394 от кучи ва 1100 км масофа: Lada Азимут гибрид прототипи тайёрланмоқда

394 от кучи ва 1100 км масофа: Lada Азимут гибрид прототипи тайёрланмоқда

«AvtoVAZ» компанияси 2026-йилнинг тўртинчи чорагида янги Lada Азимут кроссовери сотувларини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания раҳбари Максим Соколов ТАСС агентлигига берган интервюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, моделни ишлаб чиқариш кейинги чоракда старт олиши, илк автомобиллар эса йил якунига қадар дилерларга етказиб берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Соколов, шунингдек, Lada Азимут моделининг гибрид прототипи 2026-йил охиригача тақдим этилиши мумкинлигини таъкидлади. Гарчи барча истиқболли ишланмалар ҳам серияли ишлаб чиқаришга етиб бормаса-да, мутахассислар ушбу прототип орқали моделнинг келажакдаги имкониятларини баҳолашни мақсад қилганлар. Янги гибрид версиянинг техник кўрсаткичлари аллақачон маълум қилинган.

Бўлажак гибрид Lada Азимут тўлиқ узатмали (АWD) тизим, 394 от кучига эга куч қурилмаси ва 100 км/соат тезликка 5,7 сонияда эришиш имконияти билан ажралиб туради. Энг муҳими, автомобил бир марта ёқилғи қуйиш ва қувватлантириш орқали 1100 км масофани босиб ўта олади. Бу кўрсаткич рус бренди учун мутлақо янги босқич ҳисобланади.

Бундан ташқари, «AvtoVAZ» автомобилларга обуна бўлиш дастурини кенгайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда ушбу хизмат Lada Веста учун амал қилмоқда, бироқ келажакда Lada Ларгус, Lada Искра ва янги Lada Азимут кроссоверлари ҳам ушбу рўйхатга киритилиши мумкин. Аввалроқ Lada автомобилларида автопилот ва сунъий интеллект тизимлари пайдо бўлиши ҳақида ҳам хабарлар берилган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар