
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги ялпи сессиядан сўнг Россия президенти Владимир Путин Sky News Arabia телеканалига интервью берди. Ушбу суҳбатда Путин Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш учун Москва қўяётган шартларни яна бир бор омма эътиборига ҳавола этди.
Путиннинг таъкидлашича, Россиянинг асосий талабларидан бири — Запорижжя ва Херсон вилоятларининг аннексия қилинган ҳудудлари, шунингдек, Донецк ва Луганск халқ республикаларида ўтказилган “референдум” натижаларининг Киев томонидан расман тан олиниши ҳисобланади. Унинг фикрича, мазкур натижаларни эътиборсиз қолдириш, келгусида қуролли тўқнашувлар яна қайталаниши хавфини кучайтиради.
Шу билан бирга, Путин Украина томони бетарафлик сиёсатини қўллаши, яъни хорижий ҳарбий иттифоқларга қўшилмаслик ва ядро қуролларини ўз ҳудудига жойлаштирмаслик шартлигини қайта-қайта урғулади. Россия президенти бу омилларни минтақа хавфсизлиги ва узоқ муддатли барқарорлик учун муҳим асос деб билади.
Интервьюда Путин, 2022 йил баҳорида Истанбулда ўтказилган музокараларда томонлар келишувга жуда яқин бўлгани ҳақидаги сўзларини яна бир бор такрорлади. Унинг фикрича, Украина раҳбарлари “учинчи томон” манфаатлари эмас, балки ўз миллий мақсадларини устун қўйиши керак.
«Умид қиламанки, Украинанинг ҳозирги раҳбарлари учинчи томоннинг эмас, миллий манфаатларни кўзлаган ҳолда иш тутади. <…> Украина Россияга қарши ишловчи ташқи кучлар қўлидаги қурол бўлишдан яхшироқ тақдирга лойиқ», — дея Путиннинг сўзларини келтиради Sky News Arabia.
Кремлнинг талабларида яна бир муҳим жиҳат — Қрим, Донецк, Луганск, Запорижжя ва Херсон вилоятларининг Россия таркибида эканини расман тан олиш талаб қилинмоқда. Шу мазмундаги талаблар 2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтган музокараларнинг иккинчи раундида Украинага топширилган меморандумда ҳам алоҳида қайд этилган.
Шу билан бирга, Киев томони ўз тинчлик таклифларида Украинанинг бетараф мақомга эга бўлиши шарт эмаслигини, Европа иттифоқига аъзолик учун ҳаракатларни давом эттириш нияти борлигини билдирган. НАТОга аъзолик эса альянсдаги консенсусга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Украина томони шунингдек, 2014 йилдан бери Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслигини талаб қилмоқда. “Ҳудудий масалалар фақат тўлиқ ва сўзсиз оташкесимдан сўнг муҳокама қилиниши мумкин”, дейилади Киев меморандумида.
Бу вазиятда тинчлик музокаралари ҳар икки томон учун ҳам мураккаб ва сиёсий жиҳатдан жиддий баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда. Ҳозирда Киев ва Москва ўртасида узоқ муддатли барқарорлик ва ҳудудий масалалар юзасидан ўзаро келишув топилиши жуда мушкул кўринади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар