Аёл қалби гулдан нозик, тошдан қаттиқ, дейишади. Бу чин ўхшатиш экан. Қисмат битигига ёзилган шундай ҳолатлар бўларканки, ўзинг сезмаган тарзда қалбинг тош бўлиб қоларкан.
Сўзим аввалида аёлларга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: эрингизнинг бошқа аёлдан фарзанди борлигини билиб қолсангиз нима қиласиз? Бироз кулгили ва аччиқ савол, тўғрими? Балки кимдир «Бундайлар тиқилиб ётибди-ку», дер. Аммо эшитган, кўрган бошқа экан-у, ҳис қилмоқ бошқа экан. Ҳа, чипқоннинг оғриғини танасига чиққан одамгина тушунаркан.
Кўзга кўринган ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаб юрган умр йўлдошим бир зумда ишидан камомад чиқиб, етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўғил-қизим билан чирқиллаб қолдим. Тергов жараёнида унинг яна бир хотини ва кичиктойим тенги ўғли борлиги маълум бўлди.
- Ишим кўп, катта ташкилотда раҳбарман, бошқа шаҳарга бориб келишим керак, - деган гаплари баҳона бўлиб, ўша кунлари ўзга аёлнинг қоларкан. Бу қанчалик оғриқли! Ўн кунга конференцияга кетяпман, деб ўша билан хорижда дам олиб келишгани қалбим ойнасини бутунлай чилпарчин қилди. На ота-онасини, на жигарлари, на мени олиб бормаган хорижга ўша фоҳиша билан етаклшиб боришини қандай қабул қилай?... Ҳеч сезмаганмисиз, дерсиз балки. Сезганман. Неча қайта онасига гапирганман ҳам.
- Ойи, ўғлингизнинг қадами бежо. Ўртага олиб гапиринглар, - десам, қайнонам кўзларини катта-катта очиб:
- Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда бўлса... Сиз кийган либосни унча мунча аёл киймаса... Уялмайсизми, шундай дейишга, Ҳилола. Буларнинг ҳаммаси ўзидан ўзи бўлмайди, - деганди. Ҳа, хиёнатчи ёрнинг ота-онаси мени ноўрин рашк қилишда айблашган. Аёл эрининг юриш-туришидан, ўзгаришидан пайқайди. Мен ҳам ҳис қилдим, аммо исботлай олмагандим. Ўзидан ҳам неча қайта сўрадим. Гапларим ёқмай жеркиб ташларди.
- Сенга нима керак ўзи? Индамай еб-ичиб ўтиравер... Ўта эҳтиёткор эди эрим. Аммо кўза кунда эмас, кунида синаркан. Унинг қилмишлари ҳам ғалвир сувдан кўтарилганда аён бўлди.
Бошимни қайга уришни билмай бўзладим. Абгор ҳолга тушган турмуш ўртоғимни баттар лаънатлардим ўша кез. Эримнинг жазмани билан кўришиб келган қайнонамдан кўнглимдаги санчиқларни унутиб, аста сўрадим:
- Шунчалар чиройлимикан-а?
- Қаёқда, лўлига ўхшайди, - деди қайнонам кўзимга қаролмай. - Ўғлим бир адашди-да, Ҳилолахон. Эркакчиликда бўлиб туради, - деб қўшимча қилди. Барибир боласи эканда...
- Боласи-чи? - сўрайман чорасиз қолган девонадек.
- Ўғли худда Ботиржонга ўхшаркан, - деди-ю лабини тишлади қайнонам. Ичимдан нимадир узилганини ҳис қилдим. Бефарзанд бўлганимизда ҳам тушунардим. Ўғли бор, қизи бор...
Бир кўнглим болаларимни олиб отамникига кетиб қол, дейди. Лекин акам билан янгамнинг ёнида бошимни эгиб юргандан кўра, шу уйда бошини баланд тутиб яшашни афзал топдим. Онам шўрлик «Сабрли бўл», дейишдан нарига ўтмасди. Қайнота-қайнонам ўзимга айтишмаса-да, нигоҳларидан кетиб қолишимдан чўчишларини сезардим. Нима ҳам қилардим. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Сабрдан паноҳ излай бошладим. Худога кечалари тинмай нола қилиб йиғлардим: «Ҳаммасини енгиб ўтишимга куч ва сабр бер» дея. Ёнимдаги бўш ёстиқни кўрганим сари хўрлигим келарди. Аввалига эримни кўргани қамоқхонага бормасдим. Ҳар гал бориб келган онаси: «Қайта-қайта сизни сўраяпти. Келаси гал борақолинг», дерди кўзимга тикилиб. Аммо жавоб бермасдим. Беролмасдим. Юрагимни қонга, зардобга тўлдириб кетган одамнинг ёнига қандай борай? Шу кунга қадар ёлғонлар ичида яшаганим... фарзанди бўлмаганида ҳам кечириб кетишим мумкин эдим. Аммо нима қилай кечиролмасам?..
- Бироз вақт ўтсин, ойи. Кейинроқ, - дердим ҳар гал. Эрим тинмай хат ёзарди. Номасида: «Мени кечир, Ҳилола. Сенга қилган хиёнатим учун Худо мени жазолади. Шу ерларга келтириб қўйди», деб ёзарди нуқул.
Болаларим бувиси билан бориб отасини кўриб келишган куни, шунчалар қувончга тўлиб кетишардики, «Ая, дадамни кўрдик. Яхшийканлар, сизга салом дедилар», дейишарди бири қўйиб бириси... Ҳали мактабга чиқиб улгурмаган болаларимнинг сўзларини тинглаган киши бўламан. Аммо кўнглим ҳувиллаб, эгасиз қолган вайронадек...
Барибир кўз очиб кўрганим экан. Қайнонамнинг илтимослари, волидамнинг сўзлари, энг муҳими, болаларимнинг ўтинчлари учун эримни кўришга бордим. Уч йил деганда уни кўрдим. Унинг қувонганини кўзлари чақнаганидан сездим.
- Ҳилол, яхшимисан, менсиз қийналмаяпсанми? - деб сўрарди тинмай.
- Сизсиз қийналмаяпманми? Сиз мени бу дунёнинг дўзахида ёндиряпсиз? -дедим алам билан. «Ёмон гапирмагин, жон болам», деб тайинлаганди онам шўрлик. Мен эса чидолмадим. Гапирмайман, кўраману қайтаман, деган ниятда боргандим. Юрагим дош бермади. Забоним чидолмади. Кўнглимдаги бор аламларини чиқариб ташлашни истади, гўё...
- Мени кечир, - деди у бошини эгиб. - Аҳмоқлик қилдим...
- Аҳмоқлик... сизга нима етишмаганди? Шунчалар хунукмидим ё заҳармидим? Кўнглингизга йўл топишга ҳаракат қилардим, кўзингизга мўлтираб турардим. Қачон мени... -гапиролмадим. Бўғзимга ёш тиқилиб йиғлаб юбордим. У эса қучишга уринди.
- Бўлди, Ҳилол кечиргин... – қучоғидан юлқиниб чиқдим.
- Сизга айтиш осон... Бу ерга онангизнинг илтимоси, отангизнинг ўтинчи билан келдим. Мен энди илгариги Ҳилола эмасман,- дедим нафрат билан. - Сиздан нафратланаман. Болаларим учунгина ажрим талаб қилмадим. Отаси қамалган, деган гап уларнинг бошини эгиб қўйгани етар. Аммо илгариги Ҳилолани тополмайсиз энди. Сизни кечиролмайман!...
Жуфтимнинг ёнидан қайтарканман, ўтган кунларим тасмадек кўз олдимда айланарди. Қачон ва қаерда янглишганимни, уни ўзимдан совитганимни билолмай ҳайрон эдим. Унинг оёғи остида тупроқдек бўлишга тайёр турганман. Аммо тупроқни бежиз босиб ўтишмас экан. Эрим ҳам мени босиб, янчиб ўтиб кетди. Кўз ёшимни бир зум бўлса-да, тўхтатолмасдим. Ичимдаги аламларни тўкиб-сочганим билан енгил тортолмадим. Бу шу қадар оғир юк эканки...
Эрим яна тинмай хат ёзарди. Бир куни опасига ёзган хати қўлимга тушиб қолди. Қайнопам уни онасига ўқитгани олиб келган чоғи...
«Дилор, нима қилишга бошим қотган. Ҳилоланинг кўзидаги нафратни кўриб, ўзимдан уялдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Аммо Гулхумор ҳам келиб кетди. «Бу ердан чиқсангиз яна бирга яшаймиз», деяпти. «Йўқ, мен ўз оилам билан қоламан», дедим. «Нега энди? Болани туғдирдингиз, уни боқиш ҳам бўйнингизда», деди. Ҳилолага сездириб қўйманглар. Яна Гулхумор келиб тўпалон қилиб юрмасин. «Агар пулни жўнатишмаса элу халқ ичида шармандангни чиқараман», деди. Бошим қотган. Илтимос, ҳаммасини ўзинг назорат қилгин. Ойимга ётиғи билан тушунтир...»
Буниси ҳаммасидан ўтиб тушди. Бу гаплар элу халққа овоза бўлмаганди. Демак, ўғлининг айбини яшириш учун қайнонам ўша аёлга ҳар ойда пул бериб туракан-да... Қанчалар тубанлик. Албатта, у аёл ҳақ! Туғдиришни билган боқишни ҳам эплаши керак-да, деган ўй ўтди хаёлимдан. Бироқ на қайнопамга, на қайнонамга бирор сўз демадим. Бу қисматим учун улар айбдор эмас-ку, ахир...
Фарзандларимнинг отаси ҳукуматнинг амнистия қарори сабаб муддатидан аввал озод этилди. Бу пайтда севимли рафиқалар шодлигидан ер-у кўкка сиғишмайди. Бироқ менинг кўнглимдаги хавотир ва ҳадик янада кучайди. Хаёлан ўша аёлни уйимга кириб келиши ҳақидаги тасаввур қилардим.
Умр йўлдошим хонадонимизга қайтган кун байрам бўлди, гўё. Қайнота-қайнонам, болажонларимнинг кўзларида қувонч порларди. Биргина мен... маҳзун эдим. Хаёлимни бир савол айланарди: «Энди нима бўлади?» Тўғри, хиёнатга учраган фақат мен эмасман. Аксарият аёлларнинг кўнгил оғриғи бу. Аммо нима қилайки, вафосизликни бир онга ҳам ёдимдан чиқаролмасдим...
Тун борлиқни ўз забтига олган маҳал эрим билан ётоқхонада ёлғиз қолдик. Мен гаплашишни ҳам истамасдим. У эса аксинча...
- Қамоқдан қайтганим сенга ёқмади-я, - деб сўради, Ботир ака аста ёнимга чўкиб. Индамадим. - Мени кечир, Ҳилола, - дея қўлимдан тутишга уринди. Қўлимни тортиб олдим.
- Энди нима бўлади? - сўрадим ҳиссиз, совуқ оҳангда.
- Ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан... - юпатди эрим.
- Боласичи? Ўғлингиз... ахир гўдакда айб йўқ... - сўзларимдан бошини хам қилганча чуқур хўрсинди. - Иккимиз билан ҳам яшайверасизми?
- Йўқ! -жавоб тезда қайтарилди. - У билан яшамайман. Аммо бу ёғига нима қилишни ўзим ҳам билмайман... - гапларидан чорасиз ва пушаймон эканлигини англаш қийин эмасди.
Ҳамма нарсанинг давоси - вақт деганлар, рост айтишган экан. Вақт ўтиб жамики саволарга жавоб, жумбоқларга ечим топиларкан.
Қонуний никоҳ бўлмагани учун Гулхумор эримдан ортиқча нарса талаб қилолмади. Аммо боласи учун ҳар ой пул юбориб туришга келишди. Ҳарқалай, бевафогина ёрим менга у билан кўришмаганини тез-тез такрорларди.
Яратганнинг ёзмишини қарангки, эрим Гулхуморни бошқа эркак билан кўнгилхушлик қилаётганини кўриб қолибди. Жаҳли чиқиб, боласи ҳақида сўраган Ботир акага «Нима ишингиз бор?» дея жавоб қилибди. Энг қизиғи бола эримники эмас экан!
Бу ҳақда батафсил тўхталмоқчи эмасман, аммо эшитиб ғалати аҳволга тушганим рост. На қайғуришни, на қувонишни биламан. Ҳақиқат барибир бир кун юзага чиқаркан. Аммо дарз кетган кўнгилни қайта бутлаб бўлмас экан. Ҳозир Ботир акам атрофимда парвона, кўнглимга қарайди, лекин...
Азиз аёллар, ёр хиёнатига дуч келган бўлсангиз, Яратгандан ўзингизга бардош тиланг. Фарзандлар бекаму кўст бўлиши учун сабрдан либос кийиб яшашга тўғри келаркан. Болажонингизнинг отасиз мунгли қалби, ғамгин нигоҳи ёнида сизнинг изтиробларингиз ҳеч нарса эмас. Муҳими, оила бузилмасин. Мана кўрасиз, ҳаммаси ўз изига тушади. Фақат чидамли бўла олиш керак экан...
Ҳилоланинг сўзларини Сайёра АБДУЛАЗИЗ оққа кўчирди.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади