date
views 49

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев кўпмиллатли Ўзбекистон халқини қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан муборакбод этди.

«Мана шу ҳаяжонли, айни пайтда изтиробли дамларда инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон аждодларимизни ёд этиб, уларнинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда олтинга тенг дуолари, маслаҳатлари билан фаол иштирок этиб келаётган муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида қутлов ва ташаккурларимизни изҳор этамиз.

Ҳеч шубҳасиз, тинч ва фаровон ҳаёт посбонлари улуғланадиган ушбу мунаввар айёмда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир», дейилади табрик сўзида.

Қайд қилинишича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан зиёди учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган.

Мамлакат уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айлангани, республикамиздан жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилгани ўша суронли даврнинг яна бир унутилмас саҳифасини ташкил этади.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди, қисқа муддатда 280 та янги корхона бунёд этилди.

Халқ ғоят оғир ва мураккаб шароитда уруш ҳудудларидан ўлкамизга олиб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани бағрига олиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатди.

«Тарих китобига муҳрланган бундай мисолларни бугун яна бир бор эсга олар эканмиз, ҳар қандай вазиятда ҳам инсоний эътиқодига содиқ қолган олижаноб ва бағрикенг халқимизнинг буюк гуманистик фазилатларига таҳсин ва тасаннолар айтамиз», дейилади табрик сўзида.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда қаҳрамон аждодлар ҳаёти ва фаолияти, мардлик ва матонатини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни уларнинг шонли анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича кўп ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи, ҳудудлардаги “Ватанпарвар” боғлари муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу табаррук масканлар қисқа муддатда барча юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар учун қутлуғ зиёратгоҳларга айланган. Ғалаба боғи ҳудудида она юрт қалқонлари шарафига барпо этилган яна бир тарихий ёдгорлик – Миллат фидойилари мажмуаси ҳам, ҳеч шубҳасиз, ғоят муҳим аҳамиятга эга.

«Ишончим комил, юзлаб марҳум баҳодир ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилган ушбу муҳташам бадиий обида эл-юртимиз чин дилдан интиладиган ва фахрланадиган яна бир мўътабар маскан бўлиб қолади», дейилади табрик сўзида.

Таъкидланишича, бугунги кунда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя ҳаётга тобора чуқур кириб бормоқда. Бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари ва “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилгани муҳтарам фахрийларимизга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур кўмак ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.

«Албатта, биз бугунги тинч, озод ва эркин ҳаёт учун ўзининг азиз жонини ҳам аямасдан курашган бундай фидойи инсонларнинг олдида доимо қарздормиз. Улар бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг меҳрини, эътиборини ҳис қилиб яшайдилар. Азиз ва муҳтарам юртдошлар! Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, диёримиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш йўлида қаҳрамон ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби, куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Ушбу унутилмас айёмда сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман», дейилади табрик сўзида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклади