Ҳижобсиз юрган аёллар қамоққа олиниши мумкин — “Толибон”

Ҳижобсиз юрган аёллар қамоққа олиниши мумкин — “Толибон”

Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида “Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бошқармаси аҳолига янги огоҳлантириш билан мурожаат қилди. Унда оилалар аёлларнинг белгиланган кийиниш қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлаши шартлиги қайд этилган. Акс ҳолда, ҳуқуқий чоралар кўрилиши ва ҳибсга олиш ҳолатлари юз бериши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий манбалар ва қўлга киритилган ҳужжатларга таяниб, AmuTV хабар қилди.

Нашр эълон қилган ҳужжат нусхасига кўра, эркаклар ўз оиласидаги аёлларнинг кўчага ҳижобсиз чиқишига йўл қўймаслиги лозим. Қуйидаги ҳолатларда аёллар “Толибон” ахлоқ полицияси томонидан қўлга олиниши ва махсус аёллар қамоқхонасига жойлаштирилиши мумкин:

  • кўчада рўмолсиз юрса;

  • юзи очиқ ҳолда бўлса;

  • тор кийимда кўринса;

  • пардоз воситаларидан фойдаланган бўлса.

Ҳужжатда бу талаблар “Толибон”нинг ахлоқ қонунига асослангани таъкидланган. Унга кўра, оиладаги эркак васийлар аёлларнинг белгиланган кийиниш меъёрларига амал қилиши учун бевосита масъул ҳисобланади. Қоидалар бузилса, ҳуқуқий чоралар қўлланиши ва аёлларни ҳибсга олиш мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, буйруқда талабларни бажариш ҳамда эркак қариндошларнинг жавобгарлиги қатъий белгиланган. Қоидаларга амал қилмаган шахслар қўлга олиниб, “Толибон” суд органларига топширилиши мумкин.

Маълум қилинишича, мазкур қарор Ҳиротда тарқалган аудиоёзув ортидан маълум бўлган. Маҳаллий манбаларнинг билдиришича, аудиоёзув “Толибон” ахлоқ полициясига тегишли бўлиб, унда бу чора маҳаллий йиғилишдан кейин қабул қилингани ва 6 июндан кучга кириши айтилган.

Аудиода маҳалла фаоллари ва масжид имомларига янги талаблар ҳақида аҳолини хабардор қилиш вазифаси юклатилгани ҳам қайд этилган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Ҳирот шаҳрида аёлларнинг кийинишини назорат қилиш ишлари янада кучайтирилган. Бу мақсадда шаҳарнинг гавжум нуқталарида махсус назорат жойлари ташкил этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар