19:33 / 07.03.2021
1 029

Давлатлар ва технологик гигантлар рақобати: курашда кимнинг қўли баланд келади?

Давлатлар ва технологик гигантлар рақобати: курашда кимнинг қўли баланд келади?
Фото: BBC Russian
Ижтимоий тармоқлар ва интернетга асосланган хизматлар орқали тижорий фаолият юритувчи глобал компаниялар келгусида бутун дунё бўйлаб давлатлар томонидан назорат остига олиниши мумкин. «Онадўли» агентлиги разведка, киберхавфсизлик, терроризм ва технология билан алоқалар каби масалалар бўйича мутахассис Али Бурак Дарижилининг шу ҳақдаги мақоласини эълон қилди.

Майдонда янги куч пайдо бўлди
1648 йилда Вестфалия шартномаси билан пойдевори қўйилган замонавий миллий давлатлар ҳукмронлик қилган халқаро тизимда куни сайин ўз таъсири ва қудратини ошириб бораётган янги бир куч пайдо бўлди. Ушбу янги куч – технологик ютуқлар натижасида катта айланмаларни бошқарувчи глобал технологик компаниялардир.

10 йил олдин дунёдаги энг қиммат компаниялар рўйхатига атиги иккита технологик компания кирган бўлса, 2019 йилги маълумотларга кўра, ушбу рўйхатдан рақамли технологияларга асосланган еттита компания ўрин олган. Боз устига, ушбу компанияларнинг бозор қиймати ва улар томонидан бошқарилувчи бюджет ҳажми ҳам кун сайин юксак суръатларда ўсиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу компанияларнинг товар айланмаси ва даромади халқаро тизимдаги кўплаб миллий давлатларнинг иқтисодий салоҳиятидан ҳам ошиб кетди.

Тарози палласини ким босмоқда?
Энг яхши 10та технологик компания рейтингида «илдизи» АҚШга туташ компаниялар тарози палласини босиб кетмоқда. Ушбу рўйхатга АҚШнинг 5та компанияси (Apple, Microsoft Corp, Alphabet Inc./Google, Amazon ва Facebook), Хитойнинг эса иккита компанияси (Alibaba ва Tencent Holding) киритилган. Қолаверса, ижтимоий тармоқ дастурларидан тортиб, сунъий интеллект ва булутли технологияларгача, электрон тижоратдан смартфонларгача – деярли ҳар соҳада фаолият юритувчи мазкур компанияларнинг бозор қиймати тобора ўсиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, глобаллашув жараёнидан энг кўп фойда кўраётган компаниялар, шубҳасиз, технология ишлаб чиқарувчи тузилмалардир. 1990-йилларда интернетнинг тижоратлашуви, 2010-йиллардан кейин эса смартфон ва ижтимоий тармоқ дастурларининг кенг қўлланиши натижасида иш ҳажми муттасил ўсиб борган ушбу компаниялар дунёнинг 20та энг йирик иқтисодиётининг 14тасини ортда қолдиришга эришди.

Юқорида санаб ўтилган технологик компанияларнинг умумий бозор қиймати «G20» аъзоси бўлган 14 мамлакатнинг 2019 йилги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) кўрсаткичларидан юқори. Тижорий фаолиятини интернетга асосланган технологиялар билан олиб борувчи ушбу компанияларнинг иқтисодий ҳажми бугунги кунда мислсиз даражадаги катта рақамлар билан ифодаланмоқда.

Рақамлар тилга кирганда…
Шу нуқтайи назардан, Apple 1,6 триллион, Amazon 1,5 триллион, Microsoft 1,27 триллион, Google 1,1 триллион, Facebook 700 миллиард ва Alibaba эса 500 миллиард долларлик бозор қийматига эга. Бошқа томондан, ЯИМнинг йиллик кўрсаткичи АҚШда (20,54 триллион доллар), Хитойда (13,61 триллион доллар), Германияда (3,9 триллион доллар), Францияда (2,77 триллион доллар), Ҳиндистонда (2,72 триллион доллар), Аргентинада (578 миллиард доллар), Россияда ( 1,7 триллион доллар), Австралияда (1,5 триллион доллар), Бразилияда (1,8 триллион доллар), Жанубий Кореяда (1,7 триллион доллар), Англияда (2,7 триллион доллар), Италияда (2,1 триллион доллар), Канадада (1,7 триллион доллар), Мексикада (1,3 триллион доллар), Жанубий Африкада (372 миллиард доллар) ва Индонезияда (1,1 триллион доллар экани ҳисобга олинса, ушбу компанияларнинг ўсиб бораётган кучини янада яққолроқ кўриш имкони пайдо бўлади.

Австралия ва Facebook можароси
Катта иқтисодий қудратга эришган ушбу компанияларнинг давлатлар билан ҳокимият учун кураши эндиликда янада аниқроқ намоён бўлмоқда. Масалан, 2020 йилда АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловларида АҚШ компанияси – Twitter собиқ президент Дональд Трампнинг постларини блоклаб қўйиш орқали сайлов жараёнига қандайдир таъсир кўрсатгани масаласи ҳали-ҳамон мунозара мавзуси бўлиб келмоқда. Ҳокимият учун курашнинг яна бир мисоли сўнгги ҳафталарда Австралия ҳукумати ва Facebook ўртасида содир бўлди.

Феврал ойида Австралияда парламентнинг қуйи палатаси томонидан маъқулланиб, Сенатга тақдим этилган ижтимоий медиа тўғрисидаги қонун лойиҳаси Австралия ҳукумати билан Facebook’ни қарама-қарши бир вазиятга олиб келди. Ушбу лойиҳада Австралияда жойлашган ахборот ташкилотларининг Facebook ва Google’да эълон қилинган контент учун улуш олиши белгилаб қўйилган. Facebook ушбу қонун лойиҳасига қарши эканлигини билдирди ва 2021 йил 18 февралдан бошлаб Австралиянинг ахборот ташкилотлари ва баъзи ҳукумат веб-сайтларини блоклади.

«Улар бизни қўрқита олишмайди», деб баёнот берди Австралия бош вазири Скотт Моррисон мазкур вазиятни танқид қилар экан. Моррисон Facebook компаниясининг қарорини «қўпол ва ҳафсалани пир қилувчи» деб атади. «Гигант технологик компаниялар дунёни ўзгартираётган бўлишлари мумкин, аммо улар дунёни бошқара олишмайди», деди Австралия бош вазири.

Австралия ҳукумати томонидан ўз суверен ҳуқуқларининг табиий натижаси сифатида ишлаб чиқилган ушбу қонунга Facebook томонидан бу тарзда муносабат билдирилиши – Facebook’га кириш ҳуқуқининг тақиқлаб қўйилиши бутун дунё бўйлаб кучли резонансга сабаб бўлди. Facebook кейинчалик, Австралия билан келишувга эришгани ва тақиқни олиб ташлаб, ортга қадам ташлаганига қарамай, юқорида содир бўлган жараён, яъни халқаро компаниянинг ўзи фаолият кўрсатаётган мамлакатнинг суверен ҳуқуқларидан фойдаланишига йўл қўймаслик учун уриниши, аслида, технологик компаниялар ва давлатлар ўртасидаги рақобат ва курашнинг ўзига хос кўринишидир.

Чегара қаерда ўзи?
Айни пайтгача ушбу компанияларнинг сиёсий ва тижорий жараёнларни ўз фойдасига ёки муайян бир давлат фойдасига манипуляция қилиш стратегияси ва бу борадаги уринишлари асосан Россия ва Хитой томонидан танқид қилиб келинаётган эди. Хусусан, Россия президенти Владимир Путиннинг Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) «Давос кун тартиби 2021» доирасида 2021 йил январ ойида қилган нутқида технологик компаниялар ва давлатлар ўртасидаги куч курашига урғу берилгани ҳам анча муҳокамага сабаб бўлди.

«Хизмат кўрсатувчи муваффақиятли бир компания билан улкан маълумотлар базасини тўплаш орқали жамиятни ўз хоҳишига кўра қўпол равишда бошқаришга уринувчи, қонуний демократик институтларнинг ўрнини эгаллаб олган компания ўртасида қандай фарқ бор, чегара қаерда ўзи?», дея савол қўяди Путин.

«Технология гигантлари, асосан, рақамли технология соҳасидаги компаниялар жамиятда тобора муҳим рол ўйнай бошлади. АҚШдаги сайлов жараёнларида ҳам гувоҳи бўлганимиздек, ушбу компаниялар эндиликда шунчаки иқтисодий гигант эмаслар. Ушбу компаниялар, аслида, баъзи соҳаларда давлат билан рақобатлашмоқда», дейди Путин ўз фикрини давом эттирар экан.

Россия президентининг ушбу фикрлари Ғарб доиралар томонидан «антидемократик» деб баҳоланди ва танқид остига олинди.

Қандай эҳтимоллар бор?
Аммо бу сафар вазият ҳақиқатдан ҳам бошқача. Ғарбий блокнинг муҳим мамлакати саналмиш Австралиядай бир давлат глобал технологик компаниялар билан қарама-қарши вазиятга тушгани – ҳақиқат. Шу нуқтайи назардан, Австралия бош вазирининг Facebook’га қилган мурожаатини келгуси даврда мазкур компанияларнинг Россия, Хитой ва Ғарб блокидаги бошқа давлатлар билан рақобат ва ҳокимият учун кураш олиб боришининг аниқ мисоли сифатида баҳолаш мумкин.

Келгусида бутун дунё бўйлаб ижтимоий тармоқлар ва глобал компанияларнинг давлатлар томонидан назорат остига олиниши бўйича ҳаракатлар амалга оширилиши эҳтимоли мавжуд. Шу нуқтайи назардан, ушбу компанияларга нисбатан монополияга қарши қонунларга бўйсунмаслик айблови билан катта миқдордаги жазо чоралари қўлланиши мумкин. Шунингдек, ушбу компаниялар устидан шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тартибларининг бузилиши ёки солиқ даъволари бўйича тергов ишлари олиб борилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Шу ўринда АҚШнинг 50та штатидан 46таси, Вашингтон штати ва Гуам ороли, АҚШ Федерал савдо комиссияси (FTC)нинг Facebook устидан 2020 йил 10 декабр куни «рақамли бозорда ўз устунлигини суиистеъмол қилиш, монополия ўрнатиш ва рақобатга имкон бермаслик» айблови билан судга икки даъво киритилганини ҳам эслаб ўтиш жоиз.

Вазият жиддий ташвиш уйғотмоқда
2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий фаолият тўхтаб қолиши натижасида бутун дунё миқёсида ишсизлик ва қашшоқлик даражаси ошиб кетган бир пайтда йирик технологик компаниялар ва ижтимоий медиа платформаларининг эгалари триллионлаб долларларни қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Ушбу вазият эса тобора кучайиб бораётган ушбу компанияларга нисбатан нафақат Россия ва Хитойда, балки АҚШ ва Европа Иттифоқида ҳам жиддий ташвиш уйғотди.

Шу боис бугунги кунда юқорида номи тилга олинган компанияларга қарши монопол айбловлар, шахсий маълумотларнинг етарли даражада ҳимояланмаганлиги, айниқса, уларнинг сайлов жараёнлари ва сиёсий воқеаларни ўз манфаатлари йўлида манипуляция қилиши ҳақидаги даъволар ҳар доимгидан-да кўп баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Давлатлар ва технологик гигантлар рақобати: курашда кимнинг қўли баланд келади?