13:06 / 10.02.2025
420

Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” туннелига ҳужум қилди

Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” туннелига ҳужум қилди
Исроил Сурия ва Ливан чегарасида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” туннелига зарба берди. Мазкур туннелдан қурол контрабандаси учун фойдаланилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Исроил мудофаа армиясига таяниб Дарё хабар берди.

Исроил разведкасининг таъкидлашича, объект Бекка ҳудудида қурол етказиб бериш учун ишлатилган ва аввал ҳам ҳужумларга учраган. Ҳужумда хавфсизликка “тўғридан тўғри таҳдид” солган бир нечта ўқ-дорилар ва ракета қурилмалари омборлари йўқ қилинган.

Архив фото: “Ҳизбуллоҳ”нинг энг узун трансчегаравий ҳужум туннели / Исроил Мудофаа кучлари
Операция Исроил ва Ливан ўртасидаги оташкесимга қарамай ўтказилган. Исроил армияси таҳдидларни бартараф этиш ва гуруҳнинг ҳарбий салоҳиятини тиклашга йўл қўймасликка қаратилган ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлигини айтган.

Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” келишуви

2024 йил 27 ноябрда Исроил ва Ливан ўртасида деярли 14 ой узлуксиз давом этган ҳужумлардан сўнг Америка томонидан таклиф этилган келишув асосида ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирди. Битимни тасдиқлашдан олдин исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху халққа мурожаат қилиб, шимолий фронтда ўт очишни тўхтатиш зарурлигини тушунтирди. У “Ҳизбуллоҳ” томонидан сулҳ бузилган тақдирда Исроил жавоб қайтариб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашини таъкидлади.

АҚШ таклиф этган келишув режасига кўра, 60 кун ичида Ливан армияси мамлакат жанубидаги ҳудудларни эгаллаши, “Ҳизбуллоҳ” кучлари ва инфратузилмаси эса Исроил чегарасидан 20-30 километр масофада жойлашган Литани дарёсининг шимолий қисмига ўтказилиши керак.

Бироқ мазкур сулҳни яҳудий давлати биринчилардан бўлиб бузди

Январь ойида Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги ўз кучларини олиб чиқиши керак бўлган Айтарун аҳоли пунктида уйларни ёқиб юбориб, ўт очишни тўхтатиш қоидаларини бузди. Исроил қўшинлари тўлиқ олиб чиқиб кетилмагунча ва вазият барқарорлашмагунча, фуқароларга Айтарунга қайтиш тақиқланган.

Нетаньяху идораси таъкидлашича, Исроил кучларини олиб чиқиш жараёни Ливан армиясининг мамлакат жанубида жойлашиши ҳамда “Ҳизбуллоҳ” кучлари ва инфратузилмасини Литани дарёсининг шимолига суриб, келишувга тўлиқ ва самарали риоя этилишини таъминлаши билан боғлиқ.

Ливан томонидан ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳали тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли, босқичма-босқич чиқиш жараёни Қўшма Штатлар билан тўлиқ мувофиқликда давом эттирилади, дея аниқлик киритди бош вазир идораси.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 26 январдан бери Исроил армияси ҳужумлари оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 216 киши жароҳатланган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг