АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги тартибсизликни тўхтатишга ва учинчи жаҳон урушининг олдини олишга ваъда берди. Бу ҳақда у 19 январ, якшанба куни кечқурун ўзининг инаугурацияси арафасида Вашингтонда ўтказилган митингда маълум қилди.
Трамп АҚШ тарихидаги «президентликнинг энг муваффақиятли 100 кунлиги»ни ваъда қилди
«Америка халқи бизга ишонди ва бунинг эвазига биз уларга Америка тарихида президентлик давридаги энг яхши биринчи кунни, энг ажойиб биринчи ҳафтани ва энг муваффақиятли биринчи 100 кунни берамиз», деди Доналд Трамп тарафдорларига АҚШ пойтахтида. Reuters агентлигининг хабар беришича, сиёсатчи президентлик фаолиятининг дастлабки соатларидаёқ юзга яқин ижро фармойишларини имзоламоқчи.
Фото: Tom Brenner/For the Washington Post
Трамп ўзининг биринчи ташаббуслари АҚШ чегара хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилиш, хилма-хиллик ташаббусларини чеклаш, 2021 йил 6 январда Капитолийда бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларини афв этиш, табиий ресурслар қазиб олишни кўпайтириш, давлат хизматчиларининг оммавий алмашинуви ва бошқа сиёсий масалаларга тегишли эканлигини эълон қилди.
Сайланган президент ўз нутқида Жо Байден маъмуриятининг «ҳар бир радикал ва аҳмоқона фармонини» лавозимга киришганидан кейин бир неча соат ичида бекор қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, у 20 январ оқшомига қадар АҚШда ноқонуний тўдаларга қарши курашни бошлаш ва мамлакатда «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Трамп, шунингдек, ижтимоий тармоқни Хитойдан ташқаридаги шахсга сотишни талаб қилувчи қонун кучга киргани туфайли бир кун аввал америкалик фойдаланувчилар вақтинча фойдалана олмаган TikTok иловаси мавзусини ҳам эътибордан четда қолдирмади.
АҚШ собиқ генерали: Трамп Путинга кучини кўрсатишга ҳаракат қилади
АҚШнинг истеъфодаги генерали Бен Ходжес фикрича, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларида кучли эканини намойиш этади. АҚШнинг Европадаги собиқ бош қўмондони 17 январ куни Der Spiegel нашрига берган интервюсида: "Мен президент Трамп мағлубиятга учраган одам бўлишни истамайди, деган умиддаман", деди.
Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказиш имконияти ҳақидаги саволга Ходжес Трампнинг сайлов кампанияси давомидаги барча баёнотларини том маънода қабул қилмаслигини айтди. Сайлов кампанияси давомида республикачи Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.
Унинг ёндашуви Россия ва Украинага музокаралар олиб бориш ва тезда тинчлик ўрнатиш учун қаттиқ босим ўтказишдан иборат эди. Бу Трампнинг Украинага қўллаб-қувватлашни қисқартириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Бироқ, сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, республикачи, хусусан, олти ой ичида урушни тугатиш учун ечим топишга умид қилаётганини айтиб, янада эҳтиёткорона гапира бошлади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар