваҳоланки, қавмим орасида обрўли мансабда, яъни канисада табшир (динни тарғиб қилиш, башорат бериш)нинг раиси эдим, енгил ва фаровон ҳаёт кечирардим. Шундай бўла туриб нега Исломни танладим?
Воқеа бундай бошланди. Бир куни каниса раҳбарияти мени даъват ишлари билан Сўматронинг шимолий томонидаги Медон марказидан юз километрдан ортиқроқ узоқликдаги Даеро минтақасига уч кунлик сафарга жўнатди. Табшир ва даъват ишларини тугатиб, ўша ердаги каниса масъулларидан бирининг уйида тунаб қолдим. Иш жойимга олиб борадиган машинани кутиб турганимда, тўсатдан бир киши пайдо бўлди. Озғин, новча, кўп кийилганидан кийимларининг ранги ўзгарган, оёқ кийими сим билан боғланган... Олдимга келди. Саломлашдик. Менга савол берди. Саволи ҳам ўзига ўхшаган ғариб эди: “Сен даъватингда Исо Масиҳни илоҳ дединг, бунга далилинг борми?”
“Далил борми ё йўқми, сенга нима? Хоҳла, имон келтир, хоҳла, инкор қил”, дедим. У орқасига ўгирилиб кетди. Иш шу билан тугамади. Мен ўйлай бошладим ва ўзимга-ўзим: “Бу одам жаннатга ҳеч қачон киролмайди, чунки жаннат Исо Масиҳнинг улуҳиятига имон келтирганлар учундир”, дедим. Ўша вақтда шундай эътиқод қилардим.
Лекин уйга қайтганимда ўша одамнинг гаплари қулоқларим тагида жаранглай бошлади. У мени Инжил китобларига мурожаат қилиб, саволига тўғри жавоб топишга ундарди. Маълумки, Инжил тўрт хил бўлиб, ҳаммаси бир-биридан фарқ қилади. Улар Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно инжиллари деб аталади. Бу исмлар ҳар бир китобнинг муаллифи номига қўйилган, яъни тўртта машҳур Инжил ҳам инсон қўли билан ёзилган. Бу жуда ғалати. Ўзимга савол бердим: “Қуръон ҳам одам томонидан ёзилган бўлиб, ҳар хилмикан?” Жавоб: “Албатта, йўқ!” Бу инжиллар ва бошқа баъзи рисолалар масиҳийлик дини таълимотларининг камчилиги ҳисобланади.
Мен тўртта Инжилни ҳам олиб ўргана бошладим.
Нима топдим? Матто инжили Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: “Исо Масиҳнинг насаби Иброҳим ва Довудга боради...” (1.1). Ундай бўлса, Исо инсон бўлади-да? Луқо инжилида айтилади: “Яъқуб алайҳиссаломнинг уйига эгалик қилади, унинг эгалигига ниҳоя йўқ” (1-33). Марк инжилида: “Бу Аллоҳнинг ўғли Исо Масиҳнинг насабидаги силсила”, дейилади (1-1). Юҳанно инжилида эса бундай келади: “У аввалда сўз эди, Аллоҳнинг ҳузурида сўз бўлди, сўз Аллоҳ бўлди” (1:1). Бунинг маъноси, “у аввалда Масиҳ эди, Аллоҳнинг ҳузурида Масиҳ бўлди, Масиҳ у Аллоҳдир”.
Ўзимга дедим: “Бу тўртта китобда Исо Масиҳ тўғрисида очиқ қарама-қарши сўз келган, у инсонми ё Аллоҳнинг ўғлими, ё малакми, ёки унинг ўзи Аллоҳми?” Бу чигал муаммога жавоб тополмадим. Шу ерда насронийлардан сўрамоқчиман: “Қуръони карим оятлари орасида шундай қарама-қаршилик борми?” Жавоб: “Йўқ!” Нима учун? Чунки Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан туширилган китоб. Инжиллар эса одамнинг қўли билан бузилган». Роҳма Бурномо Ислом динини танлашига сабаб бўлган иккинчи масалани қуйидагича баён қилади:
«Масиҳийлик динидаги иккинчи энг муҳим масала “мерос бўлиб қолган гуноҳ”, яъни биринчи қилинган гуноҳ. Бу билан Одам алайҳиссаломнинг жаннатда тақиқланган дарахт мевасини еб қилган гуноҳи назарда тутилади. Бу гуноҳ одам болаларининг ҳаммасига мерос бўлиб ўтаверади, ҳатто она бачадонидаги гўдакка ҳам; у гуноҳкор ҳолда туғилади. Бу тўғрими-йўқми? Бунинг ҳақиқатини излай бошладим.
“Эски аҳд”га мурожаат қилдим ва ундаги Ҳизқиял сифрида қуйидагича ёзилганини кўрдим: “Ўғил отанинг гуноҳини кўтармайди, ота ўғилнинг гуноҳини кўтармайди. Яхшининг яхшилиги ўзига ва ёмоннинг ёмонлиги ўзига бўлади. Агар ёмон ўзи қилган хатоларидан қайтса ва фарзларга амал қилса, ҳақ ва адолатли бўлса абадий ҳаётга киради. Қилган гуноҳлари унга эслатилмайди” (Ҳизқиял 18: 20-21).
Бу борада Қуръони каримда бундай дейилади: “(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (инсон)нинг юкини (гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси ўз юкига (гуноҳини кўтаришга) чорланса, (гарчи чорланувчи) қариндоши бўлса-да, у (гуноҳ)дан бирор нарса юклатилмас...” (Фотир сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Одам боласи фитратда туғилади. Ота-онаси уни яҳудий ё насроний ва ё мажусий қилиб тарбиялайди”. Мана бу Исломдаги қоида бўлиб, Инжилдагига мувофиқ. Қандай қилиб “Одамнинг гуноҳи авлоддан авлодга ўтиб келаверади ва инсон боласи гуноҳкор ҳолда туғилади”, дейилади?
Роҳма Бурномо айтади: “Ундай бўлса, масиҳийлик таълимотлари ботил ва тўқима экани ўзлари “муқаддас” дейдиган китобнинг сўзи билан очиқ ва равшан бўлади”.
Учинчи ҳақиқат шуки, насронийлик таълимотида: “Инсонларнинг гуноҳи то Исо алайҳиссаломга чўқинтирилмагунча кечирилмайди”, дейилади. Фикрлай бошладим ва: “Бу тўғрими?” деган савол пайдо бўлди.
Жавоб эса “Йўқ!” Чунки юқорида айтилган “Эски аҳд”- даги далил бундай эътиқодларни инкор қилади: “Агар ёмон ўзи қилган хатоларидан қайтса ва фарзларга амал қилса, ҳақ ва адолатли бўлса абадий ҳаётга киради.
Қилган гуноҳлари унга эслатилмайди”. Яъни унинг гуноҳларини кечириш учун Аллоҳ таолонинг бирор воситачига эҳтиёжи йўқ».
Индонезиялик диндош биродаримиз Роҳма Бурномо сўзида давом этиб айтади: “Бир куни Инжил ва Қуръонни олдимга қўйдим ва Инжилга: “Муҳаммад ҳақида нима дея оласан?” дедим. Жавоб: “Ҳеч нарса”. Чунки Инжилда Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Сўнгра бу саволни Исо алайҳиссаломга бердим. “Қуръони карим ҳеч иккиланишга ўрин қолдирмай мендан кейин Аҳмад исмли пайғамбар келишини айтди”, деди.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломнинг тилидан бундай дейди: “Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, деган эди. Бас, қачонки, (Исо) уларга (пайғамбар эканига) ҳужжат (мўъжиза)ларни келтиргач, улар: “Бу аниқ сеҳр”, дедилар” (Соф сураси, 6-оят).
Яна бир Инжил бор, у Барнаба инжили. Бу юқорида айтилган тўртта инжилдан бошқаси, уни насроний дини олимлари ўқишни тақиқлаган. Нима учунлигини биласизми? Инжилнинг фақат мана шу нусхасида Муҳаммад алайҳиссалом ҳақидаги башоратлар келтирилган ва унда бошқаларига нисбатан камроқ. Ундаги сўзлар кўпи Қуръонга мувофиқ келади.
Барнаба инжилида (163-исҳоҳда) бундай дейилади: “Ўшанда Масиҳнинг шогирдлари ундан сўради: “Эй устоз, сиздан кейин ким келади?” Масиҳ хурсанд бўлиб: “Мендан кейин Муҳаммад Расулуллоҳ тезда оппоқ булут каби мўминларнинг ҳаммасига соябон бўлиб келади”, деди.
Барнаба инжилидаги яна бир оятни ўқидим, (исҳоҳ 72): “Индирёс (шогирд) Масиҳдан сўради: “Эй устоз!
Муҳаммад келганда уни танишимиз учун аломатлари борми?” Масиҳ деди: “Муҳаммад бу асрда келмайди, балки бир неча асрдан кейин, Инжил ўзгартирилиб бузилганидан кейин келади. У вақтда Аллоҳга имон келтирган мўминларнинг сони ўттизга етмайди. Ўша вақтда Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси бўлган Муҳаммад Расулуллоҳни жўнатади”. Барнаба Инжилида Муҳаммад алайҳиссалом қирқ беш марта зикр қилинган. Масиҳийлик дини таълимотларидан яна бири Исо алайҳиссалом – оламнинг халоскори, деб эътиқод қилишдир. Яъни Исо алайҳиссаломнинг илоҳ эканига имон келтирсагина нажот топади. Бу дегани инсон хоҳлаган гуноҳ ва маъсиятларни қилаверади, фақат Исо алайҳиссаломнинг халоскор эканига имон келтириб, унинг издошларидан бўлса, бас.
Ҳақиқатни англаб етиш учун яна Инжилдан излай бошладим ва топдим. “Пайғамбарларнинг амаллари” сифрида Болис биринчининг Коринтос аҳолисига ёзган рисоласида айтади: “Аллоҳ таоло Рабни қоим қилди ва тезда бизни ҳам қуввати билан қоим қилади” (6:14). Бу қисса масиҳийлик таълимотида қуйидагича келади: “Масиҳ алайҳиссаломни тутиб келтирганда адолат қаршисига рўбарў қилдилар.
У осишга ҳукм этилди, сўнгра дафн қилинди”. Оят бу қиссага мувофиқ бўлиб келди.
Бу оят ҳақида кўп ўйладим. Агар Исо Масиҳ дафн қилинган бўлса, Аллоҳ таоло уни қабрдан турғизишга аралашмаса то қиёматгача қабрда қолади. Ундай бўлса ўзини ўзи қутқара олмаган қандай қилиб бошқаларни қутқариши мумкин? Улар илоҳ деб даъво қилаётган зот шундай ожиз бўлиши мумкинми? Ақли бор одам шу нарсага ишонадими?
Шу ерга етганимда канисадан чиқишга ва унга қайтиб бормасликка аҳд қилдим. Бу воқеа 1969 йили бўлган эди. Ҳақиқатан, канисага қайтиб бормадим. Аммо бу насронийлик динидан чиқдим дегани эмас. Чунки насронийликда бошқа мазҳаблар ҳам бор. Унда 360 дан ортиқроқ мазҳаб бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашинг! (Бошқа турли) йўлларга эргашманг! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди” (Анъом сураси, 153-оят), деган.
Албатта айтилиши мумкин, Исломда ҳам шунақа мазҳаблар ва тоифалар бор. Уларнинг энг машҳурлари ҳанафий, шофиий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари...
Жавоб шуки, бу мазҳабга эргашувчилар диннинг асл қоидаларида бир-бирига ихтилоф қилмайди. Ҳаммалари Аллоҳ якка-ягона, унинг шериги йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг Элчиси эканида иттифоқдирлар. Диннинг бешта арконида ҳам иттифоқ, улар фақат фаръий масалаларда ихтилоф қилишган. Масиҳийлик динида эса тамоман бошқача, уларнинг ихтилофи диннинг аслида. Исломда мазҳаблар қанчалик ихтилоф қилмасин, масжидлари битта, азон айтилса, ҳамма мазҳаб эргашув-чилари бир масжидда намоз ўқишади. Насронийликда эса тамоман бошқа, ҳар бир мазҳаб эргашувчилари ўзларининг канисасига боради. Бир мазҳабга мансуб насроний бошқа мазҳабнинг канисасига йўламайди. Католик алоҳида, протестант ва бошқалари алоҳида.
Шундай кунларнинг бирида ўртоғим мени католик черковига киришимни таклиф қилди ва унинг хусусиятларини санаб кетди. Шулардан биттаси – “ғуфрон – кечирим” хонаси борлиги. Яна бир хона бўлиб, унда қопқора кийинган, узун ва қалин соқолли руҳоний ўтириб, келганларга тушунарсиз бир нарсаларни қироат қилиб гапиради-да, кейин гуноҳинг кечирилди, дейди. Келган одам гўёки онасидан туғилгандек хурсанд бўлиб чиқади.
Гуноҳларни қилиб-қилиб, ўша “кечирим” хонасига кирса, ҳатто ибодат қилмаса ҳам, гуноҳлари кечирилишига ишониш нотўғри. Бориб кўрдим, одамлар гуноҳлари кўплигидан ғамга ботиб у ерга кирар, кейин кечирилганидан хурсанд бўлиб чиқарди. Мен эса ғамга ботиб кирдим, ўшандай қайтиб чиқдим, чунки ўйладим: “Гуноҳларимизни руҳоний кўтаряпти, аммо уникини ким кўтарар экан?” Шундай қилиб бу диндан ҳам қониқмадим ва бошқалари ҳақида ўйлай, нажот излай бошладим.
Бир куни насронийликнинг “Яҳо шоҳидлари” мазҳаби билан танишдим ва унинг раиси билан кўришдим.
“Кимга ибодат қиласизлар?” деб сўрадим. “Аллоҳга”, деб жавоб берди. “Исо Масиҳ ким?” дедим. “Аллоҳнинг элчиси”, деб айтди. Уларнинг канисасига кирдим, ҳақиқатан хоч кўрмадим ва у ҳақда сўрадим. “Хоч куфр аломати, шунинг учун канисамизга осмаймиз”, дейишди. Шу тарзда мазҳабнинг таълимотларини ўрганиш учун уч ой қатнадим, аммо уларнинг инсон ўлгандан кейинги ҳолати ҳақидаги ақидалари мутлақо нотўғри эди. Гўё одам вафот этгач, тутунга айланармиш, руҳи номаълум жойда бўлармиш, жаннатга кирмасмиш, маълум муддатдан сўнг яна қайта дунёга келармиш.
Шундан сўнг насронийликнинг барча мазҳабларини тарк этишга қарор қилдим ва биз томонларда кенг тарқалган буддизм ва ҳиндуизм динларини ўрганибчиқдим. Ҳеч биридан қаноатланмадим. Олдимда фақат Ислом дини қолди. Аммо бошда айтганимдек, ундан нафратланардим. Чунки у ҳақида нотўғри фикрлар ёшлигимданоқ миямга қуйилган эди. Лекин номаълум бир ҳақни излардим, бу эса менга тинчлик бермасди. Бу изланиш мендан сабр ва жидду жаҳдни талаб қиларди.
Бир куни хотинимга: “Бугундан эътиборан мени ҳеч ким безовта қилмасин, намоз ўқиб, Аллоҳга тазарру қиламан”, дедим ва хонам эшикларини ёпиб олдим. Аллоҳга хушуъ (қўрқув) билан тазарру қилган ҳолда қўлларимни кўтариб: “Эй Раб! Сен ҳақиқатан бор бўлсанг, мени ҳидоят ва нурга бошлагин, Ўзинг инсонлар учун рози бўладиган ҳақ динингга ҳидоят қилгин”, деб сўрадим.
Бу дуоларимда саккиз ойча давом этдим. Минг тўққиз юз етмиш биринчи милодий йилнинг ўттиз биринчи октябр – рамазон ойининг ўнинчи кечаси одатдагидек дуо қилиб, уйқуга кетдим. Ўшанда менга Аллоҳнинг ҳидоят нури келди. Туш кўрдим: атрофимдаги олам қоп-қоронғу, ҳеч нарсани илғаб бўлмасди. Шунда рўпарамда бир зот пайдо бўлди. Унга тикилиб қарадим, жуда нурли эди, нуридан атроф ёришиб кетди. Бу муборак одам мен томонга яқинлашди, оппоқ кийинган, оқ саллали, чиройли соқолли, юзларида табассум балқиб турарди. Мен аввал бундай чиройли ва нурли одамни кўрмаган эдим. Жуда ҳам ёқимли овозда: “Икки шаҳодат калимасини айт”, деди. У вақтда шаҳодат калимаси нима эканини билмасдим. “Икки шаҳодат калимаси нима?” дедим. Нуроний: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деб айт”, деди. Калимани нуронийнинг орқасидан уч марта такрорладим, у киши кўзимдан ғойиб бўлди. Уйғонганимда кийимларим тердан ҳўл бўлиб кетганди.
Мен биринчи учраган мусулмондан: “Шаҳодат калимаси нима? Унинг Исломдаги қиймати қанақа?” деб сўрадим. “Шаҳодат калимаси Исломнинг энг аввалги рукни, банда уни айтмагунча мусулмон бўлмайди”, деди. Маъносини сўраганимда тушунтириб берди. “Тушимда кўрган киши ким бўлиши мумкин, юз тузилиши ва аломатлари жуда танишдай эди”, дедим ва уни сифатлаб бердим. Суҳбатдошим бақириб юборди ва: “Сен Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрибсан!” деди.
Бу воқеадан йигирма кун ўтди. Рамазон ҳайити кечаси эди, уйимизга яқин жойдаги мусулмонлар масжидидан баланд овозда айтилаётган такбир эшитиларди. Бутун баданим жимирлаб, қалбим ларзага келди ва кўзларимдан тинмай ёш оқа бошлади. Улар қайғу эмас, балки Аллоҳ таолонинг менга берган неъматига шукрона ёшлари эди. Неча йилдирки, излаган нарсамга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бу воқеа 1971 йилда бўлди. Ислом билан насронийликдан бирини танлашни хотинимнинг ихтиёрига қолдирдим. У Исломни танлади. Шу ерда айтишим яхшироқдир, хотиним мусулмон оилада туғилган, ёшлигида мусулмон бўлган. Аммо ёлғон даъватлар ва ўзининг соф динини яхши билмаслиги оқибатида насронийликни қабул қилган эди. Фарзандларимиз ҳам бизга эргашиб имон келтиришди. Минг тўққиз юз етмиш иккинчи йилнинг 2 февралидан бошлаб оилавий мусулмонмиз, алҳамдулиллаҳ.
(давоми бор)
Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар