Йўловчилар олдидаги уятсизлик учун 15 сутка берилди

Тошкент шаҳрида жамоат транспортида одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузган эркак маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, жамоатчилик орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълум қилишича, воқеа 3 июнь куни эрталаб соат 09:45 атрофида 42-йўналиш бўйича ҳаракатланган автобус салонида содир бўлган.
Аниқланишича, 48 ёшли фуқаро Т.С. йўловчилар олдида жамоат тартиби ва ахлоқ меъёрларини менсимасдан, номақбул хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мазкур шахс қисқа вақт ичида аниқланиб, ушланган.
Ҳолат юзасидан Олмазор тумани ички ишлар бўлими томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг майда безорилик ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка оид моддалари асосида ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тўпланган материаллар судга тақдим этилди. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.





























Изоҳлар 0
…