Binance ва Алпака даромадларни бўлишиш бўйича келишувга эришди

Дунёнинг энг йирик криптовалюта биржаси Binance кастедиан ва брокерлик инфратузилмаси провайдери Алпака билан даромадларни тақсимлаш бўйича келишув тафсилотларини очиқлади. Алпака бугунги кунда токенизация қилинган АҚШ акциялари ва биржа фондлари (ЭТФ) сақлови бўйича етакчи инфратузилма провайдерига айланган. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Binance томонидан эълон қилинган янги савдо шартларига кўра, биржа Алпака платформасининг буюртмалар оқими учун тўлов (ПФОФ) тушумларининг 50 фоизини ҳамда фойдаланувчиларга фоизлар тўлангандан кейинги акциялар лизингидан қолган фойданинг 65 фоизини олади. Алпака компанияси Binance платформасидаги акция савдолари учун брокерлик, клиринг ва кастедиан хизматларини тақдим этади.
Ушбу ҳамкорлик Binance компаниясининг крипто оламидан ташқарига чиқиш ва ўз хизматларини монетизация қилиш стратегиясининг бир қисмидир. Аввалроқ биржа 7000 дан ортиқ АҚШ акциялари ва ЭТФларига кириш имкониятини очган ҳамда бСтоккс деб номланган янги токенизацияланган маҳсулотини анонс қилган эди. Маълумот учун, Алпака январ ойида 1,15 миллиард доллар баҳо билан 150 миллион доллар инвестиция жалб қилган.
RVA.xyz маълумотларига кўра, токенизация қилинган акциялар бозори жадал ўсиб бормоқда. Охирги 30 кун ичида ушбу бозорнинг умумий қиймати 29 фоизга ошган бўлса, эгалари сони 35 фоизга кўпайиб, 304 700 нафарга етди. Бироқ, фаол манзиллар сонининг камайиши инвесторлар ушбу активларни фаол сотишдан кўра, узоқ муддатли сақлашни афзал кўраётганидан далолат беради.
Бошқа йирик крипто биржалар ҳам анъанавий молия бозорларига кириб бормоқда. Масалан, Битгет биржаси апрель ойида Elon Musk бошқарувидаги SpaceX компаниясининг ИПО олди акцияларига боғланган прокси-таклифни ишга туширган эди. Бу каби қадамлар блокчейн технологиялари асосидаги савдо маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатмоқда.



























Изоҳлар 0
…