00:12 / 15.02.2025
676

Путин Украина бўйича АҚШ билан музокараларга «оғир вазнлилар жамоаси»ни жалб этади

Путин Украина бўйича АҚШ билан музокараларга «оғир вазнлилар жамоаси»ни жалб этади
Фото: AFP/Getty Images
Владимир Путин Россия—Украина урушини якунлаш бўйича АҚШ вакиллари билан мулоқот қилишга «музокаралар ўтказиш бўйича кўп йиллик тажрибага эга оғир вазнлилар жамоаси»ни шакллантирмоқда, деб хабар беради Bloomberg.

Агентлик манбасининг маълум қилишича, музокара ўтказишга масъул бўладиганлар гуруҳига РФ президентининг ташқи сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков, Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев киритилган.

Bloombergʼнинг қайд этишича, Ушаков ва Наришкин Украина билан ўт очишни тўхтатиш бўйича биринчи музокараларда иштирок этган. Дмитриев эса ўз навбатида 2025 йил февралда америкалик мактаб ўқитувчиси Марк Фогелнинг озод этилишига қатнашган.

Россия гуруҳидан, шунингдек, 2022 йилда ўтказилган музокараларнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўрин олиши мумкин. Агентликнинг Кремлга яқин манбасини сўзларига кўра, улар музокараларда Украина вакилларига ёрдам беради. Жумладан, улар орасига РФ президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский ҳам киритилиш эҳтимоли мавжуд.

Дмитриев матбуот хизмати унинг тинчлик музокараларидаги иштирокига изоҳ беришдан бош тортди. Кремл ҳам Bloomberg сўровига жавоб қайтармаган.

Аввалроқ Володимир Зеленский Украина ўз иштирокисиз ҳеч қандай икки томонлама тинчлик музокараларини қабул қилмаслигини айтганди. Бундан ташқари, Украина президенти Европа давлатларининг бўлажак тинчлик музокараларида иштирок этишидан «жуда манфаатдор» эканини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг