Ўзбекистонда 4 минг йиллик сирли жарроҳлик излари топилди

Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалар давомида олимларни ҳайратга солган ноёб топилма аниқланди. Бронза даврига мансуб бўлган беш ёшли боланинг бош суягида қадимий жарроҳлик амалиёти излари топилди. Мутахассислар ушбу топилманинг ёши тахминан 4 минг йил эканини маълум қилди.
Тадқиқотчилар фикрича, мазкур кашфиёт нафақат Марказий Осиё, балки бутун Осиё ҳудудидаги энг қадимги жарроҳлик амалиётларидан бирига оид муҳим далил ҳисобланади.
Ноёб топилма Жарқўтондан аниқланди
Италия ва Ўзбекистон олимларидан иборат илмий гуруҳ Шимолий Бақтрия ҳудудида, Афғонистон чегарасига яқин жойлашган қадимги Жарқўтон манзилгоҳида қазиш ишларини олиб борган. Натижада тахминан беш ёшда вафот этган боланинг скелети топилган.
Қизиғи шундаки, у яна бир кичик ёшли бола билан бир қабрга дафн этилган бўлган. Археологлар мазкур дафн жойини милоддан аввалги учинчи минг йиллик охирига мансуб деб баҳоламоқда.
Қадимги тиббиётнинг ноёб намунасими?
Текширувлар давомида боланинг бош суягида трепанация — яъни бош суягини махсус усулда тешиш амалиёти излари аниқланган. Олимларнинг тахминича, бу жараён тош ёки суякдан ясалган асбоблар ёрдамида амалга оширилган бўлиши мумкин.
Қадимги даврларда бундай амалиётлар турли касалликлар, жумладан, тутқаноқ, кучли бош оғриқлари ёки руҳий хасталикларни даволаш мақсадида қўлланган бўлиши эҳтимол қилинади. Шу билан бирга, айрим тадқиқотчилар бу каби жараёнлар диний маросимлар билан ҳам боғлиқ бўлган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Олимларни ҳайратга солган кашфиёт
Қазишма ишларига раҳбарлик қилган Саленто университети археологи Энрико Аскалоненинг таъкидлашича, тўрт минг йил аввал Марказий Осиёда ёш болада шундай мураккаб амалиёт ўтказилгани илмий жамоатчилик учун катта янгилик бўлди.
Мутахассислар айниқса операциянинг айнан болада бажарилганига эътибор қаратмоқда. Чунки бу ҳолат ўша даврда инсон анатомияси ва жарроҳлик бўйича муайян билимлар мавжуд бўлганини кўрсатиши мумкин.





























Изоҳлар 0
…