Тундаги хавфли пойга икки ёш йигитнинг умрига зомин бўлди

Тундаги хавфли пойга икки ёш йигитнинг умрига зомин бўлди
Аудио версияси

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси икки инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган икки йигит иштирокидаги хавфли пойга фожиа билан якунланди.

Ҳодиса 28 май куни тунги соат 23:50 ларда туманнинг Чақар маҳалласи ҳудудида юз берган. Маълум бўлишича, Damas ва Nexia автомобилларини бошқарган 17 ва 20 ёшли йигитлар ўзаро кимўзарга ҳаракатланган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, Damas автомобили рулида 2009 йилда туғилган, ҳали ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш ёшига етмаган ўсмир бўлган. Автомобилда ундан ташқари яна тўрт нафар тенгдоши ҳам бўлган.

Nexia ҳайдовчиси эса 2006 йилда туғилган бўлиб, у ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслиги аниқланган.

Тезлик ва эҳтиётсизлик оқибатида икки автомобиль иштирокида оғир автоҳалокат содир бўлган. Натижада Damas ҳайдовчиси ва Nexia автомобилидаги йўловчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган иштирокчилар турли даражада жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Маълум бўлишича, Nexia ҳайдовчиси аввалдан ҳам автомобил бошқариб юрган ва бу ҳолат маҳалла аҳолисига яхши таниш бўлган.

Ҳодисадан сўнг маҳаллада жамоатчилик иштирокида муҳокама ўтказилди. Унда ота-оналарнинг масъулияти, фарзандлар тарбияси ва назорат масалалари кенг муҳокама қилинди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар