Фото: «The Scotsman»
Россия Украинада муҳораба бошлаганидан сўнг башариятни Европа мамлакатлари ёки АҚШга ядровий зарбалар берилиши эҳтимоли кучайгани хавотирга солиб қўйди. «Совуқ уруш» замонларидаги қўрқув қайтди.
«The Conversation» ёзишича, Владимир Путиннинг Украинада «ким бўлишидан қатъи назар, бизга халақит берса» ядро қуроли қўлланилади, деган таҳдиди, қолаверса, «махсус жанговар навбатчилик тартиби» қўшимча ядрочи-зобитлар билан кучайтирилиши НАТО мамлакатларини гангитиб қўйди.
НАТО ва Россиянинг Европада жойлаштирилган ядро қуроллари
Украинадаги низо давом этавераркан, ядро қуроли қўлланилиши борасидаги хавотирлар кучаяверади. Россия ядро қуролларини ўзининг турли ҳудудларида жойлаштирган. НАТОга аъзо айрим мамлакатларда АҚШнинг ядро қуроллари қўним топган. Америка атом бомбасига «бошпана» бермаган Буюк Британия ва Франция ўз ядровий арсеналларига эга. НАТОнинг аксарият аъзо-мамлакатлари ядровий қуролдан холи.
Харита: «The Conversation»
Россия ва АҚШ
Россия ва АҚШ ихтиёрида 1945 йили Хиросима ва Нагасакини ер билан текис қилган атом бомбаларидан беш карра ва янаям вайронкор минглаб ядровий қуроллар бор. Бу икки ядровий гегемоннинг ҳар бирида 1 600 тадан ана шундай ажал элтувчи кутиш тартибида турибди, улар Ер юзидаги исталган нуқтага етиб боришга қодир.
Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича 2011 йилдаги Янги келишувда АҚШ ва Россия ядровий қуролларини юқоридаги рақамдан оширмасликка ваъдалашган. Томонларнинг ядровий арсенали қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемаларидан учирилувчи баллистик ракеталар ва махсус самолётлардан старт берилувчи ракеталардан иборат. Айрим ракеталарга алоҳида нуқталарни нишонга олувчи бир нечтагача ядровий каллаклар жойлаштирилган.
АҚШ ва Россия Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича келишув мажбуриятлари 2018 йилда бажарилганига ишонч ҳосил қилиб, 2021 йилнинг бошида унинг амал қилишини яна беш йилга узайтирганди.
Бироқ АҚШда ҳам, Россияда ҳам юқоридаги Келишув доирасига кирмайдиган яна юзлаб яқин масофага мўлжалланган ядровий қуроллар бор. Ҳозир Россияда уларнинг сони 2 000 та атрофида, яъни АҚШникидан 10 баравар кўп дейилмоқда (ноҳукумат таҳлиллари хулосаси).
АҚШ ўз кичик радиусли, яъни узоққа учмас ядро қуролларини НАТОнинг Европадаги беш мамлакати: Бельгия, Германия, Италия, Нидерландия ва Туркияда жойлаштирган. Бу ракеталардан қўлланиш эҳтиёжи туғилганида НАТО авиацияси ёрдамга келади.
Харитада — ядро қуроллари жойлашган тахминий нуқталар, чунки уларнинг айнан қаерда сақланиши ўта махфий тутилади.
Харита: «The Conversation», CC-BY-ND
Франция ва Буюк Британия
НАТОнинг икки аъзоси: Франция ва Буюк Британиянинг бир неча юз ядровий қуроли бор — Россия ва АҚШникидан анча кам. Франция ўз ядровий каллакларини сувости кемалари ва самолётлардаги қанотли ракеталарга жойлаштирган, Буюк Британия эса ядровий салоҳиятини фақат сувости кемаларида татбиқ этган.
Гарчи ядровий қуролларни чеклаш бўйича АҚШ-Россия келишувига киришмаса ҳам, Франция ва Буюк Британия ўз ядровий қуроллари сони ва хусусиятини яширмасдан эълон қилишган.
АҚШ, Буюк Британия ва Франция НАТО бўйича иттифоқчиларини ўз «ядровий қалқони» билан ҳимоя қилади, чунки алянснинг бир аъзосига ҳужум бутун алянсга ҳужум ҳисобланади.
Хитой
Хитой ядровий қуролланиш салоҳияти бўйича Буюк Британия ва Францияга тенглашган. Бироқ хитойликлар ўз ядро дастурини тинмай ривожлантирмоқда, Океанортидаги айрим расмийлар АҚШга яна бир бошоғриқ пайдо бўлаётганидан хавотирларини яширишмаяпти.
Худди Франция ва Британия сингари, Хитой ҳам қуролларни назорат қилиш бўйича биронта келишувга имзо чекмаган.
Бошқалар
Ҳиндистон, Покистон ва Исроилнинг ядро қуроллари юқоридагилардан анча кам — бир неча ўнлаб ракеталардан иборат. Булар ҳам тарқатмаслик бўйича Келишувларга қўшилмаган.
Ядровий қуролни тарқатмаслик бўйича келишувни 1985 йилда имзолаган, бироқ 2003 йилда чиқиб кетган Шимолий Корея ихтиёрида ўнлаб атом бомбалари борлиги тахмин қилиняпти. Тинмай ракеталарини синовдан ўтказаётган КХДР ҳақида кунда-кунора эшитамиз.
Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетишидан аввал, 1991 йилга қадар Беларус, Украина ва Қозоғистон ҳудудларида ҳам совет ядровий қуроллари жойлаштирилган эди. Мустақилликка эришган бу уч мамлакат, жумладан, Украина, ўз ҳудудий яхлитлигига халқаро кафолат берилиши эвазига ҳудудларидаги ядро қуролларини Россияга топширишган.
Глобал ядровий каллаклар тахминий сони, 2022
Бахтимизга, Хиросима ва Нагасакига 1945 йилда ташланганидан бери, атом бомбалари қўлланилмади. Бироқ орадан салкам 80 йил ўтиб Шарқий Европа осмонига ўрлаган қора тутунлар тарих чархпалаги тескарисига ҳам айланиши мумкинлигига ишора қилаётгани қўрқинчли. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Маск Украинага ёрдам беришни АҚШнинг энг ёмон қарорларидан бири деб атади
Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди
Генерал Кирилловнинг қотиллик иши очилишида Ўзбекистон томони ҳам иштирок этади
Шавкат Мирзиёев россиялик генералнинг ўлими муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
Путин Суриядаги вазиятдан фойда кўрган давлат номини айтди
Россиялик ҳарбийлар Киевга баллистик ракета билан ҳужум қилди
Доналд Трамп Европа Иттифоқига ультиматум қўйди
Илон Маск: “Европа давлатлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида”