Фото: Susan Walsh/Associated Press
Кучлар мувозанати таъминланмаган, функциясини бажарувчи халқаро ташкилот мавжуд бўлмаган шароитда аҳолиси орасида етарли қўллаб-қувватловга эга бўлган Россия Украинада Қрим ёки Абхазия сценарийларининг такрорини намойиш этиши мумкин.
Украина тарихий, геостратегик ва ижтимоий-этник жиҳатдан Россия «буюк давлатчилик» қарашларининг «марвариди» ҳисобланади.
Тарихан, илк рус давлатчилиги Рюриковлар сулоласи томонидан асос солинган Киев Руси давлатига бориб тақалади. Шунингдек, Россия тарихининг энг муҳим ҳодисаларидан бири бўлган православ динининг қабул қилиниши айнан Киев Руси князи Владимир даврида амалга оширилиши ҳам мазкур ерларнинг рус халқи учун қадрини яна бир поғонага оширади.
Ижтимоий ва этник қарашлар эса панславянизм ёки «собиқ иттифоқдошлик» каби тушунчаларда ўз аксини топади. СССР даврига урғу берилганда Украина «энг яқин иттифоқдош», Россиядан кейинги қизил империянинг «иккинчи» давлати сифатида, Чор Россияси ва мустақил Россия даври нуқтайи назаридан эса украинлар худди руслар каби шарқий славян этноси таркибидаги миллат сифатида қабул қилинган.
Шунингдек, ҳарбий-стратегик жиҳатдан ҳам Украина ҳудудлари, Польша ва Беларуссь ерлари билан биргаликда, Москва учун жуда муҳим роль ўйнайди. Айнан Ғарбий Украинага эгалик қилган Польша ўрта асрлар Россиясида ҳокимият Рюриковлардан Романовларга ўтиш йиллари Москвага таҳдид сола олган. Ёки Польшани мағлуб этган Наполеон ХIХ аср бошларида, Польшанинг катта қисмини қўлга киритган Гитлер эса Иккинчи жаҳон уруши бошларида Москва остоналаригача етиб кела олган.
Халқаро муносабатлардаги неореализм мактаби вакили, Америка денгиз академияси ва Янги Америка хавфсизлик маркази институти ходими Роберт Каплан ўзининг «Географиянинг қасоси»(«Revenge of geography») китобида Россия айнан табиий чегараларга эга эмаслиги туфайли ҳудудларини тизимсиз кенгайтириб борганини таъкидлайди. Шу сабаб Россия империяси шимолда Шимолий муз океанигача, шарқда Сибирь ва Узоқ Шарқ кенгликлари орқали Тинч океанигача, жанубда Марказий Осиё орқали Помир ва Ҳиндикуш тоғларигача, жануби-ғарбда Кавказ тоғларигача кенгайган. Иккинчи жаҳон уруши якунига яқин, 1944 йилда СССР чегараларини тиклаган Сталин қўмондонлигидаги қизил армиянинг ғарбда Берлингача етиб бориши ҳам Польша, Наполеон ва Гитлернинг Шарқий Европа кенгликларидаги истилолар сценарийсининг такрори эди.
Москва хавфсизлиги учун геостратегик аҳамиятга эга бўлган давлатлардан бири ҳисоблаб келинган Польшани ўз таркибига қўшиб олган НАТО иккинчи жуда муҳим ҳудуд – Украинани аъзо сифатида қабул қилишга уриниши Кремлни ташвишга солиши табиий ҳолдир.
Киевнинг Москва учун ташқи сиёсатдаги асосий рақобатчиси бўлган Ғарб коалицияси таркибига ўтиши Россияни тарихий илдизларидан узади, этник-маданий дунёсини янада парчалайди ҳамда НАТОни амалдаги пойтахтига стратегик хавф солиши мумкин бўлган нуқтагача олиб келади. Шу сабаб Украинанинг Шимолий Атлантика Шартномаси ташкилотига киришга уриниши айни юқоридаги ўта муҳим факторларга кўра ҳам Болтиқ давлатларининг ушбу ташкилотга аъзолигига қараганда анча жиддийроқ реакцияни келтириб чиқармоқда.
Шарқий Европада вужудга келган ушбу вазият Россиянинг чегара яқинига ҳарбий қисмларини олиб келиши билан инқирозга айланди. Рус дипломатларининг Украинадан эвакуация қилиниши фонида айрим таҳлилчилар ҳаттоки Россиянинг кенг кўламли ҳужумга ўтиш эҳтимолини ҳам айтишмоқда.
Уруш бўладими?
Халқаро муносабатлар фани акторлар (сиёсий назарияларга кўра фарқланади) ўртасидаги алоқаларни турли назариялар ёки методлар ёрдамида таҳлил қилиш ва прогнозлар беришга имкон беради. Реализм, либерализм, марксизм каби энг машҳур назариялар ва тарихий-қиёсий таҳлил методи орқали ишлаб чиқилган моделлар орқали эҳтимолий сценарий тузиш ва рус-украин чегарасидаги айни вазиятни ўрганиш самарали бўлиши мумкин.
Реализм нуқтайи назаридан олиб қараганда халқаро муносабатларнинг ягона актори бўлган давлатлар ўз мустақиллигини сақлаб қолиш мақсадида куч тўплайди ёки кучли коалициялар таркибига киради. Бу жараён кучлар мувозанати (balance of power) шаклланишига олиб келади ҳамда дунё тартиботида барқарорлик шаклланади.
Кўриниб турибдики, нисбатан кучли бўлган рақиб Россияга қарши туриш учун Киев ҳам айнан кучли ташкилот НАТО билан ҳамкорлик ўрнатишга интилмоқда. НАТО ва Россиянинг ҳарбий потенциалидаги яқинлик халқаро майдонда кучлар мувозанатини ҳамда шу орқали рус-украин чегарасида тинчликни таъминлаши мумкин бўлади. Бироқ уруш бўлса, НАТО Украинага ёрдам берадими?
НАТОни ташкил этиш тўғрисидаги келишувнинг 5-моддасида «НАТОнинг бир аъзосига нисбатан уюштирилган ҳужум, НАТОнинг барча аъзоларига нисбатан уюштирилган ҳужум деб қабул қилинади» деб ёзиб қўйилган. Лекин Украина НАТОга аъзо давлат ҳисобланмайди ва айни пайтда кучлар мувозанатини таъминлашнинг имкони йўқ.
Либерализм назариясига кўра, халқаро муносабатларнинг акторларига давлатлардан ташқари халқаро ташкилотлар ҳам киради. Яъни Россия ва Украина биргаликда аъзо бўлган халқаро ташкилот ушбу инқирозли вазиятда воситачи сифатида роль ўйнаши ва муаммога ечим топиш учун хизмат қилиши мумкин.
Москва ва Киев вакиллари масалаларни муҳокама қилиш учун учрашиши керак бўлган ташкилот Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бўлиши мумкин эди. Аммо 2018 йил Украинанинг собиқ президенти Петро Порошенконинг ташкилотдан чиқиш ҳақидаги баёнотидан кейин бу амалда имконсиз ечимга айланган.
Марксизм эса пролетариатни капиталистик «зулмга» қарши курашга чақиради ҳамда ҳозирги даврда ҳам халқаро муносабатларда прогнозлаш учун самарали восита бўлиши мумкин. Бунга сабаб, Россия аҳолиси орасида собиқ иттифоқ таълим тизими асосида дунёқараши шаклланган одамлар мавжудлиги ва уларнинг ҳамон ғарбий капитализм юртига бостириб келаётганига ишонишидир. Улар Украинанинг Ғарб коалициясига қўшилишини бевосита ўз давлатларига хавф деб билишлари муаммога ечимдан кўра, кўпроқ вазиятни чигаллаштиришга хизмат қилади. Фақатгина Россиядаги ёш қатлам кенг кўламли урушга қарши чиқиши мумкин.
Тарихий-қиёсий таҳлил методига кўра ўхшаш воқеаларни ўзаро қиёслаб, ўхшаш оқибатларни прогноз қилиш мумкин бўлади. Яқин тарихда бу каби ҳодисалар икки марта содир бўлган: Абхазия ва Қримда.
Ҳар икки тарихий жараёнда НАТО бевосита аралашишдан тийилди ва Россия янги «мустақил» давлат тузишга ёки янги ерларга эга бўлишга имкон топа олди.
Сценарий
AP Photo/Ivan Sekretarev
Таҳлиллар Россиянинг Украина бўйлаб ҳаракатланишга имкониятлари мавжудлигини кўрсатмоқда. Ҳар ҳолда кучлар мувозанати таъминланмаган (реализм), функциясини бажарувчи халқаро ташкилот мавжуд бўлмаган (либерализм), аҳолиси орасида қўллаб-қувватловчилари етарли бўлган (марксизм) ҳолда тарихий тажрибага асосланиб, Қрим ёки Абхазия сценарийлари такрорланишини кутиш мумкин. Зеро, Украина атрофидаги айни вазият янги уруш бошланиши мумкинлигига ишоралар бермоқда.
Маълумот учун, 2021 йил давомида Россия Украина билан чегара яқинига 100 минг атрофида ҳарбий жойлаштирган. Ғарб давлатлари Россия Украинага бостириб кириши мумкинлигидан хавотирланмоқда, расмий Москва эса буни рад этиб, чегарага қўшин ташлашини машғулотлар билан изоҳлаган.
Москванинг талаби: Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТОга қабул қилинмаслиги бўйича юридик кафолат берилиши керак. Кремль Ғарбни Украинани қуроллантириш ва уни НАТОга тортишда айблаяпти. Россия–НАТО, Байден–Путин ва Блинкен–Лавров музокаралари вазиятни юмшатишга ёрдам бермади.
Украина атрофидаги вазият кескинлашиши фонида АҚШ ва Буюк Британия Киевдаги дипломатик миссиялари ходимларининг бир қисми ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилишга киришган.
The New York Times газетаси эса 22 январь куни ўз манбасига асосланган ҳолда АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Болтиқбўйи ва Шарқий Европага бир неча минг қўшин жўнатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқатган.
Шаҳбоз Жўраев, Достон Аҳроров
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда