12:00 / 27.12.2020
2 026

26 декабрь – СССР қулаган сана. Гигант давлат ҳалокатига нима сабаб бўлган эди?

26 декабрь – СССР қулаган сана. Гигант давлат ҳалокатига нима сабаб бўлган эди?
Фото: Google Photos
Бундан 29 йил аввал, 26 декабрь куни дунёнинг энг йирик географик ҳудудини эгаллаб турган СССР давлат сифатида мавжуд бўлишдан тўхтади ва унинг ўрнига янги мустақил давлатлар вужудга келди. «Дарё» сана муносабати билан СССРнинг хотимасига олиб келган сабаблар ҳақида тўхталиб ўтади.

СССРнинг хотимаси 1980 йилларнинг ўрталаридан бошланди. Кўпчилик таҳлилчилар «перестройка»нинг бошланишини СССР якунининг бошланиши сифатида кўрди ва СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв ислоҳотларини асосий фактор сифатида келтирди. Лекин бу асосий фактор эмас. Совет Иттифоқининг қулаши, юқорида айтганимиздек, 80 йиллар ўрталаридан бошланган бўлса, бу жараён 1990 йилга келиб тезлашиб кетди.

Дастлаб, Болтиқбўйи республикалари, кейин Марказий Осиё республикалари ажралиб чиқди. 1991 йилнинг декабрь ойи якуний босқич бўлди. Шу йили 8 декабрда Беловеж шартномаси, 21 декабрда Олмаота декларацияси қабул қилинди. 25 декабрь куни СССР президенти Михаил Горбачёв ўз ваколатларини тугатганини эълон қилди ва 26 декабрь куни СССР Олий кенгаши СССР давлатининг тугатилгани ҳақидаги декларацияни қабул қилиши билан бу жараён ниҳоясига етди.

Энди унинг қулашига олиб келган факторларга диққат қилайлик. Russia Beyond таҳлилчиси Алексей Тимофейчев бу борада учта йирик факторни келтириб ўтди. Булар нефть нархи ва иқтисодий самарасизлик, этник низолар ва Горбачёв ислоҳотлари.

1985 йил 13 сентябрь куни Саудия Арабистони нефть вазири Аҳмад Яманий Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқаришни чеклаш ҳақидаги шартномадан чиқишини ва нефть қазиб олишни кўпайтиришини эълон қилди. Шундан кейин мамлакат нефть қазиб чиқаришни 5,5 баравар кўпайтирди. Бу эса нефть нархи пасайишига олиб келди. Нефть маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи асосий давлатлардан бири бўлган СССР учун бу кучли зарба бўлди, дея ҳисоблайди эксперт.

СССР иқтисодиётининг самарасизлиги 80 йилларга келиб ўзини кўрсата бошлагани ҳам муҳим рол ўйнаган, деб ҳисоблайди таҳлилчилар. Америкалик социолог Владимир Шлапентохга кўра, охирги ўн йилликда иқтисодий ўсиш суратлари кескин пасайди, маҳсулотлар сифати ёмонлашди, технологик жараёнлар секинлашди. Шунга қарамай, унинг фикрича, бу жараён тадрижий характерга эга эди ва унчалик ҳам ҳалокатли эмас эди. Сабаби, худди бирор касаллик билан узоқ яшайдиган одамдек, нуқсонлари бор давлат ва жамият ҳам узоқ яшаши мумкин. Бунга қўшимча, расмий статистик маълумотлар ЯИМнинг пасайишини илк бор 1990 йилда қайд этди.

Фото: Google Photos
СССР ва Россия бўйича эксперт, бельгиялик журналист ва эссечи Жан Мари Шове СССР қулашининг бошини Горбачёвдан олдин ёки унинг 1988 йилгача бўлган бошқарув даври деб эмас, балки 1990—1991 йиллар деб ҳисоблайди. У 1989 йилгача миллий даромад ўсиб борганини ва бу кўрсатгич 1988 йилда беш фоизга ўсганини қайд этиб ўтади. Унинг фикрича, айнан 1990—1991 йилларда мамлакат иқтисодий, демографик ва ижтимоий таназзулга учрашни бошлади.

Горбачёв ислоҳотлари ҳақида гап кетганда, айниқса, «перестройка» вақтларини айримлар Катастройка деб ҳам атайди. Бунга сабаб эса фитна назарияларидир. Уларга кўра, Горбачёв атайлаб, яъни давлатни бўлиб юбориш ва тугатиш учун хориждан ёлланган бир «қўғирчоқ» сифатида кераксиз ислоҳотларни амалга оширди ва бунинг натижасида давлат инқирозга юз тутди. КГБ раҳбарларидан бири 1991 йилда Горбачёв ва Яковлевларни МРБ (CIA) томонидан бошқарилган мафиялар дея баҳолади. Эдуард Лимоновнинг фикрича эса «перестройка» совет буржуазиясининг ҳукуматни қўлга олиш мақсадида амалга оширган иши.

Ҳатто 2016 йили Россия коммунистик партиясининг Думадаги фракцияси Горбачёвни сотқин дея иддао қилди ва уни трибуналга чақиришга даъват этди. Бундай конспирологик қарашлар Борис Ельцинга нисбатан ҳам илгари сурилди. Бунга сабаб қилиб, АҚШнинг ўша пайтдаги президенти бўлган катта Жорж Буш билан телефон қўнғироқларини келтирди.

СССРда бўлиб ўтган 1989—1990 йилардаги миллий республикалардаги халқ норозиликлари, этник низолар, мустақиллик чақириқлари ҳам СССР қулашида катта факторлардан бири бўлди. Айниқса, 1989—1990 йиллардаги иқтисодий чўкиш йиллари юз берган халқ норозиликлари фонида озодлик учун ҳаракатлар ҳам жадаллашиб кетди. Бу жараён Болтиқбўйи давлатлари ва Грузияда айниқса кучли кечди. Ана шу давлатлар дастлаб мустақиллик эълон қилди ва ҳудудларнинг СССР томонидан босиб олинишини ноқонуний деб топди.

Фото: Google Photos
СССР қулашини фақатгина бир давлатнинг қулаши сифатида эмас, балки коммунистик блокнинг қулаши сифатида ҳам қараш керак. Чунки Берлин деворининг қулаши коммунистик блок учун катта зарба бўлди ва шу даврдан бошлаб шарқий Европадаги коммунистик режимлар қулай бошлади. СССРнинг қулаши ҳам айнан ана шу фонда кечди. СССРнинг парчаланиши 1945 йилдан буён давом этган бир даврнинг ҳам якуни бўлди. Бу совуқ уруш даври эди.

СССР парчаланиши оқибатида 15 та мустақил республика вужудга келди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари бир қатор иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий можаролар остида ўтди. Кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлган этник можаролар эса СССРнинг йиллар давомида юритган «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» сиёсатининг натижаси бўлди. Булар ҳақида эса кейинги мақолаларда сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » 26 декабрь – СССР қулаган сана. Гигант давлат ҳалокатига нима сабаб бўлган эди?