01:14 / 02.08.2018
5 732

Оллоҳга “ишим тушган” кун

Оллоҳга “ишим тушган” кун
Оллоҳга энг биринчи марта “ишим” тўққизинчи синфда ўқиётганимда тушган. Унгача Яратганга бир нарса деб ялинганимни эслай олмайман.

Пахта пайти эди. Ўзимизнинг далаларда ҳосил камайиб, қўшни биргадага ёрдамга олиб чиқишди. Эрталаб ва кечда салқин туради. Шунинг учун онам увадаси чиқиб ётган бир камзулни елкамга ташлади. Тўғриси, кийишга уялдим. Аммо онамга “йўқ” деб бўладими, калтак еб қолишим мумкин. “Хўп” деб эски камзулни кийдим-у, лекин билдирмасдан мактабга киядиган кастимимни партикни ичига яшириб олиб чиқдим. Кейин кўчага – онамнинг кўзи етмайдиган жойга борганда алиштириб олдим.

Шу билан пахта даласига кириб кетдик. Қуёш кўтарилиб кун исигач, кастимни ечиб, эскисига ўраб, эгатга қўйдим. Кейин белги бўлиши учун чеканкадан четда қолиб, бўйим баравар ғовлаган баланд бир ғўза поясига пахта толасини илдирдим.

Пахта зўр, қийғос очилиб ётибди. Завқ билан басма-басига терамиз. Аниқ эслайман, ўша куни бир юз етти кило терганман. Унгачаям, ундан кейинам бунча теролмаганман.

Кейин кеч бўлиб, ҳамма қайтиш тараддудини ола бошлади. Мен ҳам охирги пахтамни торозидан ўтказиб, тиличкага топширдим. Сўнг кийимларимни оламан деб далага қайтдим. Лекин пахтадан белги қўйганим эгат йўқ-да! Белгиям йўқ, эгатам йўқ. Тахмин олиб югуриб излай бошладим. Катта дала. Атрофни қоронғулик қоплаб боряпти. Унинг устига тиличканинг устидаги жайкунчи “келинглар-оооо!” деб бақириб, баттар шоширади.

Энди нима қилдим?! Онамга нима дейман?! Мактаб очилганда нима кийиб бораман?!

Шунга ўхшаган ўйлар ичимни тирнайди. Камбағалчилик, бир кийим титилиб адо бўлгунча ёки бўй ўсиб сиғмай қолгунча кийилади...

Қоронғулик билан бирга ичимга қўрқув ҳам ёпирилиб кела бошлади. У ёққа югураман, бу ёққа югураман, аммо, қани, кастим ўлгур топилса?! Борган сари умидим узила бошлади. Ўкириб йиғлагудек ҳолга келдим. Шунда...

Шунда Оллоҳим менга Ўзини эслатди. Ўзига минг-милён марта шукурлар бўлсин-ей! Тепамдан дилгир бўлиб, зир югураётганимни кўриб-кузатиб турган Раббимнинг гўдаккина бандасига раҳми келди – Ўзини эслатди. Лоп этиб, миямда Оллоҳ топиб бермаса, ўзим тополмайман, деган фикр чарақлади. Чўк тушдим. Бошқалар кўриб қолишидан уялиб, бошимни яна ҳам пастроқ эгдим. Қўлимни кўтариб, Ўзига ёлвора кетдим. Бошқа чорам йўқ эди. Ўшанда айнан нималар деб илтижо қилганимни эслай олмайман. Аммо ўзимнинг тилимда Уни таниганимча сўрадим. Лекин ишониб сўрадим. Қатъий сўрадим. Ялиниб-ёлвориб сўрадим. Гўёки ҳаёт-мамот масаласини сўрагандай сўрадим.

Ўзига ҳамду санолар бўлсин! Ўрнимдан туриб икки қадам ташлар-ташламас, ерда ёйилиб ётган иккала камзулимга ҳам кўзим тушди. Кимлардир ўйнаб отиб юборган, шекилли-да. Дарҳол олдим-у мошинага қараб югурдим. Хурсанд бўлганимдан Раббимга раҳмат айтишни ҳам унутган бўлган бўлишим мумкин ўшанда. Аммо бир нарсани англаган эдим: Оллоҳ бор, У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради. Лекин бу англамимни ҳеч кимга айтганим йўқ. Уйдагиларга кастимни кийиб кетганимни билса, койишади, деб айтмадим. Дўстларга эса, устимдан кулади деб. Чунки бизга Худо йўқ деб озмунча уқтиришармиди?

Кейинчалик ҳам Эгамни ростакамига таниганимга қадар бир неча марта ёлворишимга тўғри келган. Аммо ҳамма сўраганларимниям олавермаганман...
Абдуғафур ИСКАНДАР

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оллоҳга “ишим тушган” кун